Соғлом овқатланиш инсоннинг меъёрий ривожланишини, саломатлигини мустаҳкамлашни ҳамда касалликларнинг олдини олишини таъминловчи муҳим омилдир. Одам ҳар куни мунтазам равишда маълум бир вақтда овқатланиши зарур. Вақтида овқатланмаслик тана учун зарур бўлган маҳсулотларни етишмаслигига олиб келади. Натижада одам тез-тез шамоллайди, ақлий ва жисмоний ўсиши секинлашиб, нимжон бўлиб қолади. Камқонлик касаллиги юзага келади.
Организм нормал ўсиши, ривожланиши, фаол ҳаёт кечириши билан одамни кайфияти яхши бўлади. Ташқи омиллар таъсирига чидамлилик ҳосил қилиш, бунинг учун зарур озуқа моддалари - оқсиллар, ёғлар, углеводлар, витаминлар, минерал моддалар, микроэлементларга бой озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиб туриш зарур.
Табиатда организмнинг зарур моддаларга бўлган физиологик эҳтиёжини тўла тўкис таъминлай оладиган ягона маҳсулотнинг ўзи йўқ. Буни турли хил озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб беради. Маҳаллий шароитда етиштирилган мева ва сабзавотлар нормал ҳаётни таъминлайдиган витамин ва микроэлементларга бойдир. Бундан ташқари нон ва дон маҳсулотларини истеъмол қилиб туриш ҳам ғоят фойдали.
Овқат тайёрлашда ҳайвон ёғлари ўрнига ўсимлик ёғларини ишлатинг. Сабаби ўсимлик ёғи таркибида холестерин моддаси бўлмайди. Шунинг учун ҳазми енгил кечади. Гўшт ва гўшт маҳсулотларини ёғсиз ҳамда дуккакли ўсимликлар, балиқ, товуқ маҳсулотлари билан алмаштиринг. Улар оқсил ва В гуруҳи витаминларни осон ўзлаштирувчи темир ва руҳнинг асосий манбаи ҳисобланади.Бу маҳсулотларни қовурмасдан димлаб, қайнатиб ёки буғда пишириб истеъмол қилинса, организм учун керакли бўлган витаминлар кўпроқ сақланиб қолади.
Ёғ миқдори кам бўлган сут ва қатиқ, сузма, творог, пишлоқ каби маҳсулотларини кунлик овқатлар қаторидан ўрин олиши, кўпроқ истеъмол қилиниши организм учун ғоят фойдали.
Шакар ва қандни камроқ истеъмол қилинг. Таркибида қанд моддаси камроқ бўлган маҳсулотларни танланг, ширинликлар ва ширин ичимликлар миқдорини чегараланг.
Тузни ортиқча истеъмол қилманг. Сутка давомида туз миқдори бир чой қошиқдан ошмаслиги керак. Чой ўрнига табиий шарбатлар, шакарсиз компот ёки қайнатилган сув ичиш мақсадга мувофиқ. Чойни овқат билан қабул қилиш асло ярамайди.Унинг таркибида мавжуд бўлган танин овқадаги темир моддасини сўрилишини тўхтатади.
Тўғри овқатланиш болалар ва ўсмирларнинг соғлом ҳамда баркамол бўлиб ўсишининг муҳим шарти ҳисобланади. Шу билан бирга овқатланишда бир неча қоидаларга риоя қилиш зарур:
- ҳар доим ўз вақтида овқатланишга;
- барча истеъмол қилинаётган овқат маҳсулотлари тоза ҳолатда, белгиланган муддати даврида ва етарли даражада техник қайта ишловдан ўтган бўлиши керак;
- доимо яхши кайфиятда иштаҳа билан овқатланиш тавсия этилади;
- овқатнинг ташқи кўриниши чиройли бўлиши, унинг ранги, ҳиди, кўриниши одам иштаҳасини очиши даркор;
- овқатланаётганда иложи бўлса яхши воқеа ва ҳодисалар тўғрисида фикрлаш ва гаплашиш лозим;
- истеъмол қилинаётган овқат маҳсулотининг ҳарорати меъёрида бўлишига эришиш шарт;
- истеъмол қилинган овқат организмда нохушлик келтириб чиқарса, кўнгил айниш, қусиш, оғриқ ёки бошқа белгилар пайдо бўлса, албатта, шифокорга мурожаат қилиш зарур ва кейинги овқатланиш тартиби тўғрисида маслаҳатлар олиш керак бўлади.
Оқила ЗОКИРОВА,
ЖСваССТЭИТИ
Наманган бўлинмаси
Соғлом турмуш тарзини шакллантириш
бўлими илмий ходими.