Шахсий кутубхонамда китобларим кўпу, улар ичида биттасини тез-тез варақлаб тураман. Ҳар гал мутолаа қилганимда, ундаги қимматли фикрлар ифодаланган сўзлардан оламча маънолар туяман. Бу Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг "Юксак маънавият - енгилмас куч" рисолаларидир. Такрор-такрор ўқиганим учун нечанчи саҳифасида нималар ёзилганигача менга ёд бўлиб кетган.
Масалан, 19-20 саҳифасида маънавиятга қойилмақом таъриф берилган: "... маънавият - инсонни руҳан покланиш, қалбан улғайишга чорлайдиган, одамнинг ички дунёси, иродасини бақувват, иймон-эътиқодини бутун қиладиган, виждонини уйғотадиган беқиёс куч, унинг барча қарашларининг мезонидир, десак менимча тарихимиз ва бугунги ҳаётимизда ҳар томонлама ўз тасдиғини топиб бораётган ҳақиқатни яққол ифода этган бўламиз".
Шунинг учун вилоят стоматология поликлиникамизда маънавий- маърифий тадбирларни юқори савияда ўтказиш доимий диққат марказимизда туради. Айниқса, улуғ аждодларимизнинг ижодий меросларидан жамоамизни баҳраманд этиб боришга ҳаракат қиламиз. Чунончи, февраль ойида Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг таваллуд айёмларига бағишланган анъанавий маънавият соатларини таъсирчан ва мароқли ўтказамиз. Бу борада ҳам Биринчи Президентимиз китоблари худди қўлланма ролини ўйнайди. Навоийхонлик чоғида донишманд бобомизнинг мавқе-мартабаларига муносиб мавзулар доирасида фикр юритсак айни муддао бўлади. Ислом Каримов айтиб кетганларидай: "Алишер Навоий халқимизнинг онги ва тафаккури, бадиий маданияти тарихида бутун бир даврни ташкил этадиган буюк шахс, миллий адабиётимизнинг тенгсиз намояндаси, миллатимизнинг ғурури, шаъну шарафини дунёга тараннум қилган ўлмас сўз санъаткоридир...
Агар бу улуғ зотни авлиё десак, у авлиёларнинг авлиёси, мутафаккир десак, мутафаккирларнинг мутафаккири, шоир десак, шоирларнинг султонидир".
Шунинг учун ҳам Биринчи Президентимиз бу улуғ зотга юксак эҳтиром кўрсатиш билан бирга миллатимиз фарзандларини Навоий олға сурган эзгу ғоялар асосида тарбиялаш масаласи ҳамиша долзарб бўлиб қолишини кўп бор уқтирганлар.
Эл-юрт ғамини чеккан, унинг келажаги учун чинакамига жон куйдирган фидоий инсонларнинг ҳаёт ибрати бугунги авлод учун катта сабоқ мактабидир. Ислом Абдуғаниевичнинг порлоқ хотираси, илгари сурган ғоялари ҳеч қачон сўнмайди. Бизлар учун йўлчи юлдуздек қадрли бўлиб қолаверади.
Мамадалихон ҚАЮМОВ,
вилоят стоматология поликлиникасининг маънавий-маърифий ишлар бўйича мутасаддиси.