Уй шароитида тайёрланган консерва маҳсулотларини инсон истеъмол қилганда, баъзан оғизга олиб ютмаганда ҳам касалланиб қолиш мумкин.
Касалликни ҳолсизланиш, кўнгил айниши, қайт қилиш, кўз хиралаши, жисмларни иккита бўлиб кўриниши, ютиш ва гапириш қобилиятини сусайиши, қорин соҳасида оғриқ бўлиши, бўйин ва оёқ мушакларининг заифлашиши, бемор юришга қийинлашиши каби аломатлар содир бўлгандан сезиш мумкин. Бироқ хасталикни хонадон шароитида ҳар ким ўз билганича даволаш қатъиян ман этилади.
Агарда овқатдан заҳарланишларнинг илк белгилари пайдо бўлса, дарҳол шифокорга мурожаат қилиш керак. Шунинг учун биз қуйидаги профилактик тадбирларни эслатиб ўтамиз.
Хонадон шароитида консерва тайёрлаш учун технологияси етарлича санитария-гигиена қоидаларига амал қилиш имконияти мавжуд эмас. Бир сўз билан айтганда, уй шароитида тайёрланган консерваларни истеъмол қилиш кафолатли деб бўлмайди.
Помидор, бодринг, патиссон маринати, бақлажон икралари каби консерва маҳсулотларини хонадон шароитида тайёрламаслик керак.
Помидор томатлари, узум, шафтоли, ўрик каби меваларнинг сифатлиларидан қиёмлар, бодринг, помидор карамлардан сирли идишларда тузламалар, мевалардан қоқилар тайёрлашда тозаликка риоя қилинг. Кўча- кўйларда сотилаётган консерва маҳсулотларини харид қилганда, ёрлиғи, қайси корхона томонидан ишлаб чиқилганлиги, санаси ҳамда яроқлилик муддатига эътибор бериш, харид қилинган консерва банкаларини очишдан олдин уни чайқамасдан кўздан кечириш, яъни банкадаги суюқликнинг тиниқлигига, маҳсулотни эзилмаганлигига эътибор бериш, консерва банкасини қопқоғи шишган, очилиб кетган, тиниқлиги бузилган ва бошқа кўрсаткичлардан бирортасини сезсангиз, бундай маҳсулотни истеъмол қилмаслик тавсия этилади. Ҳар бир оилада, ишда, кундалик турмушда тозаликка жиддий эътибор бериш лозим. Ана шу амалларга тўғри риоя қилинганда овқатдан заҳарланиш ҳолатларининг олдини олган ва бундай касалликлардан сақланган бўламиз.
Жасур МАШРАПОВ,
вилоят ДСЭНМ овқатланиш гигиенаси бўлими мудири.
Анвархон АЛИХОНОВ,
РС ва ТСИ вилоят филиали бўлим мудири.