Қулоқни ўткир яллиғланиши касалликлари (отитлар) янги туғилган чақалоқлар ва кўкрак ёшидаги болаларда катталарга нисбатан кўпроқ учрайди. Бунга сабаб-болалардаги маълум хусусиятлар: эшитув найи (Евстахаев найи)ни калта, кенг ва тўғри бўлиши, ўрта қулоқ бўшлиғи шиллиқ қаватларининг юмшоқлиги, ўта таъсирчанлиги, иммунитети камлиги, нерв системасини ҳимоя реакцияларини тўла шаклланмаганлиги, туғилиш даврида ҳомила олди суюқликларини қулоққа кириб қолишлигидир.

Ёш болаларда бурун йўлларини тез-тез шамоллаши ҳам эшитув найи орқали ўрта қулоққа инфекция тушишига сабаб бўлади. Болалар 3-5 ёшга етганларида лимфа тўқималари тез ривожланади. Натижада бурун халқум соҳасида (Аденоиод) лимфа тўқимаси катталашади, эшитув найи ва қулоқ ўртасидаги ҳаво алмашинуви (аэрация) мувозанати бузилишига олиб келади. Бунинг оқибатида қулоқни яллиғланиши (отит) келиб чиқади.

Ёш болалар бошларини у ёқ бу ёққа (ўнгга-чапга) қаратиб йиғлайдилар, қўлларини оғриган қулоқларига олиб борадилар.Оғриқ бирданига бошланади. Бола кечаси уйқудан уйғониб кетиб қаттиқ йиғлайди, тана ҳарорати кўтарилади. Эрталабга оғриқ бироз пасайгандай бўлади. Бунга сабаб яллиғланиш бошлангандан сўнг бола йиғлаганда ҳолатини ўзгартиради, Евстахаев найи орқали баъзи ажралмалар бурун халқум томонга оқиб тушади, оғриқ камайиб касаллик енгиллаб қолади. Баъзан касаллик яна қайталаниши мумкин. Оғир формаларида менингеал симптомлар кузатилган, яъни қусиш, титраш (судорги), бошни орқага тортишиб қолиши умумий ҳолатининг (оғирлашуви)- ёмонлашуви, ҳушни йўқолиб қолиши рўй беради. Йиринг қулоқ пардасини тешиб чиққандан сўнг оғриқ ва умумий ҳолат бироз яхшилангандай бўлади.

Болаларда ўткир қулоқ яллиғланиши унинг умумий ҳолатига ошқозон, ичак тизимидаги касалликлар (қусиш, ич кетиши-диарея, тана ҳароратини кўтарилиши), экссудатив диатез, рахит ва бошқаларда ҳам келиб чиқиши мумкин.

Даволашда асосан қулоқдаги йиринг оқишини бартараф қилиш учун бурунга томизиладиган дорилар тайинлаш ва касаллик келтириб чиқарган микробга қарши (антибиотикотерапия) олиб борилиши мақсадга мувофиқ.

Бунинг учун бемор болаларга дори-дармонни дорихонадан олиб келиб, даволаш яхши эмас. Аввал болалар оториноларингологии - Лор врачига учрашиб, текширтириб сўнг даволанилса, хасталик тез ва асоратсиз тузалади.

Касалликнинг олдини олиш учун болаларни шамоллашдан асраш, совуқ сув ичирмаслик, эмизикли болаларни ётган ҳолида эмизмаслик керак. Бемор болаларни даволашда фақат шифокор тавсиясига амал қилинса, фарзандингиз соғлом вояга етади.

Ботиржон САДРИДДИНОВ,

Наманган шаҳридаги

10-оила поликлиникаси лор врачи.