Қрим-Конго геморрагик иситмаси (ҚКГИ) касаллиги ўта хавфли ўткир вирусли юқумли касаллик.
Касаллик иксод каналарининг чақиши ёки каналарни қўл билан эзиб ўлдириш ҳамда қон кетиши кузатилаётган беморларга ёрдам кўрсатаётган шахсларга қон билан мулоқот орқали юқади. Ҳасталик май ва август ойларида кузатилади. У кўпроқ деҳқонлар, чўпонлар, ветеринарлар, қўй ва эчкиларнинг жунини кирқиш ишларига жалб қилинганлар орасида учрайди.
Унинг махсус профилактикаси йўқлиги сабабли, асосий эътибор шахсий ҳимояга қаратилади. Каналарнинг чақишига йўл қўймаслик, қўл билан эзиб ўлдирмаслик, хасталик аломати кузатилган беморларга ёрдам бериш пайтида шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланиш (дока ниқоб тақиб юриш, махсус қўлқоплардан фойдаланиш, тананинг очиқ жойларига ва кўзга қон томчиларининг тушишининг олдини олиш) жуда муҳим.
Касалликни юқтириб олмаслик учун қуйидаги қоидаларга қатъий риоя қилиш керак:
- хонадон эгалари, қўлларига боқилаётган чорва молларида каналар бор-йўқлигини резинали қўлқоп кийиб, вақти-вақти билан текшириб туришлари шарт;
- қўй-эчкиларни жунини қирқишдан олдин, уларда кана бор-йўқлигини албатта текшириб кўриш керак;
- чорва молларида каналар борлиги аниқланса, дарҳол ветеринария врачини чақириб, улар томонидан ҳайвонлар ҳамда молхона ва қўйхоналарни каналарга қарши махсус дезинфекция воситалари ёрдамида ишлов беришни ташкил этиш зарур;
- қўйлар жунини қирқиш ишларига ҳомиладор аёллар, ёш болалар ва ўсмирларни жалб этиш мумкин эмас;
- қўй жунини қирқиш қалин матодан тикилган, тананинг ҳамма жойини беркитиб турадиган махсус кийим-бош, резина этик, қўлқоп кийиб, ҳимоя кўзойнаклари таққан ҳолда амалга оширилиши шарт;
- каналарни териш, ушлаш ва уларни эзиб ўлдириш умуман мумкин эмас.
Отабек РАҲИМОВ,
Жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш илмий-
тадқиқот институти вилоят бўлинмаси "Валеология ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш" бўлими мудири.