БУНИ МУТОЛАА ҚИЛГАН КИШИ ЎЗ МАНФААТЛАРИ МУҲОФАЗАСИНИ УНУТМАЙДИ ҲАМДА ЎЗГАЛАРНИНГ МАНФААТЛАРИГА ПУТУР ЕТКАЗМАЙДИ. УШБУ УСЛУБИЙ ҚЎЛЛАНМА - ЛОЙИҲА ШУ ЖИҲАТДАН БАРЧАНИ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ ДОИРАСИДА ИШ КЎРИШГА ЙЎЛЛАЙДИ

(Давоми. Бошланиши ўтган сонда).

БЕПУЛ ХИЗМАТЛАР ТАРТИБИ

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти ташаббуси билан 1998 йил 10 ноябрда қабул қилинган "Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш Давлат дастури"га асосон давлат томонидан кафолатланган тиббий хизматлар қуйидаги 7 ҳолатда жорий этилган:

1. Шошилинч, кечиктириб бўлмайдиган тез тиббий ёрдамнинг барча турлари бепул.

2. Соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғини ва бир қатор давлат даволаш-профилактика муассасалари, биринчи нав­батда қишлоқ жойларидаги врачлик пункт­лари оилавий поликлиникалар, туман тиббиёт бирлашмалари, марказий поликлиникалари, оилавий поликлиникалари (хўжалик ҳисобидаги реабилитация ва соғломлаштириш бўлимларидан ташқари)да.

3. Аҳолини юқумли касалликларга қарши иммунизациялаш ва эмлаш.

4. Ижтимоий аҳамиятга эга ва атрофдагилар соғлиғига ҳавф туғдирувчи сил, ҳавф­ли ўсма, руҳий, наркологик, эндокринологик ҳамда касб касалликларига дучор бўлган шахсларга иқтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш, жумладан: руҳий ва руҳий-асаб, сил, онкологик, тери-таносил (хўжалик ҳисобидаги тери касалликларини даволаш бўлим ва ўринларидан ташқари), эндокринологик, наркологик, касб касалликларини даволаш муассасаларида, диспансерлар, клиникалар, шифохоналар, марказлар, сиҳатгоҳлар ва бўлимлар), лепрозорийлар, ОИТС марказларида.

5. Болаларни текширувдан ўтказиш ва даволаш (пуллик муаассасалардан таш­қари), жумладан: болалар шифохоналари сиҳатгоҳлари, поликлиникалари, марказлари, боғчалар ва бўлимлар, туғруқ муассасалари - хўжалик ҳисобидаги гинекологик бўлимлардан ташқари (акушерлик комплекслари, туғруқ бўлимлари, перинатал марказлари), оналик ва болалик муассасалари ("Она ва бола" скрининг марказлари), 15-18 ёшдаги ўсмирлар ҳамда чақирув комиссияларининг йўлланмалари билан чақириқ ёшидаги (18-27 ёш) шахсларни текширувдан ўтказиш ва даволаш.

6. Ҳомиладорларга тиббий хизмат кўрсатиш (пуллик муассасалардан ташқари), жумладан: юқумли касалликлар муассасаларида.

7. Беморларнинг имтиёзли тоифаларига, яъни ногиронлар, уруш фахрийлари, чин етимлар ва бошқаларга бепул тиббий хизмат кўрсатилади.

Энди ихтисослаштирилган марказлар кимларга бепуллигини билиб олинг:

Кейинги пайтда Республика доирасида хизмат кўрсатаётган ихтисослаштирилган марказларга бориб даволаниш истагидаги кишилар кўпаймоқда. Бу борадаги бепул хизматлар Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг 2003 йил 23 февралдаги ПФ-3214-сонли Фармонига асосан академик В.Воҳидов номидаги Республика хирургия, урология, кўз микрохирургияси ва кардиология ихтисослаштирилган марказларида махсус йўлланмалар (ордерлар)­га асосан, давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бепул даволанадиган шахслар рўйхати белгиланган:

- болаликдан ногиронлар;

- чин етимлар;

- I ва II гуруҳ ногиронлари, 1941-1945 йиллар уруш ногиронлари ва меҳнат фронти қатнашчилари ҳамда уларга тенглаштирилганлар

- ёшга оид ишламайдиган пенсионерлар, Чернобиль, АЭС ҳалокатини бартараф этишда қатнашганлар, байналмилалчи жанг­чилар, фуқаролар, ўзини-ўзи бошқариш органларидан моддий ёрдам олувчи кам таъминланган оилалар.

Бундай имтиёзли йўлланмалар вилоят соғ­лиқни сақлаш бошқармаси мутахассислари томонидан ўрганилиб, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази томонидан берилади.

Шунингдек, имтиёзлилар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 18 мартдаги "Ҳудудий соғлиқни сақлаш муассасаларининг ташкилий тузилмаси ва фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 48-сонли қарорига асосан белгилаб қўйилган. Уларнинг рўйхатлари тасдиқланган. Вилоят кўптармоқли тиббиёт марказларида бепул даволаниши мумкин бўлганлар ҳам юқоридаги тоифадаги фуқаролардир. Айни пайта мазкур рўйҳатга ижтимоий аҳамиятга эга касалликларга чалинганлар, чақирув комиссиялари йўлланмаси бўйича 15-18 ёшдаги ўсмирлар ва чақириқ ёшидаги (18-20 яшар) шахслар ҳам киритилган.

Манзура АБДУЛЛАЕВА.

(Давоми бор).