Нафас йўллари ўткир вирусли юқумли касалликларининг 50 фоизидан кўпроғини грипп ташкил этади. Грипп вируси А турининг касаллик чақириш хусусияти қолганларига қараганда кучлироқ, яъни уни бошидан кечирган беморларда қисқа муддатли иммунитет қолади.
Бемор аксирганда, йўталганда ва ҳатто сўзлаганда ҳам ҳавога миллионлаб вирусларни чиқаради. Шубҳасиз бундай ҳаводан нафас олган одамлар ва болалар ўзларига вирусни юқтириб оладилар. Шунинг учун грипп бемор билан бир хонада яшаган, ишлаган, йўловчи транспорт салонларида ва кино-концерт залларида бўлган одамлар эҳтиёт чораларини кўришлари шарт. Хона қанчалик тор ва шамоллатилмаган бўлса, соғлом одамларнинг касалланиш эҳтимоли шунчалик кўпаяди.
Гриппга чалинган инсонларни уй шароитида даволашда қуйидаги тавсияларга амал қилиниши лозим.
- Беморни алоҳида хонага жойлаштириб, иссиқ тўшакка ётқизинг. Сочиқ, дастрўмол, идиш-товоқларини алоҳида қилинг. Хоналарни тез-тез шамоллатинг, кунига 3 маҳал исириқ тутатинг. Хона ҳарорати 20-22 даражадан кам бўлмаслигини таъминланг;
- Кўп миқдорда суюқликлар, лимонли чой, наъматак дамламасини ичиринг. Мурчли суюқ, иссиқ овқатлар тайёрлаб беринг;
- Врач келгунича антигриппин, ремонадин, афлубин дориларидан бирортасини беринг;
- Беморнинг аҳволи оғирлашса, гриппга бошқа касалликлар қўшилса ёки олдинги сурункали касалликлар қўзғаса, ўзингиз яшаётган ҳудудингиздаги тиббиёт муассасаларига ёки «Тез ёрдам»га мурожаат қилинг.
Шунингдек, халқ табобатидаги гриппга қарши кураш усулларини ҳам қўллашингиз мумкин.
Улар пиёз ва саримсоқ ширасини бурунга томизиш, мойчечак (ромашка) ва далачой (зверобой) дамламалари билан томоқни ғарғара қилиш. Беҳини асал билан духовкада пишириб бериш, ўртача катталикдаги анорни хўл матога ўраб духовкада бир соат қиздирилгач, шираси сиқиб олиниб, ундан кунига уч маҳал 30-40 граммдан ичириш, 2 ош қошиқ спирт ва бир ош қошиқ сирка аралаштирилиб бадан мушакларини артиш, беморга малинали чой, кўп миқдорда қайнатилган илиқ сув ичириш кабилардан иборат.
Шуни унутмангки, грипп билан оғриган беморнинг ванна қабул қилиши, ҳаммомда чўмилиши, бошини ювиши, спиртли ичимликлар ичиши қатъиян ман қилинади.
Абдуллажон ЮНУСОВ,
олий тоифали инфекционист-врач.