Тери-таносил касалликлари саёҳатчилар ва савдо-сотиқ билан шуғулланувчилар орқали бир қитъадан иккинчи қитъага, бир мамлакатдан иккинчисига тарқалади. Кафолатли ҳимояланмаган шундай касаликлардан бири ОИВ (ОИТС) ҳозиргача давосиз ҳисобланади. Касаллик томир ичига наркотик дориларни қабул қилишдан, пала-партиш жинсий алоқадан, касалланган онадан туғилажак болага ўтишидан, битта игнадан қайта фойдаланишдан юқади.

Бир бемор аёл билан ўзаро суҳбатлашиб қолдим. Айтишича у чет давлатга ишлаш учун борганида бир бегона эркак билан танишиб қолади ва муносабатлари яқинлашиб кетади.

Шу тариқа кўришиб, гаплашиб юришади. "Бахтли кун"лари сал кам бир йил давом этади. Уйига қайтаётганида ўзида қандайдир нохушликлар сеза бошлайди. Боши оғриб, ҳарорати кўтарилади. Териларига тошма тошади. Шифокорга боради. Қон таҳлиллари топширади. Нима қилсинки қонида ОИВ вируси борлиги аниқланади. Не-не надоматлар қилмасин энди кеч эди...

Мен мутахассис сифатида барча чет элга иш ахтариб борувчи опа-сингилларимга, акаларимга шундай деган бўлар эдим: Оила - фарзандларнинг тирикчилигини ўйлаб, пул топиш йўлида чет элга бордингизми, ўзингизни бундай жирканч ишлардан сақланг! Ўз бахтингизга, оилангизга путур етказманг!. Афсус - надоматлар чекиб қолманг!

Бундай беморнинг ҳаёти жамият тараққиёти учун ҳам катта муаммо. Палапартиш ва тартибсиз кун кечириш вақтинчалик нажот бўлиб кўринса-да, у аслида фожеадир. Бедаво дард - ОИТС касаллиги юқорида айтилганидек узоқ ва тинимсиз давом этишига қарамай, барибир унинг охири ўлим билан тугашини ҳар бир киши сира-сира унутмаслиги керак.

Мансуржон ПОЗИЛОВ,

вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази врач-эпидемиологи.

Дилшод ТОЖИБОЕВ,

врач.