Энурез тунда сийдик тутишни бошқара олмасликдир. Касаллик классификация бўйича кундузги ва тунги, бирламчи ва иккиламчи, асоратли ва асоратсизга ажратилади.

Бирламчи энурезда физиологик рефлексларнинг тўхташи ривожланмайди ва сийдик тута олмаслик белгилари бола улғайгани билан йўқолмайди. Иккиламчисида 3-6 ва ундан кўп йил кузатилмаслиги мумкин. Чунки бола мустақил сийишни ўрганиб олади. Бу кўринишдаги сийдик тута олмаслик уйқуга боғлиқ бўлмайди. Ривожланган мамлакатларда илмий тад­қиқотлар шуни кўрсатадики болалик даврида уйғоқ вақтида 2-ёшда 50 фоиз болалар сийдик тутишни бош­қаришни бошлайди, 3-ёшда бу кўрсаткич 85 фоизни, 4-ёшида 90 фоизни ташкил қилади.

Тунда сийдик тутишни бошқариш одатда кечроқ ривожланиб 3-ёшда 70 фоизни, 4-ёшида 75 фоизни, 5-ёш ва ундан юқорида 80 фоизни, 8-ёшга кирганда эса 90 фоизни ташкил этади. 5-ёшга келиб тунги энурез 15-20 фоиз болаларда учрайди. Ёши улғайиши билан тунда сийдик тутишни бошқаришни йилига тахминан 15 фоиз бемор ўрганиб боради. 10-ёшига келиб бу кўрсаткич 5 фоизни ташкил этса, 12-14-ёшда 2-3 фоизга тушади. Фақатгина 1-2 фоизида 18-ёшгача давом этиши мумкин. Ўғил болалар ўртасида тунда сийдик тута олмаслик қизларга нисбатан кам учрайди.

Энурез касаллиги билан оғриган беморларни даволаш ва ташхислашда оила катталарининг қатнашуви катта аҳамиятга эга. Бундай беморларнинг ота-оналари сабрли, чидамли бўлишлари, боладаги муаммони тушунишлари лозим. Ҳар қандай қўполлик, қаттиққўллик болани руҳий ҳолатига шикаст етказиб қўрқувининг кучайишига, айбдорлик ҳиссининг ортишига олиб боради.Охир оқибат касалликни даволаш самарадорлигини кескин пасайтириб юборади. Ота-оналар болани ўз кучига ишонишига ўргатиши лозим. Болани тунни қуруқ ўтказган куни учун рағбатлантириб бориши керак.

Энурез ҳолати қайд этилиш билан боланинг ки­йимлари янги билан алмаштирилиши лозим. Қай даражада рўй берилиши ҳақидаги маълумотлар беморга тўғри ташхис қўйиш ва уни даволаш режасини тузиш учун ёрдам қилади. Бундай беморларга кечки овқат билан бериладиган суюқлик миқдорини чеклаш, имконият даражасида овқат қуюқ бўлишини таъминлаш, сийдик тўпловчи турли меваларни камайтириш ва уйқудан олдин хожатга боришини назорат қилиш, беморни ўрни қаттиқроқ бўлиши ва вақти-вақти билан жойидан қўзғотиб туриш тавсия этилади.

Бизнинг сиҳатгоҳда мазкур касаллик ҳам даволанади. Бу борада энг замонавий аппаратлардан фойдаланилади. Шу билан биргаликда парафин, массаж ҳамда Чортоқнинг маъданли суви, фито-терапия йўли билан даволаш муолажалар олиб борилади.

А. ҚАЮМОВ,

ихтисослаштирилган "Чортоқ" болалар сиҳатгоҳининг

олий тоифали врач-невропатологи.