Аллоҳ суйган бандасини ҳамиша асрайди. Огоҳлик ва ҳушёрлик турмуш тарзимизга айланди. Юртдошлари Юртбошиларига меҳру муҳаббатлари беқиёслигини изҳорлашдан тўхтамадилар.
Юртбоши номига ёғилар хатлар
Мамлакатнинг турли гўшаларидан.
Ватандан мосуво исқирт оқпадар
Сарсон кезар хориж кўчаларида.
Халқи севган султон бахтли султондир,
Ўзбекистон озод, Ўзбекистондир.
Номалар қатида изҳори диллар,
Сергак тепиб турар ёш авлод қалби:
- Сиз умид боғлаган қизлар, ўғиллар
Сиз бизни ҳеч кимга бермаган каби
Сизни ҳам бермасмиз - қатъий паймондир,
Ўзбекистон, бизнинг Ўзбекистондир.
Юқоридаги сатрлар фақат шоирона туйғуларнинг эмас, балки ҳаётий ҳақиқатларнинг бемуболаға ифодаси эди. Тўрақўрғондаги 4-мактабнинг муаллимаси Маъсуда Тожибоеванинг мактубига кўз югуртирайлик: "Ҳурматли Ислом Абдуғаниевич!
Мен Сизни баҳор байрами бўлмиш Наврўзи айём билан чин қалбимдан самимий табриклайман.
Сизга узоқ умр, мустаҳкам соғлиқ, туганмас сабр-матонат, бахт ва омад тилайман.
Ҳеч бир ёвуз ният Сизнинг азиз бошингизга соя солмасин, ҳеч бир ёмон кўнгил Сизнинг ҳақиқат йўлингизга тўсиқ қўёлмасин, ҳеч бир нохушлик дилингизга афсус ва пушаймон бўлиб битмасин, чидам ва бардош билан беором, беқўним, беҳаловат ўтказаётган бебаҳо кунларингизнинг роҳатини кўринг, Сизга ишонган, Сизга суянган халқингиз билан доимо бирга бўлинг, деб ният қиламан".
Бундай самимий ва соф ният ҳамда дуоларга тўла мактубларнинг оқими яна ўн етти йил узилмади. Саралаб-саралаб нашр этилганида ҳам 4 та китобга жо бўлди. "Президентга мактублар" тўпламининг сўнгги (Афсуски шундай) 4-жилдига Ислом Каримов номига 2013-2016 йиллар мобайнида келган хатлар, уларга жавоб мактубларидан айрим намуналар жамланган. Уларни мутолаа қилсак, Ватанимиз ва халқимизга, давлатимиз раҳбарига юксак меҳр, ҳурмат-эҳтиром, эл-юртимиз қўлга киритаётган улкан ютуқ ва марралардан фахрланиш, эртанги кунга ишонч ҳисси, жамиятимиздаги улкан ўзгариш ва янгиланишларга дахлдорлик, бугунги озод ва фаровон кунларга етканимиз учун шукроналик туйғулари билан танишамиз. Биз бу ўринда фақат халқ соғлиғини сақлаш учун беқиёс ғамхўрликлар кўрсатган раҳнамомизга билдирилган миннатдорчилик мактубларининг айримларинигина келтириш билангина кифояланамиз.
"Юртимизда амалга оширилаётган улкан ишлар орасида мен каби ёрдамга муҳтож инсонларга бахт улашишга қаратилган ижтимоий ислоҳотлар, уларнинг ҳаётдаги рўёби учун Сизга ҳадсиз-ҳисобсиз миннатдорчилик билдираман. Ногирон фарзандимни соғлом болалар сафига олиб кирган Республика педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази ходимларига ташаккурлар айтаман", деб ёзади Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида яшовчи Серик Байбосинов.
"2015 йилни мамлакатимизда "Кексаларни эъзозлаш йили" деб эълон қилганингиз учун мингдан-минг раҳмат...
Сизнинг эътиборингиз туфайли кўплар қатори менга ҳам дам олиш масканига бепул йўлланма совға қилинди. Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги фахрийлар санаторийсида юртимизнинг турли ҳудудларидан келган меҳмонлар билан дам оляпмиз.
Сизга кўпчилик номидан, санаторийдаги 400 дан зиёд отахону онахонлар номидан раҳматлар айтамиз" дейди қўқонлик Шоира Рўзиева.
"Менинг чап оёғим қорасонга йўлиқиб, 2000 йили кесиб ташланган эди, ўнг оёғим ҳам қон юрмасдан қурий бошлаганди. Шунда мени Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси йўлланма билан Тошкент шаҳрига юборди. Бу ерда шифокорлар обдон текшириб, оёқни асраб қолиш мумкинлиги, бунинг учун ўпка йўлидаги қон тўсиғини олиб ташлаш зарурлигини айтди. 2014 йилнинг сентябрь ойида Тошкент тиббиёт академиясининг иккинчи клиникаси қон-томир жарроҳлик бўлимида операция қилиб, ўша тўсиқни очишди. Ҳозир оёғим яхши. Сиздан ва шифокорлардан миннатдорман" дейди уйчилик Тошмуҳаммад Ўрозалиев.
"Сизнинг юртимизда олиб бораётган ислоҳотларингиз натижалари, уларда инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун қўйилгани, болалар саломатлигига кўрсатилаётган катта эътибор туфайли мен учун дунё қоп-қоронғу бўлган шундай кунлар ёруғ дамларга айланди. 2013 йил фарзандим "Соғлом авлод учун" хайрия жамғармаси ёрдами билан Германияда бир йил давомида бепул даволаниб келди. Ҳозир унинг соғлиги яхши... Бундай эзгу ишларга бош-қош бўлиб турган Сиздек Юртбошимиз борлигидан беҳад миннатдормиз" дейди андижонлик Мастура Тўраева.
Ўзбекистонни ривожлантириш бўйича белгиланган ва амал қилган беш тамойил ичида кучли ижтимоий ҳимоя ҳамиша халқимизнинг эртанги ҳаётга ишонч руҳини барқарор этиб турди. Энг муҳими, Ислом Каримов одамлар тасаввурида юртнинг меҳрибон ва ғамхўр, зарур ҳолатларда дардини ҳам, хурсандчилигини ҳам айта оладиган Отаси тимсолига айланганди. Биринчи Президентимиз мустақиллигимизнинг 25 йиллик тўйига ҳам етиб келдилару, тантанали нишонлаш афсуски бу муҳтарам зотга насиб айламади...
Бугун тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйган халқимиз Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг атрофларига маҳкам жипслашиб, у кишининг устозлари бошлаб берган улуғвор вазифаларни янада жадаллик билан бажариш йўлида ҳормай-толмай меҳнат қилаётир. Истиқлолимиз асосчиси, чорак асрлик янги давлатимиз раҳнамоси Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллигини зўр мамнуният билан нишонламоқда. Эркин ва фаровон, демократик Ўзбекистон давлатини бутун дунёга янада ёрқинроқ танитишдек эзгу мақсад билан яшар эканмиз Биринчи Президентимизнинг руҳлари бизни ҳамиша қўллагусидир.
Манзура АБДУЛЛАЕВА.