БУНИ МУТОЛАА ҚИЛГАН КИШИ ЎЗ МАНФААТЛАРИ МУҲОФАЗАСИНИ
УНУТМАЙДИ ҲАМДА ЎЗГАЛАРНИНГ МАНФААТЛАРИГА ПУТУР ЕТКАЗМАЙДИ.
УШБУ УСЛУБИЙ ҚЎЛЛАНМА - ЛОЙИҲА ШУ ЖИҲАТДАН БАРЧАНИ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ ДОИРАСИДА ИШ КЎРИШГА ЙЎЛЛАЙДИ
IV. ИЛМИЙ-АМАЛИЙ ТИББИЁТ МАРКАЗЛАРИДА ДАВОЛАНИШ КИМЛАРГА БЕПУЛ?
Бу савол ҳам сиз - беморни қизиқтиради, албатта. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 21 майдаги 145-сонли "Республика иқтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари фаолиятини ташкил этиш масалалари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ Республика фтизиатрия ва пульмонология ҳамда педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказларида барча тиббий хизматлар ҳамма учун бепул қилиб қўйилган.
Республика фтизиатрия ва пульмонология марказига вилоят силга қарши кураш диспансери, "Пахталикўл" сиҳатгоҳи томонидан йўлланма берилади. Республика педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказига вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази томонидан йўлланма ажратилади. Республика ихтисослаштирилган дерматология ва венералогия илмий-амалий тиббиёт марказига вилоят тери-таносил касалликлари диспансери томонидан йўлланма тарқатилади. Республика терапия ва тиббий реаблитация илмий-амалий тиббиёт марказига вилоят кўптармоқли тиббиёт маркази томонидан имтиёзли йўлланма тақсимланади. Буларни олиш учун албатта беморлар тиббий текширувдан ўтиб, тегишли ва асосли ҳужжатларга эга бўлиши керак.
Юқоридаги қарорга кўра, Республика ихтисослаштирилган дерматология ва венералогия ҳамда терапия ва тиббий реаблитация илмий-амалий тиббиёт марказларида давлат бюджети маблағлари ҳисобига бепул тиббий ёрдам оладиган имтиёзли шахслар тоифасига қуйидагилар киритилган:
- 15 ёшгача бўлган болалар;
- чин етимлар;
- I ва II гуруҳ ногиронлари, болаликдан ногиронлар;
- 1941 - 1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва меҳнат фронти қатнашчилари, шунингдек уларга тенглаштирилганлар;
- ёшига кўра ишламаётган пенсионерлар;
- Чернобиль АЭСидаги аварияни бартараф этишда қатнашган ногиронлар;
- байналмилалчи жангчилар;
- 15 - 18 ёшдаги ўсмирлар ва чақирув комиссиялари йўлланмалари бўйича чақириқ ёшидаги (18-27) яшар шахслар;
- фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларидан нафақалар оладиган кам таъминланган оила аъзолари.
Яна Республика акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт марказига вилоят перенатал маркази томонидан йўлланма ажратилади. У ерда ҳам имтиёзли хизматлар учун ўринлар жорий қилинган. Унинг рўйхати Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган. Шунга кўра, патологияли ҳомиладор аёлларга, 15 ёшгача бўлган болаларга мавжуд ўринлар фонди ва марказ поликлиникаси даволаш қувватининг 20 фоизигача миқдорда имтиёзли бепул хизмат қўрсатилади.
Республика эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказида ҳам шундай имтиёз жорий этилган. У ерга вилоят эндокринология диспансеридан имтиёзли йўлланма олиш мумкин. Яъни вазирлик томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича эндокрин касалликлардан азоб чекадиган беморлар мавжуд ўринлар фонди ва марказ поликлиникаси даволаш қувватининг 30 фоизигача миқдорда йўлланма (ордер) ажратилади.
V. ОВҚАТ КИМГА ПУЛЛИЮ, КИМГА ПУЛСИЗ?
Шифохонга ётаётган бемор қабулхонада шундай саволни хаёлидан ўтказади, албатта. Кимдир ҳаммага овқат бепул берилади деб ўйласа, овқат тўлови ҳақида гап очилиши билан худди ноқонуний талабдай тушуниши ҳам мумкин. Бу борадаги тартиблардан бохабар бўлса, ҳеч қандай ўринсиз ранжишларга хожат қолмайди. Ана энди кимлар овқат пули тўлашдан озод этилиши ҳақида маълумот берамиз.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 5 февралдаги 31-сонли қарори билан шахслар (беморлар)ни даволаш-профилактика муассасаларида овқатланиш тўловидан озод қилувчи касалликлар рўйҳати, бу имтиёздан фойдаланадиган тоифалар аниқ ва равшан кўрсатиб қўйилган.
1. Ётиб даволаниш чоғида овқатланиш тўловидан озод қилинган касалликлар қуйидагилар: ОИВни юқтирганлар (ОИТС), онкологик, руҳий, юқумли, гиёҳвандлик, эндокринологик, нурланиш касаллигига чалинганлар, мохов, сифилис, сил касаллиги бор беморлар, шунингдек, шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш чоғида беморларнинг шифохонада бўлиши чекланган муддатларнинг тасдиқланган стандартлари бўйича реанимация тадбирлари ҳамда интенсив терапияни талаб этувчи касалликлар ва ҳолатлар, даражасидан қатъий назар камқонлик касаллигига чалинган ҳомиладор ва туққан аёллар.
Яна шуни эсдан чиқармаслик керакки, ушбу рўйҳат тиббий ёрдам пуллик асосда кўрсатиладиган тиббиёт муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари (ўз маблағлари) ҳисобига молиялаштириш шартларида фаолият юритувчи муассасалар, уларнинг бўлимлари ёки палаталарига тааллуқли эмас.
2. Овқатланиш тўловидан озод қилинадиган имтиёзли шахслар қуйидагилар:
- I ва II гуруҳ ногиронлари;
- болаликдан ногиронлар;
- 1941 - 1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва меҳнат фронти қатнашчилари, уларга тенглаштирилган шахслар;
- Чернобиль АЭСидаги ҳалокат оқибатларини тугатишда иштирок этганлар;
- чин етимлар;
- ваколатли органларда ҳисобда турувчи ёлғиз пенсионерлар;
- 18 ёшгача болалар;
- ўрта-махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари;
- чақириқ коммисиялари хулосаларига кўра мудофаа ишлари бўлимларининг йўлланмалари бўйича 18 ёшдан 27 ёшгача бўлган чақириқ ёшидагилар
- "Ўзбекистон Республикаси фахрий донори" кўкрак нишони соҳиблари;
- 1 ёшгача чақалоғи бўлган эмизикли оналар.
Юқоридаги имтиёз эгалари ҳам пуллик тиббий ёрдам кўрсатадиган муассасаларда тўловдан озод этилмайдилар.
Ҳурматли бемор. Агар Сиз овқат тўловини хоҳламасангиз, бунга ҳеч ким моънелик кўрсатмаслиги мақсадга мувофиқдир. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 31-сонли қарори бўйича даволаш-профилактика муассасаларида овқатга пул тўлаш тартиби қабул қилинган ва бемор ўз хоҳишига биноан овқатланиши учун (нонуштадан ташқари) пул тўлаши ёки овқатланишга пул тўлашдан қисман ёхуд бутунлай бош тортиши мумкин. Беморнинг овқатга пул тўлашдан бош тортиши даволаш муассасасига қабул қилмаслик учун асос бўла олмайди.
VI. ИМТИЁЗЛИ ДОРИ-ДАРМОНЛАР ОЛИШГА КИМЛАР ҲАҚЛИ?
Сиз врач қабулида бўлгач, қўлингизга керакли дори-дармонлар битилган рецеп тутқизишади. Дарддан фориғланиш учун уни олиб келиш ҳаракатига тушасиз. Агар қуйидаги имтиёзларга эга бўлсангиз, уларни бепул олиш ҳуқуқига эга бўласиз.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 22 июлдаги "Шахсларнинг айрим тоифаларини имтиёзли асосда дори воситалари билан таъминлаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 204-сонли қарорида имтиёзли дори воситаларини олувчи 13 тоифадаги беморлар кўрсатиб ўтилган. Улар:
1. Онкологик касалликларга чалинганлар;
2. Сил касаллигига чалинганлар;
3. Мохов касаллигига чалинганлар;
4. Эндокринологик касалликларга чалинганлар;
5. Руҳий касалликларга чалинганлар;
6. ОИВ касаллигини юқтирганлар;
7. Юрак клапанини протезлаш ва органларни кўчириш билан боғлиқ операция қилинган шахслар
8. Ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз пенсионерлар
9. 1941-1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек, уларга тенглаштирилган шахслар;
10. 1941-1945 йиллардаги уруш меҳнат фронти қатнашчилари;
11. Чернобиль АЭСидаги ҳалокат оқибатларини тугатишда қатнашган ногирон шахслар;
12. Байналмилалчи жангчилар;
13. Ҳарбий хизматни ядро полигонлари ва бошқа радиация - ядро объектларида ўтаган пенсия ёшидаги шахслардир.
Бунинг учун зарур ҳужжатлар бўлиши лозим. Бемор ёки ота-онаси ёхуд уларнинг ўрнини босувчи шахслар, қариндошлар, амбулаторияда даволаниш учун дори воситалари билан имтиёзли таъминланиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни кўрсатиши талаб этилади. У касаллик бўйича рўйхатга олинган жойи ёки тиббий хизмат кўрсатиладиган бошқа жойдаги амбулатория-поликлиника (ёхуд дорихона)га мурожаат қилиши мумкин. Имтиёзли дори воситалари бемор амбулатория тартибида даволанадиган поликлиникада даволовчи врачнинг кўрсатмаси бўйича бепул берилади.
Рецепт даволашнинг бир курсидан ортиқ бўлмаган миқдорда тиббий кўрсаткичлар бўйича ёзилади. У берилган кундан бошлаб бир ой мобайнида амал қилади.
Агар препарат топилмаса (бу ҳолат ҳам учраб туради). Янгидан ёзилган рецепт асосида фақат амбулатория поликлиника муассасасининг раҳбари, унинг ўринбосари билан келишилган ҳолда препарат бошқа номдаги дори воситасига синонимик алмаштирилишига рухсат этилади. Бунда рецептнинг орқа томонига ушбу дорининг мавжуд эмаслиги тўғрисидаги белги фармацевт ходими томонидан қўйилади. Ушбу хужжат кейинчалик, амбулаторияя поликлиникаси муассасига тақдим этиши учун беморга берилади.
Азиз бемор! Биз юқорида бепул тиббий хизмат ҳақида фикр юритдик. Энди қисқача пуллик хизматга доир маълумотларни ҳам етказамиз. "Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига асосан аҳолини тегишли ахборот ва маълумот билан таъминлаш кўзда тутилган. Шундан келиб чиқиб Соғлиқни сақлаш вазирлиги буйруғи билан барча тиббиёт муассасаларида пуллик тиббий хизмат кўрсатиш тартиб-қоидалари, хизмат турлари ва нарҳлари акс эттирилган ахборот бурчаклари ташкил этилган.
Маълум қиламизки, пуллик тиббий хизмат кўрсатувчи барча муассасалар Соғлиқни сақлаш вазирлиги ёки ҳудудий бошқармалар томонидан берилган рухсатномаларга эга бўлиши зарур. Пуллик тиббий хизмат кўрсатувчи муассасаларда фуқаролар билан шартнома тузилиши ва уларга хизмат ҳаққи - пул тўланганлиги тўғрисида квитанция берилиши шарт.
Манзура АБДУЛЛАЕВА.