2014 йилда режали эмлашдан бирор боланинг четда қолмаслигига эришиляпти. Айниқса, кўкйўтал, шол, бўғма, қоқшол, гепатит "в", хиб инфекциясига қарши чақалоқларда дастлабки йилиёқ 3 марта эмлаш ўтказилмоқда. Қизамиқ, паратит ва қизилчага бир ёшга тўлган ва 6 ёшга етганларда эмлаш амалга оширилаётир. Силга қарши вакциналаргача етарли.
Шу йилдан янги хасталик хавфига - ротавирусга қалқон сифатида ёз фаслида 3 ойлик болалар 100 фоиз эмландилар. Натижада туманимизда ротавирусдан озор чекканлар ҳисобга олинмади.
Гарчи эмлашлар поликлиника ва қишлоқ врачлик пунктларида ўтказилса-да, керакли ва етарли вакциналар таъминоти бизнинг давлат санитария ва эпидемиология назорати марказимиз зиммасига юклатилган энг масъулиятли вазифадир. Шунинг учун бу борадаги қатъий талаб ва эҳтиёжларни фаолиятимиз мезонига айлантирганмиз.
Яна бир янгиликни эслатиб ўтиш мақсадга мувофиқ. Гепатит "А" хавфи мавжудлиги учун эмлаш вакцинаси келтириб қўйилган. Фақат пулли. Агар ўз болаларининг саломатлигини, келажагини чуқур ўйлаган ота-оналар бундан маблағларни аяшмагани маъқул. Чунки гепатит "А" билан оғриган болаларни тўла-тўкис даволаш учун сарфлайдиган маблағлари унинг олдини олишга кетадиганидан бир неча баробар кўп. Бу ҳам ўз йўлига, лекин касалликнинг асорати қолдиришиниям назарда тутилса, гепатит "А" га қарши эмлатиш барча оиладагилар учун кечиктириб бўлмас, заруратлиги янада ойдинлашади.
Аҳмадали Худойберганов,
Тўрақўрғон туман ДСЭН маркази бош врачи.