Ковул қадимдан табобатда турли касалликларни даволаш учун ишлатилиб келинган. Уни илдизини Ибн Сино астма (нафас қисиши), меъда-ичак касалликларини ва ифлос яраларни даволашда, бош, тиш, қора жигар оғриғида оғриқ қолдириш ҳамда сийдик ҳайдовчи восита сифатида ва гижжаларни организмдан туширишда қўллаган. Ковул ширасини Ибн Сино шол бўлганда ва мушаклар узилишини даволашда тавсия қилган.
Ковулларни, унинг гулларини узоқ даврлардан бери грек ва римликлар таом тайёрлашда ишлатишни бошлаганлар. Гул шоналари ва гулларидан ташқари, истеъмолга яроқли ёш новдаларигача ҳам сотувга чиқарилган экан.
Антик даврларда ковулардан уларнинг ўзига хос ўткир ҳиди сабабли овқатланишдан олдин иштаҳани очувчи яхна таом (закуска) сифатида фойдаланганлар. Базмларда бир таомни ейишгач, хазмни яхшилаш мақсадида иккинчиси олдидан яна ковуллардан оз-оз истеъмол қилишган. Кейинчалик ковуллардан "пазандачилик" ва "тиббий" мақсадларда фойдалана бошланган. Чунки, у кўплаб истеъмолга яроқли ўсимликлар энзим, витамин ва минерал моддаларга бойдир.
Ковул гулшоналарини истеъмол қилишда шунга эътибор бериш лозимки, таркибида юқори даражада кверцетин моддасини сақловчи бошқа турдаги сабзавот ва мевалар билан биргаликда истеъмол этиб бўлмайди.
Ковулнинг фойдалилиги шундаки, паст калорилидир. Таркибида холестерин миқдори минимал даражада бўлиб, катта миқдорда озуқа толалари, оқсил, фойдали витамин ва минераллар, ёғ кислоталари ва эфир мойларини сақлайди. Маҳсулот таркибида витамин С, Калций ва магний, калий ва натрий, фосфор ва темир бор. Яллиғланишга қарши восита ҳисобланади. Оғриқ қолдирувчи хусусиятга эга. Микробларга ва саратонга қарши таъсирга эга. Сўзимизнинг давоми сифатида қуйида ковулни организмга фойдалари тўғрисида алоҳида-алоҳида тўхталиб ўтамиз.
Косметологияда ковул ёшлик ва чиройни сақловчи ажойиб ҳимоя воситаси. У хлорофилга бой бўлиб яшил пигменти кучли табиий антиоксидант ҳисобланади. Гул шоналари ўзининг даволовчи хусусияти билан қон айланишини яхшилаб, терига софлик, тетиклик беради. Косметологияда дамламаси ва мойи ишлатилади. Таркибида фойдали моддаларни сақлаганлиги туфайли организмда қариш жараёнини секинлаштиради. Айниқса, терига таранглик ва соғломлик бахш этади.
Испанлар қадимдан ултрабинафша нурлар таъсирига қарши восита сифатида юз ва терини намлаш учун ковуллардан фойдаланишган.
Ковул гўштли таомларни севувчиларнинг энг яхши дўстидир. Итальян олимларининг тадқиқотларига асосан, ковул таркибидаги антиоксидантлар организмда хазм бўлган гўштни оксидловчи, таъсирини бартараф этишга ёрдам беради.
Ковул - саратонга қарши восита. Простата бези саратони касаллигида кучли антиметастатик хусусиятларга эга бўлган ковулларнинг таркибида янги кашф этилган стахидрининг фитокимёвий бирикиши, олимларнинг алоҳида қизиқишига сабаб бўлган. У саратон ҳужайраларини ўсиши ва кўпайишига тўсқинлик қиладиган генетик даражага эгадир. Бу илмий янгилик саратонга қарши самарали таъсирга эга дори воситаларни ишлаб чиқариш учун ҳақиқий илмий ёритиш бўлди.
Ковулларнинг экстракти қон томирларини кенгайтиради. Шунинг учун гипертония билан оғрийдиган беморлар учун жудаям фойдалидир. У жудаям юқори қон босимини туширишга хизмат қилади. Афсусланарли томони, юрак хасталигини даволашда таркибида кўп миқдордаги тузнинг борлиги сабаб манирадланган ковуллардан фойдаланиш тўғри келмайди.
Ковул таркибидаги рутин капиллярлар мустаҳкамлиги ва ковушқоқлигини таъминлайди, шу сабабдан у гемморой ва сурункали веноз етишмовчилигида-томирларнинг варикоз кенгайиши, оёқлардаги оғриқлар ва томирларни кўкариб кетиши ва шишларни келтириб чиқарадиган касалликларни даволаши мумкин.
Гулшоналарида витамин К, калий, кальций ва магний моддалари бўлиб, суяк тўқимасини мустаҳкамлаб, остеопорознинг ривожланишини олдини олади.
Сўнгги илмий тадқиқотларда кўрсатилишича ковул организмни аллергенлар, ўсимлик чанглари, кимёвий моддалар чанглари таъсиридан ҳимояловчи кучли таъсир кучига эга экан.
Наргиза ХОЛИҚОВА,
НамМҚИ ўқитувчиси.