Овқатдан заҳарланиш- ўткир, жуда тез ривожланувчи касаллик. Уни потаген бактериялар келтириб чиқаради. Бу бактериялар асосан озиқ-овқатларда учраб, ўзидан экзотоксин ҳосил қилади. Организмга тушгандан сўнг ошқозон-ичак трактининг бузилиши (гастрит ва гастроэнтерит) ҳамда сув-туз мувозанатининг бузилишига олиб келади.

Овқат инфекциясининг қўзғатувчиси табиатда кенг тар­қалган бўлиб, у ҳамма жойда ва жонзотларда учрайди. Бош­қача айтганда, одамларда, ҳайвонларда, тупроқ, сув, ҳавода мавжудлиги кузатилган. Аммо етарли муҳитсиз касаллик келтириб чиқара олмайди. Агар озиқ-овқат ишлаб чиқарувчи ходимларнинг терисида йирингли касалликлар (piodtrmiya, panarisi) ва ангина, риофарингит, пневмония бўлса,  тарқалиши кўпаяди. Ҳайвонлардан  сигир, эчки ва қўйларнинг маститга чалинишидан рўй беради. Касалликнинг асосий юқиш йўли озиқ-овқат орқали. Факт­ларга қараганда, қаттиқ-яъни колбаса, тухум, гўшт, балиқ  консервасида, суюқ, яъни суп, сут, компот, кисел, квас, лимонад, пиво, коктейл кабилар инфекция тарқатиш воситасига айланади.

Яширин даври 30 дақиқадан 24 соатгача (ўртача 2 - 6 соат) ривожланади. Хасталик ўткир бошланади. Беморларда  кўнгил айниш, чан­қаш, қайт қилиш белгилари билан бирга қоринда қаттиқ қайталанувчи оғриқнинг кучайиб бориши, дам бўлиши, ичнинг сурилиши юз беради. Ичнинг кетиши энтеретик бўлиб, 1-суткада 10-15 маҳал, силлиқ ва қон аралаш бўлади. Шу билан бирга касалларда кучли оғриқ туради. Тана ҳарорати кўтарилади. Қалтираш, кучли бош оғриғи, камқувватлилик, тинка-мадорнинг қуриши сезилади. Тана ҳарорати 39 даражага кўтарилиб, 24 соатда меъёрлашади. Беморнинг таш­қи кўринишида рангининг оқариши, оғиз-бурун учбурчагининг кўкариши, озиш, тилнинг оқ-кулранг карач қоплаши, қорин пайпасланганда эпигастрал соҳада кучли оғриқ, орқа пешовда ачишиш ва оғриқ ҳолатлари пайдо қилади.

Овқатдан заҳарланишнинг олдини олиш учун шахсий гигиена қоидаларини унутмаслик керак. Аниқроғи, овқатланишдан олдин, албатта қўлни совунлаб ювиш, мева-сабзавотларни қайнатилган сувда чайиб, истеъмол қилиш лозим. Айниқса, эмизикли боласи бор оналар покизаликка эътиборлироқ бўлишлари керак. Болага бериладиган овқат бир марта истеъмол қилишга етарли бўлсин. Иккинчи марта иситиб бериш қатъиян ман қилинади. Болани эмизиш ёки овқатлантириш олдидан ҳам қўлни совунлаб ювиш муҳим.

Патоген бактериялар келтириб чиқарадиган инфекция билан касалланган беморни дарҳол врач кўригига олиб бориш, унинг иложи бўлмаса, беморнинг ошқозонини ювиш ва тозаловчи клизма қилиш лозим. Кейинчалик кечикмасдан касалхонага ётқизиш шарт.

Жакбарали ҚУРБОНОВ,

Янгиқўрғон ТТБ бошлиғи.