Ёз фасли бошланиб, ҳаво ҳарорати кескин кўтарилиб кетди. Қуёш нурларининг кучли таъсири натижасида офтоб уриши ҳолатлари учрайди. Бу қандай рўй беради?
Атроф муҳитдаги юқори ҳарорат ва намлик таъсиридан офтоб уриши юзага келади. Тананинг қизиши кучли терлашга сабаб бўлади. Оқибатда организмда суюқлик йўқотилади ва қон қуюқлашади. Бунинг натижасида ўткир юрак-қон томир етишмовчилиги ва иситманинг кескин кўтарилиши, ҳатто ўлим кузатилиши мумкин.
Касаллик беморда умумий ҳолсизлик, бош айланиши, кучли чанқаш, ҳаво етишмовчилиги, бош, бел ва мушакларда оғриқ белгиларида намоён бўлади.
Беморнинг юз териси, кўзлар склераси қизаради. Тез-тез юзаки нафас олади. Бадани иссиқ ва қуруқ бўлиб, томир уриши тезлашади, аритмия кузатилади. Артериал қон босими меъёрда ёки паст бўлади.
Офтоб урганда беморнинг аввал боши айланиб, оғрийди, кўнгил айниб, йирик қон томирларида, бош ва юрак соҳасида лўқиллаш юз беради.
Беморга биринчи ёрдам кўрсатиш учун салқин ва совуқроқ хонага олиб кирилади. Тоза ҳаво билан нафас олишини таъминлаш керак. Бошига музли халтача қўйилади. Бир дона аспирин дориси ичириш лозим. Жиддий ҳолат юз берган бўлса, шифохонага етказиш шартлигини унутманг.
Т. Парпиев,
Чуст туман ТБ Саломатлик маркази валеолог врачи.