Сил - хавфли юқумли касаллик. Ундан катталарни ҳам, кичикларни ҳам ҳимоя қилиш керак. Бу ҳасталикка чалинганлар асосий тарқатувчилар ҳисоблангани учун уларни алоҳида ажратган ҳолда даволаш муҳим.
Мазкур йўналишда даволаш-профилактика муассасалари, ҳатто сиҳатгохлар фаолият юритади. Наманган шаҳар силга қарши кураш диспансери ана шундай муассасалардан бири. Шу боис, диспансернинг бўлим мудири, олий тоифали фтизиатр Назира Холмирзаева билан суҳбатлашдик.
- Назира Абдулазизовна, аввало сил касаллигининг белгилари ҳақида маълумот берсангиз?
- Бизнинг юртимизда кўпроқ учрайдиган ўпка силида дастлабки юзаланиш нафас олиш аъзоларидаги ўзгаришларда сезилади. Икки уч ҳафта ёки кўп вақт мобайнида йўталиш бежиз рўй бермайди. Сўнгра кўкрак қафаси соҳасидаги оғриқлар, энтикиш, қон тупуриш содир бўлади. Бошқа белгилари эса тана вазнининг камайиши, чарчоқ, кечки иситма, терлаш ва иштаҳанинг йўқолиши. Агар шундай ҳолатлар кузатилса, зудлик билан шифокор мутахассисга мурожаат қилиш лозим.
Сил белгилари бор бемор кўпроқ яшаш жойидаги оилавий поликлиника ёки қишлоқ врачлик пунктига мурожаат қилади. У ерда беморни физикал текшириш, шикоятларини аниқлаш, анемнизини йиғиши, балғам микроскопияси ва рентгенологик текширувлар ўтказилади. Мазкур текширув натижаларида бемор силга гумон қилинса, текширишни давом эттириш, ташхисни аниқлаш ва даволаш учун уни силга қарши курашиш муассасасига юборилади. Шунинг учун силга қарши кураш диспансери мутахассислари бирламчи тизим билан ҳамкорликда фаолият юритади.
Кўпгина ҳолатларда беморлар бевосита жадал ривожланиш босқичини силга қарши курашиш муассасаларида ўтказадилар. Хасталанганлар назорат остида даволанадилар. Беморнинг атроф муҳитга тарқатиш ҳавфи тўхтагач, қувватловчи давр амбулатор шароитда олиб борилади. Ҳозирги кунда касаллик қўзғатувчисининг икки хил дори воситаларига чидамли ва чидамсиз тури фарқланади. Даво муолажалари эса шунга кўра олиб борилади.
- Хонадонда сил касаллиги билан хасталанган бемор аниқланди. Айтингчи ушбу хасталик оиланинг бошқа аъзоларига ҳам хавф туғдириши мумкинми?
- Жудаям ўринли ва кўпчиликни қизиқтирадиган савол. Лекин сил бемори билан алоқада бўлган ҳар бир киши касаллик билан зарарланмайди. У кўпроқ иммунитети заиф одамларга ҳужум қилади. Бемор дориларни мунтазам қабул қилганда ва даволанишни керакли муддатда давом эттирса, сил чекинтирилади, албатта. Мунтазам даво чоралари билан бемор нафақат ўз ҳаётини асрайди, қолаверса оила-аъзоларига юқиш хавфини, уларнинг саломатлигига салбий таъсирини камайтиради. Шунинг учун ҳам ушбу касаллик манбаи бемор одам экан, уларга бизнинг инсонпарвар юртимизда касалликни аниқлашдан тортиб то даволашгача, шифохона дейсизми, турли таҳлил ва сил препаратларигача барча-барчаси бепул таъминланади.
Сил билан оғриганлардан фақатгина ўз вақтида муолажа олиш, дори-дармонларини истеъмол қилиш лозим бўлади. Айрим ҳолатларда беморлар муассасамиздан бериладиган бепул сил препаратларини қабул қилишга келишмайди. Ҳамшираларимиз уларнинг хонадонларига бориб тушунтириш-тарғибот ишларини олиб борган тақдирда ёки маҳалла оқсоқоллари, участка инспекторларини аралашувига ҳам тўғри келади. Бемор вақтида даволанса, вақтида муолажаларини олса, вақтида силга қарши препаратларни истеъмол қилса, шунингдек мутахассис маслаҳатларига риоя қилиб юрса, албатта касалликдан бутунлай қутулади.
Суҳбатдош Манзура ЭРГАШЕВА.