Ҳар бир ота-она фарзандининг аъло ўқиб, келажакда турли фан олимпиадаларида қатнашиб, фахрли ўринларни эгаллашини, ўз касбининг етук мутахассиси бўлиб етишишини истайди. Шу боис ўғил-қизнинг 1-синфга қадам қўйиши ҳар бир ота-она учун катта бахт ҳадя этади. Албатта, бу жараёнда боланинг мактабга тайёргарлиги муҳим саналади. Яъни мактаб ёшига етишида унинг жисмоний, руҳий ва ақлий ривожланиши, айниқса, саломатлиги мустаҳкам бўлиши зарур. Бир сўз билан айтганда, боланинг ўсиши ва ривожланиши қанчалик ёшига монанд бўлса, шунчалик мактаб ҳаётига мослашуви осон кечади.
Маълумки, ўсиб келаётган ёш авлоднинг ҳар қандай янги шароитга мослашувида оиладаги соғлом муҳит ҳал қилувчи омил ҳисобланади. Чунки унинг дастлабки тасаввурлари, ён атрофдагилар билан мулоқот қилиш кўникмалари, аввало, оилада шаклланади. Шунинг учун ота-онанинг берган тарбия ва кўникмалари боланинг таълим жараёнидаги қоидаларга, унинг янги бўлган шароитга тезда мослашишига ёрдам беради. Мактаб ҳаёти, кун тартиби бола учун ўзига яраша доимий равишда жисмоний ва ақлий юклама куч талаб этади. Бунинг учун соғлом овқатланишга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Кундалик таомномада гўшт ва сут маҳсулотлари, витаминга бой мева-сабзавотлар бўлиши керак. Шахсий гигиена қоидалари ҳамда кун тартибига қатъий риоя қилиш зарур. Агар бола суткасига 8 соатдан кам ухласа, дарс пайтида чарчаб мудраши ва ўқув машғулотларини ўзлаштиришда қийналиши мумкин. Бу ҳолат кузатилмаслиги учун жисмоний фаол бўлиш, яъни эрталаб бадантарбия билан шуғулланиш, сузиш машғулотларига қатнаш, тоза ҳавода сайр қилиш, велосипедда учиш тавсия этилади.
Шунингдек, болани руҳан тайёрлаш ҳам алоҳида эътиборда туриши шарт. Ўқув қуролларини харид қилаётганда унинг ўзи танлашига имкон бериш мақсадга мувофиқ. Ота-оналар болада меҳнатсеварлик, сабр-тоқат ва ҳар бир ишга жиддий ёндошиш ҳиссини шакллантириши лозим. Бошлаган ишини охирига етказиш кераклигини ўргатиш унинг дарс тайёрлашда масъулиятли бўлишини таъминлайди. Уй вазифасига ёрдам бериш, кейинчалик ўзи мустақил бажаришини назорат қилиш муҳим.
Агар ота-оналар мослашиш даврида фарзандига ишонч билдирмаса ва ижобий муносабатда бўлишмаса, унда қўрқув ва хафсаласизлик пайдо бўлишига йўл очилади. Дарсдан сўнг бола билан шуғулланиш, унга вақт ажратиб, турли ўйинлар ўйнаш, унинг дунёқарашини шакллантиришига ёрдам беради. Эртаклар ўқиш, ҳикоялар гапириб бериш боланинг нутқини равон, хотирасини мустаҳкам қилади. Боланинг мактаб ҳаётига жисмоний ва руҳий тайёргарлиги унинг таълим муассасасида таҳсил олишида муваффақиятли кечишига ёрдам беради. Шундай экан, ота-оналар ушбу жараёнга бефарқ бўлмай, жиддий ёндашишлари, фарзандлари билан астойдил шуғулланишлари зарур.
Ирода МУСАЕВА,
ЖСваССТЭИТИ Наманган
бўлинмаси директори.
Оқила ЗОКИРОВА,
валеология ва соғлом турмуш тарзини шакллатириш
бўлими илмий ходими.