Спазмофилия (тетания) - боланинг 6 - 18 ойлигида, патогенетик рахит билан боғлиқ бўлган талвасалар ва спастик ҳолатларга мойиллиги билан кечадиган касалликдир. У Д витаминини юқори дозада ёки эрта баҳорда, гирпродукция бўладиган пайтда қабул қилиш натижасида ривожланади. Чунки Д витаминининг катта дозалари қалқонсимон без олди бези функциясини пасайтиради, ичакларда кальций ва фосфор тузлари сўрилишини ва уларнинг буйрак каналчаларида реабсорбциясини стимуллайди. Оқибатда қоннинг ишқорий заҳираси ошади, алкалоз авжланади. Кальцийнинг суякларда тўпланиши кучаяди, бу гипокальцемия ва асаб - мушак қўзғалувчанлиги ошишига, аниқроғи титроқ синдромига олиб келади.

Яширин (латент) ва аниқ спазмофилия формалари фарқланади. Яширин формасида болалар ташқи томонидан соғлом кўринади, психомотор ривожланиши ёшига мос равишда деярли ҳамма вақт рахит белгилари бўлади. Спазмофилия яширин формаси қуйидаги симптомлар ёрдамида қўйилади: Хвостек симптоми - ёноқ равоғи ва оғир бурчаги орасидаги ёноққа оҳиста урилганда шу томонда юз мимик мушаклари қисқаради. Труссо симптоми - елкада томир-асаб тутамига босилганда қўл панжаси қисқаради ва "акушер қўли" ҳолатини олади. Люст симптоми болғача билан кичик болдир суяги бошчасидан пастга урилганда оёқ панжаси кафтига қараб букилади ва ташқарига тортилади. Яширин спазмофилия кўп учрайди ва уни провакация қилувчи омиллар (йиғлаш, қусиш, юқори ҳарорат, инфекцион касалликлар, қўрқув) таъсирида аниқ турига ўтиши мумкин.

Аниқ спазмофилия ларингоспазм, турли карпопедал спазмалар ва эклампсия кўринишида, баъзан булар ҳаммаси бирга келиши кўринишида юзага келади. Ларингоспазм - овоз ёриғининг ўткир торайишидир. Йиғлаш ва қўрқувда тўсатдан юзага келади ва овоз ёриғининг қисман ёки тўлиқ ёпилиши билан кечади. Нафас олиш шовқинли ёки хириллаган ҳолатга ўтади. Бунда боланинг юзида қўрқув, цианоз, совуқ тер пайдо бўлади. Ҳиқилдоқнинг кучли спазмида нафас бутунлай тўхташи ва хушидан кетиши кузатилиши мумкин. Хуруж чуқур шовқинли нафас олиш билан тугалланади. Сўнгра нафас олиш аста - секин тикланади ва бола ухлаб қолади. Одатда ларингоспазм хуружи бир неча секунддан 1-2 дақиқагача давом этади ва бир кунда қайта-қайта такрорланади. Оғир ҳолатларда ўлимга олиб келиши мумкин.

Карпопедал спазм-бир ёшдан катта болаларда учрайди, қўл панжаси, оёқ панжаси юзининг тоник тиришиши билан кечади. Қўл панжаси "акушер қўли" ҳолатини олади, оёқ панжа - кескин плантар букилади. Спазм бир неча дақиқа, соат, кун давом этиши мумкин. Узоқ вақт спазм бўлганда қўл ва оёқ панжаси орқа томонида шиш пайдо бўлади. Кўпинча оғиз айланма мушаги спазми ҳам кузатилади. Буни, балиқ оғзи деб юритилади. Кам ҳолатларда нафас мушаклари, ичаклар, сийдик пуфаги силлиқ мушаклари тоник қисқаришлари, бронхоспазм кузатилади.

Спазмофилияда парваришлаш болада тиришишлар, талвасалар олдини олишга қаратилади. Кальций тузларига бой озиқ -овқатларни беморга тавсия қилиш ва улар билан таъминлаш, сигир сути миқдорини чегаралаш, ҳимояловчи режимни ташкиллаштириш, рахитга қарши чораларни ишлаб чиқиш лозим. Чунки рахитсиз спазмофилия ривожланмайди. Касаллик ривожланганда, яъни ларингоспазмда ва ундан кейинги ҳолатларда тез ва шошилинч ёрдам кўрсатиш керак.

Барно КАРИМОВА,

Тошкент тиббиёт академияси

2-"Болалар касалликлари"

кафедраси ўқитувчиси.