лекин унинг олдини олса бўлади

Шошилинч тиббий ёрдам бўлимига нав­батдаги оғир бемор олиб келинибди. Тунги навбатчиликда эдим, ўша заҳотиёқ чақиртиришди. "Доктор, сизнинг касалингиз экан" дейишди. Эллик ёшлардаги йигит беҳуш ётарди. Бир қўли ва бир оёғи гўё жонсиздай. Бундай пайтда иккиланишга ҳам ўрин қолмайди. Ташхис аниқ - мия инсульти. Дастлабки дори-дармонларни белгиладим. Ҳамширалар муолажага киришиб кетишди. Беморнинг аҳволи оғирлиги учун уч-тўрт соат ўзгаришларни кузатиб ёнида тонг оттиришга тўғри келди. Қачонки, йигит кўзларини очганда кўнглим ўрнига тушди. Бироқ, қўл ва оёғи ҳамон ўша ҳолатда эди. Энди анча вақт даволаш керак бўларди ва шундай ҳам қилинди. Даволашга қарамай, унда касаллик асоратлари оз бўлса-да қолди. Агар, ҳа, агар бу йигит соғ­лиғига ўз вақтида эътибор берганида вақтинча ногирон бўлиб қолмасди, азоб ҳам чекиб юрмасди.

Юқоридагидек кўнгилсизликнинг олдини олиш учун эса, аввало мияга қон қуйилишига сабаб ҳолатлардан сақланиш шарт. Шу боис, мия инсульти ва унинг профилактикаси тўғрисида фикр юритишни лозим топдик.

Инсульт зарб маъносини англатади. Бу тиббиётда мия қон айланишининг ўткир бузилишини билдиради. Ҳозир дунёда юрак, онкологик ва инсульт хасталиги жуда кўпайган. Йилига 9 миллион киши миясида инсульт­ни бошдан кечирмоқда. Енгил ўтиб кетсаю хўп-хўп, оғири фалокатли. Яъни инсультларнинг тенг ярми ҳаётдан бевақт кўз юмаётир. Асосан 50-60 ёшлардаги эркак ва аёлларда кўп учраса-да, кейинги пайтларда 30-40 ёшлилар ҳам азият чекишяпти. Хасталик ёшар­япти, десак асло хато қилмаймиз.

Аслида инсультга кўпроқ бошқа касалликлар сабаб бўлади. Масалан, қон босими, атеросклероз, қандли диабет, юрак хасталиклари, грипп ана шулар жумласидандир. Чекиш ва спиртли ичимликлар ичиш ҳам ўта зарарли.

Олдини олиш учун қон босимига чалинмаслик керак. Ҳар бир киши фасл алмашаётган пайтда ўз соғлиғига бепарво қарамаса, врачларга учраб, қон босимини ўлчатиб, юқорилиши аниқланса, тезда даволанишни бошласа, фақат ютади. Саломатлигини сақлашга эришади. Қоннинг қуюқлигини 80-95 фоизгача меъёрида дейиш мумкин. Ундан ортса зудлик билан суюлтирувчи муолажаларга киришилгани маъқул. Қон босими 90Ғ140 дан юқориласа, меъёрни сақлашга ҳаракат қилинмаса, охири инсультга олиб бориш ҳоллари юз беради.

Касалликнинг асосий белгилари бош оғриғи, бош айланиши, уйқусизлик, толиқиш, хотира сусайиши, иш қобилиятининг пасайишидан иборатдир. Чунки ўша чоғда мияда қон айланиши бузилади. Бемор ҳушида бўлса, шифохонага эҳтиёткорлик билан олиб келиш зарур. Ётқизилган ҳолатда ортиқча қимирлатмасдан, секин-асталик билан муносабатда бўлиш талаб этилади. Агар ҳушини йўқотса, ўша жойнинг ўзидан силжитмасдан мутахассис врачни чақириш лозим бўлади.

Асорати: 80-90- фоиз ногиронликка олиб боради. Қўл-оёқ жонсизланиб, ҳаракат қилолмайди. Тил айланмай қолади. Сийиш, ич қилиш мунтазамлиги йўқолади. Энг ёмони ўлим билан тугашидир.

Инсультнинг 3 хили мавжуд:

1. Ишемик мия инфаркти. Бунда қон етишмайди.

2. Геморагик ҳолатда мия тўқималарининг орасига қон қуйилади.

3. Суб- арахнокдал турида мия пардалари оралиғига қон қуйилади.

Мия қон айланиши бузилишининг олдини олиш учун парҳезга алоҳида эътиборни қаратиш шарт. Қўй ва мол ёғи, сариёғ зарарли. Ўсимлик ёғига овқат тайёрланиши керак. Сут маҳсулотлари, олма, ўрик, олча, сабзи каби мева-сабзавотлар жуда фойдали. Ҳар хил мева шарбатларини кўпроқ ичиб юришни тавсия қиламиз. Овқатларда доимо кўкатлар бўлсин.

Инсультнинг олдини олишда қаттиқ кучанмаслик ва йўталмаслик, оғир нарсаларни кўтармаслик, бир турдаги иш билан эртадан кечгача шуғулланавермаслик, тез-тез туриб ўтирмаслик муҳим. Буларни асло унутманг!

Ёқубжон БОЗОРОВ,

Тўрақўрғон туман марказий

шифохонасининг олий тоифали

невролог-врачи.