Соғлом овқатланиш инсоннинг узоқ умр кечиришини таъминловчи муҳим мезондир. Болаларнинг жисмонан ва маънан соғлом улғайишида илмий асосланган рацион бўйича овқатланиши беҳад аҳамиятга эга.
Зеро, ўсиб келаётган организмнинг зарур дармондорилар, табиий элементларга бой озуқага бўлган эҳтиёжини ўз вақтида қондирмаслик келажакда салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Боланинг жисмонан ва руҳан соғлом ўсишини таъминлайдиган овқатланишнинг халқаро меъёрий кўрсаткичлари қабул қилинган. Бир грамм ёғ парчаланганда, оқсил ва углеводларга қараганда 2, 2 марта энергия беради. Ҳужайра ва тўқиманинг таркибий қисми бўлгани учун ёғ инсон организмда катта аҳамиятга эга. Минерал тузларга бўлган эҳтиёж 1-11 ёшли болаларда 1000 мг кальций, 1500 мг фосфор ва 15 мг темир моддасида бўлади. Шунингдек, бола организмининг турли витамин ва углеводларга эҳтиёжи таркибида айнан шундай озиқ моддалари мавжуд маҳсулотлар орқали қопланади. Сут маҳсулотлари - қатиқ, творог, сметана, пишлоқ нонуштада албатта бўлиши керак. Чунки суякларнинг тўғри ривожланиши учун сут маҳсулотлари таркибидаги калий ва кальций моддалари жуда зарур.
Боланинг овқатланиш рационини витамин-минераллар билан бойитиш жуда аҳамиятли. Болада бўй ва тана вазнининг меъёридан ортда қолиши унинг овқатларида витамин ва минералларнинг етишмаслиги билан боғлиқ бўлади. Мактаб ўқувчиларнинг овқатланиш рационида гўшт, сут, тухум, балиқ ва балиқ маҳсулотларини кўпайтириш лозим. Нон ва нон маҳсулотларини меъёридан кўп истеъмол қилиш тавсия этилмайди. Кўпроқ сабзавотлар, меваларни истеъмол қилиш боланинг ошқозон-ичак тизимини яхшилаб, ақлий фаолиятини ривожлантиради. Сосиска, гамбургер, қовурилган картошка, майонез ва кетчупли маҳсулотлар ва шоколадли ширинликларни назоратсиз истеъмол қилиш ўқувчи соғлиғи учун зарарли ҳисобланади.
Аёллар ҳомиладорлик даврида тановул қилаётган таомига алоҳида эътиборли бўлиши лозим. Турли хасталикка, хусусан, камқонликка чалинишнинг олдини олиш мақсадида бойитилган нон, темирга бой маҳсулотларни истеъмол қилиш зарур. Улар ловия, мош каби дуккакли ўсимликлар, маккажўхори, кўкатлар, янги узилган мева-сабзавотлар, сут ва гўшт маҳсулотлари таркибида кўп бўлади. Бундан ташқари гўдаклар таомномасига гречка, буғдой, жавдар бўтқаларини киритиш тавсия этилади. Бу маҳсулотлардаги В1, В2, В6, РР, АС, Д, Е дармондорилари ҳамда тўйинмаган ёғ кислоталари ҳимоя кучини мустаҳкамлайди.
Болаларнинг соғлом ривожланишида витаминларнинг аҳамияти катта. А витаминида инфекцияларга қарши курашиш кучи бўлиб, у балиқ ёғи, сут ва тухумда бор. Каротин ўсимлик ёғи таркибида бўлади. Бундан ташқари, у сабзи, кўкат ва сариқ рангли сабзавотларда мавжуд. Каротин ёғда яхши эрийди, шунинг учун бу маҳсулотларни ёғ, қаймоқ ва сметана билан истеъмол қилган маъқул. Каротин кўриш органлари билан боғлиқ кўпгина касалликларни даволашга ёрдам беради. У организмнинг курашувчанлик қобилиятини оширади, шу сабабдан уни "иммунитет витамини" деб ҳам аташади. Тери ранги ва сочнинг жилолигини сақлашга ёрдам беради.
Болаларда жисмоний ўсишлари, суякларнинг мустаҳкам ва тиш, милкларининг соғлом бўлишига имкон беради. Баъзи ота-оналар фарзандларининг дарс жараёнида ўзлаштиришга қийналаётганликларидан шикоят қилишади. Бундай пайтда болаларнинг витаминларга бой овқатлардан истеъмол қилишларини таъминласалар, муаммо ўз-ўзидан ҳал бўлади - қўяди. Болаларнинг меъёрда ўсиб-ривожланиши учун уларни тўғри овқатлантириш муҳим. Тадқиқотларга кўра, мияни озиқлантиришда резавор мевалар-қулупнай, малина, маймунжон ва йогурт, гўшт маҳсулотлари, тухум сариғи, буғдойнинг ижобий таъсири катта.
Болаларда соч тўкилиши, мўртлашиши ота-оналарни хавотирга солади. Бундай болаларни текширувдан ўтказганда F витамини етишмаётгани аён бўлади. Ушбу дармондори соя, кунгабоқар, ёнғоқ, ерёнғоқ ва бодомда кўпроқ бўлади. Ички секреция безларининг фаолиятига самарали таъсир қилади, кальцийнинг сўрилишини яхшилайди. Ортиқча вазндан ҳам халос этади. F витимини етишмовчилигида терида тошмалар тошади, ич кетишига мойиллик кузатилади. Боланинг сифат ва миқдор жиҳатдан тўлақонли овқатланиши унинг соғлом ўсиш ва ривожланишидаги муҳим омилдир.
Кенжабой ИСМОИЛОВ,
Жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш илмий-
тадқиқот институти катта илмий ходими, тиббиёт фанлари номзоди.