25 АПРЕЛЬ - УМУМЖАҲОН БЕЗГАК КАСАЛЛИГИГА ҚАРШИ КУРАШ КУНИ

Ўзбекистон Республикасида безгак муҳофазасига қаратилган тадбирлар мажмуаси соғлиқни сақлаш тизимининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бутун мамлакат миқёсида эпидемияга қарши тадбирлар мажмуасининг ўз вақтида ўтказилиши туфайли безгакнинг кенг тарқалиб кетишига йўл қўйилмаяпти.

Безгак ўткир юқумли касаллик бўлиб, Анофлес чивини орқали юқиши, тана ҳарорати кўтарилиши, талоқ ва жигарнинг катталашиши ҳамда камқонлик билан характерланади. Касалликнинг 4 та қўзғатувчиси мавжуд. Улар ўзининг клиникаси, эпидемиологияси ва лаборатория диагностикаси билан бир-биридан фарқ қилади. Инфекция манбаи бўлиб шу касаллик билан оғриган бемор ва паразит ташувчи ҳисобланади. Чивинлар соғлом одамни чаққанда чивиннинг сўлаги орқали инфекция одам организмига тушади ва аниқ бир вақт ичида касаллик белгиларини пайдо қилади. Безгак чивинлари асосан соҳили ботқоқлашган сув ҳавзалари, шолипоялар, ахлат чиқиндилари тўпланиб қолган жойда, турғун сувли ҳовузлар ёки оқими секин ариқлар ва кўлчаларда кўпаяди.

Касалликнинг қисқа яширин даври 10-21 кун, узоқ яширин даври 8-14 ой, баъзи вақтда 3 йил ва ундан кўпроққа чўзилиши мумкин. Одатда қалтирашдан бошланади. Лоҳаслик, дармонсизлик, жунжикиш, бош ва бел оғриғи, кўнгил айниш, иштаҳа ёмонлашиш ҳоллари юз беради. Биринчи хуруж тана ҳароратининг 38-39 даража ва ундан ҳам ошиши билан бошланади. Хуруж қилиш одатда кундуз кунлари, ҳар сафар бир вақтда бошланади, бу дифференциал ташхис белгиларининг биридир.

Типик безгак хуружи қаттиқ қалтироқ тутиши билан бошланади ва 15 дақиқадан 2-3 соатгача давом этади. Бу вақтда беморлар ўзида совуқ қотиш ва қалтираш ҳолларини сезишади. Улар исимайди ва кўрпа ичида ҳам қалтирайди. Тери ва кўринадиган шиллиқ пардалар оқаради. Тана ҳарорати тез кўтарилади. 40 даражага етади ва ундан ҳам ошади. Нафас олиш тезлашади, кўнгил айниш ва қусиш рўй бериши мумкин.

Қалтироқ иссиқлик билан алмашинади, касалларни чанқоқ қайнайди, улар тинчлигини йўқотади, кўрпани устидан олиб ташлайди. Тана териси ушлаб кўрилганда қуриқ ва иссиқ бўлади. Бош оғриғидан арз қилади, юрганда кўз косалари оғрийди, юрак уриши тезлашади. Артериал қон босими пасаяди. Иссиқлик даври 2-6 соат давом этади ва терлаш даври билан алмашинади. Тер жуда кўп чиқади ва беморнинг ички кийимларини бир неча марта алмаштиришга тўғри келади. Тана ҳарорати меъёрлашади ва ундан ҳам паст тушади. Бемор дармонсиз бўлса-да енгиллик сезади.

Агар шундай касаллик белгилари намоён бўлса албатта, тиббий ёрдамга мурожаат қилиш керак. Тўғри ташхис қўйиш учун, қонни безгакка текширтириб кўриш шарт. Қонда безгак паразитлари аниқланган ҳолда даволаш муолажаларини тезда бошлаш керак. Безгакни даволаш учун самарали дори-дармон воситалари мавжуд

Безгак чивинлари кўпайишига йўл қўймаслик мақсадида шоли майдонлари аҳоли яшаш жойларидан 2-3 километр узоқликда бўлиши лозим. Ариқ-зовурларни ўз вақтида тозалаб, ободонлаштириш ишларини мунтазам олиб бориш керак. Ичимлик сувидан оқилона фойдаланиш, уни беҳуда оқиб ётишига, вақтинчалик сув ҳавзалари пайдо бўлишига йўл қўймаслик, қишлоқ хўжалик экинларини суғоришда агротехника ва санитария-гидротехника қоидаларига амал қилиш лозим. Чивинлардан шахсий ҳимояланиш мақсадида ёз ойларида пашшахоналардан фойдаланиш тавсия этилади.

Юқоридаги тадбирларни тўла амалга оширилиши безгак касаллигининг олдини олишга замин яратади.

Зокиржон АБИДОВ,

вилоят Давлат санитария-эпидемиология

назорати маркази

бўлим мудири,

тиббиёт фанлари номзоди.