Табиатда турли касалликлар, турли дардлар бор. Уларнинг баъзиси ўта юқумли бўлиб инсон ўлимига олиб келса, айримларини даволаш мумкин. Бироқ, қутуриш-барча иссиқ қонли ҳайвонларда ва одамларда учрайдиган бедаво ўта хавфли юқумли касаллик ҳисобланади. Жорий йилнинг 28 январидан 28 февралига қадар вилоятда "Қутуриш касаллигининг олдини олиш ва унга қарши курашиш ойлиги", деб эълон қилинган.
Ушбу касаллик ҳақидаги саволларимизга жавоб олиш мақсадида вилоят давлат санитария-эпидемиология назорат маркази бош шифокори Рустамжон Ҳамроқуловга мурожаат қилдик.
- Ўзбекистонда одам учун касалликнинг асосий манбаи - итлар ҳисобланади. Касаллик ҳайвонлардан ҳайвонларга ва ҳайвонлардан одамларга юқади. Эътиборли жиҳати, қутуриш одамдан одамга ва одамлардан ҳайвонларга юқмайди. Қутурган итда касаллик аломатлари рўёбга чиқишидан 10 кун олдин, яъни касаллик яширин даврининг охирги 10 кунида ҳамда касаллик бошланганидан токи ўлгунга қадар юқумли ҳисобланади.
Тиб илмининг султони Абу Али ибн Сино ўзининг "Тиб қонунлари" асарида сувдан қўрқа бошлагач бирорта ҳам беморни даволаш йўли билан ўлимдан олиб қолиб бўлмаслигини таъкидлаган. Бу касалликда бошқа юқумли касалликларда кузатилмайдиган сувдан қўрқиш, ҳаводан қўрқиш каби аломатлар кузатилади ва бемор жуда қийналиб вафот этади. Ўтмишда бу касалликка "сувдан қўрқиш", яъни "гидрофобия" деб бежиз ном берилмаган. Ҳақиқатдан ҳам қутуриш билан ҳайвон касалланадими ёки одам касалланадими, якуни аниқ - даҳшатли ўлим.
Шу боис касалликни даволашни эмас, балки унинг олдини олишни ўйлаш керак. Бу билан нафақат ветеринария ва тиббиёт соҳаси ходимлари, балки барча, ҳар бир киши шуғулланиши лозим. Хусусан, қутуриш касаллигининг олдини олишда, ҳайвонларни, айниқса итларни сақлаш қоидаларига риоя қилиш, одамларда қутуриш касаллигининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.
Минг афсуски, аксарият фуқаролар ит сақлаш қоидаларига риоя қилмайди. Итларни ўз вақтида ветеринария кўригидан ўтказмайдилар. Қутуриш касаллигига қарши эмлатмайдилар. Итлар тишлашидан жабр тортаётганларнинг 80 фоизидан кўпроғи айнан эгали итларга тўғри келаётганлиги ҳам фуқароларнинг ит сақлаш қоидаларига риоя қилмаётганликларидан далолат беради.
Баъзи фуқаролар уйларидаги ити касал бўлса ёки уни боқа олмаса, ё бўлмаса бирор кишини тишласа, итларини кўчага ҳайдаш, яшаб турган жойидан узоқроқ жойга итни адаштириб келиш билан чекланади. Шундан кейин бу итлар қаровсиз, дайди итларга айланиб қолади. Бу дайди итлар эса қутуриш касаллигининг асосий манбаи сифатида атрофдагиларга жуда катта хавф туғдиради.
Ит вақти-бемаҳал ҳуриб, кишиларни безовта қилади. Бўшалиб кетган итлар эса, кишиларни қопиб олиши, турли жароҳатларга, касалликларга ва ҳатто қутуриш касаллигига чалинишига сабаб бўлиши мумкин. Ит баъзида одамлар учун "ажал" қуролига айланиб қолиши мумкинлигини ёддан чиқармаслик даркор.
Статистика маълумотларига кўра, "тишланиш"ларнинг 50 фоиздан ортиғи болаларга ва ўсмирларга тўғри келади. Ота-оналар болаларни итлар билан, айниқса кўчадаги дайди, қаровсиз итлар билан ўйнашларига, уларни уйга олиб келишларига зинҳор йўл қўймасликлари керак.
Шу ўринда савол туғилади: бедаво қутуриш касаллигидан сақланиш учун нималар қилиш керак?
Жавоб оддий, ҳар бир фуқаро қутуриш касаллигининг олдини олиш бўйича қуйидаги олтин қоидаларга амал қилиши кифоя:
- ит сақлаш қоидаларига мунтазам амал қилиш;
- итларни ҳудудий ветеринария бўлимларида ўз вақтида ҳисобга қўйиб, қутуришга қарши эмлатиш;
- эгасиз, дайди итлар пайдо бўлишига йўл қўймаслик;
- ҳар бир инсон умрининг охиригача эсидан чиқармаслиги зарур бўлган асосий қоида бу - имкони борича ит ва бошқа ҳайвонлар тишлашидан сақланиш чораларини кўриш;
- борди-ю бирор бир ҳайвон тишласа, зудлик билан тиббий ёрдамга мурожаат этиш ҳамда қутуриш касаллигига қарши эмлатиш даркор.
Санжарбек ҲАМИДОВ ёзиб олди.