Кейинги пайтларда касаба уюшма аъзолари бўлган соғлиқни сақлаш ходимлари томонидан муаммоли ҳолатлар юзага келаётгани учун улардан "Тиббиёт ходимлари малака ошириш курсларига юборилганларида асосий иш жойидаги иш ҳақи тўланадими?" деган савол тез-тез тушмоқда. Мазкур масалага Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг Наманган вилоят бўйича масъул ташкилотчиси Аббосхон Мамадалиев жавоб беради:

- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 4 апрелдаги "Тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора тадбирлар тўғрисида"ги 174-сонли қарорининг 7-банди ўзбек ва рус тилларидаги матнлари ўртасида тафовут борлиги, Молия вазирлиги томонидан аниқланиб, ушбу қарорга ўзгартириш киритилди ва тафовутлар тўғриланди.

Юқоридаги қарорга кўра эндиликда асосий ишидан ажралган холда тиббиёт ходимлари малакасини ошириш курсларига юборилган тингловчиларнинг бутун ўқиш даврида асосий иш жойи бўйича ўртача иш хақи сақланиб қолинади;

асосий ишидан ажралган ҳолда тиббиёт ходимлари малакасини ошириш курсига юборилган бошқа шаҳарлик тингловчиларга ўқиш жойига бир марта келиш ва қайтиш, шунингдек, юборувчи томон ҳисобига яшаш, харажатлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қопланади.