Қўзиқорин замбуруғларнинг ҳайвонот ва ўсимликлар дунёсининг оралиғидаги алоҳида гуруҳи ҳисобланади. Ўзбекистонда бундай қалпоқчали замбуруғларнинг 170 дан ортиқ тури маълум бўлиб, шулардан 16 хили истеъмолга яроқли, 7 хили заҳарли ҳисобланади.

Истеъмолбоп бўлган ва заҳарли қўзиқоринларни бир-биридан ажратиш жуда мураккаб. Кўп ҳолларда улар ўхшаб кетади. Ейиладиган қўзиқоринларга оқ қўзиқуйруқ, кўк оёқ, вешенка, қўзиқорин (сморчок), шампиньон ва опёнок киради. Заҳарли қўзиқоринлар лепиота туркумининг аксарият вакиллари, қизил, кулранг, оқ мухаморлар, сатанин, қурбақа салла, сариқ сохта турларидан иборат.

Шуни унутмаслик керакки, тузланган ёки мариновка қилинган қўзиқоринларни рухланган идишларда сақланганда ҳам заҳарланиш рўй бериши мумкин. Сморчок ва строчок қўзиқоринлар нотўғри тайёрланганда ҳам кўнгилсизлик юз беради. Уларда заҳарли гельвелат кислота бўлиб, сувда яхши эрийди. Шу боис сморчок ва строчок қўзиқоринларини истеъмол қилишдан олдин яхшилаб қайнатиб, сувини тўкиб ташлаш керак.

Заҳарланган вақтда касаллик белгилари истеъмол қилинган қўзиқориннинг турига қараб, 20 дақиқадан бир неча соатгача чўзилади. Масалан, қизил мухамор таркибида мускаридин ва мускарин алкалоидлари мавжуд. Қизил мухамордан заҳарланганда касаллик белгилари 1-2 соат ўтгач намоён бўлади. Асаб тизими фаолиятида ўзгаришлар, айниқса, заҳарланиш учун характерли белгилари ҳисобланади. Бундан ташқари сўлак оқиши, кўп терлаш, кўздан ёш оқиши, кўнгил айниши, қоринда оғриқ бўлиши ва қайд қилиш кузатилади. Томир уриши (пульс) секинлашади ва сустлашади, алаҳсираш (галюцинация), титраш, кўз қорачиғининг кенгайиши ёки торайиши кузатилади.

Агар зудлик билан заҳарланган кишига тез тиббий ёрдам кўрсатилса, одатда 1-2 кундан кейин соғайиб кетади. Ўз вақтида даво чоралари кўрилмаган тақдирда беморнинг аҳволи оғирлашади ёки ўлим билан тугаши ҳам мумкин.

Ҳамма яхши билиши лозимки, дала-ҳовлиларда, яйловларда ва ариқ бўйларида ўсган турли қўзиқоринларни истеъмолга яроқли ёки яроқсизлигини билмасдан териб, пишириб ейиш тақиқланади. Акс ҳолда ўз саломатлигингизнинг ҳар бир япроғига ўзингиз игна санчган бўласиз. Ҳаттоки ўз умрингизга завол етказасиз.

Б. МИРЗАЕВ,

вилоят ДСЭНМ врачи.