Ҳомиладор аёлларнинг барчаси тўйимли овқатлар истеъмол қилишга ҳамда дам олишга ҳар доимгидан кўра кўпроқ муҳтож бўладилар. Қуйида уларга тўғри овқатланишнинг 12 та тамойилини тавсия қиламиз:
- Турли хил озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш;
- Кунига бир неча маҳал ҳар хил сабзавот ва мевалар истеъмол қилиш, яхшиси янги узилган маҳаллий сабзавот ва мевалар (кунига камида 400 г) истеъмол қилиш;
- Нон ва ун маҳсулотларини, ёрма ва картошкани ҳар куни истеъмол қилиш;
- Тана вазнини меъёрида сақлаб туриш учун ҳар куни жисмоний ҳаракатлар қилиб туриш;
- Истеъмол қилинаётган ёғ миқдорини назорат қилиш, кўпроқ ўсимлик ёғини истеъмол қилиш;
- Ёғли гўшт ва ундан тайёрланган маҳсулотларни, дуккаклиларга, имкон даражасига қараб балиққа ёки парранда гўштига алмаштириб туриш;
- Таркибида ёғи ва тузи кам бўлган сут ва сут маҳсулотлари (қатиқ, пишлоқ, творог ва бошқа)ларни кўпроқ истеъмол қилиш;
- Қанд (шакар)ни камроқ истеъмол қилиш; Таркибида қанд миқдори юқори бўлган ширинлик ва ширин ичимликларни истеъмол қилишни чегаралаш;
- Тузнинг умумий миқдори кунига бир чой қошиқ (5 грамм)дан ошмаслиги ва фақат йодланган тузни истеъмол қилиш;
- Овқатланганда чой ичмаслик. Чой ўрнига сабзавот ва меваларнинг табиий шарбатлари ёки оддий қайнатилган сув ичишингиз мумкин. Чойни асосий овқатланишлар орасидаги танаффусларда истеъмол қилинг;
- Овқат тайёрлаш жараёнида унинг хавфсизлиги таъминланиши зарур. Таомларни буғда димлаш, микроволновка ёки духовкада пишириш, қайнатиш унинг хавфсизлигини таъминлашга ва тайёрлаш жараёнида сарф қилинган, ёғ, туз ва қанд миқдорини камайтиришга ёрдам беради;
- Чақалоқлар ҳаётининг дастлабки 6 ойи мобайнида фақатгина она сути билан боқишга ҳаракат қилинг. Кейинчалик она сутидан ажратмасдан, аста-секинлик билан қўшимча овқатлар бериш лозим. (Имкон қадар болани 2 ёшгача она сути билан эмизишни давом эттириш).
Овқатларни буғда пишириш ёки қайнатиш усуллари тайёрлаш жараёнида ишлатиладиган ёғ, туз, қанд миқдорини камайтиришни таъминлайди.
Ҳомиладор аёлларнинг овқатланиш тартиби қуйидаги бешта озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат бўлиши лозим:
- нон, картошка ва ёрмалар, жумладан, маккажўхори, гуруч ва макарон маҳсулотларидан кунига 6-11 пиёла;
- сабзавот, мевалар кунига бир косага сиғадиган миқдорда;
- сут маҳсулотлари - қатиқ, сузма, айрон, кунига 3 пиёла;
- қўй, мол ёғи 2 чой қошиқ, ўсимлик ёғи кунига 3 чой қошиқдан ошмаслиги лозим;
- ширинликлар- мураббо, шакар, парварда, шоколад, печенье ва ҳолвайтарлар кунига бир марталик овқатланиш пайтида, яъни толма чой ёки нонуштада бўлиши ва меъёрдан ошмаслиги керак.
Нималарга эътиборли бўлиш керак?
- Меъёрида суюқлик ичинг;
- Тузланган сабзавотлар, дудланган балиқ ёки ҳар хил соуслар истеъмол қилмаганингиз маъқул, чунки улар ҳомиладор аёл буйракларига салбий таъсир кўрсатади;
- Аллергия чақирувчи маҳсулотларни истеъмол қилманг;
- Спиртли ичимликлар, тамаки, аччиқ таомлар ва таркибида қаҳва сақловчи маҳсулотлар асло мумкин эмас!
- Ичагингизни вақтида бўшатишни таъминланг. Бунинг учун ҳазм қилиш тизими фаолиятини кучайтирувчи мева ва сабзавотларни кўпроқ истеъмол қилинг. Агар қабзиятга мойиллик бўлса, қуритилган олхўри, ўрик ва қовоқ яхши самара беради.
Унутманг - соғлом овқатланиш ўзингиз ва фарзандингиз соғлиги учун муҳимдир!
Ирода МУСАЕВА,
Жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш илмий-
тадқиқот институти Наманган вилоят бўлинмаси директори
вазифасини бажарувчи.