Экранда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ва бир гуруҳ болалар кўринишди.
- Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз, кам бўлмаймиз ҳам! - дедилар ўзига хос ғурур ва ишонч билан, сўнгра ўртага савол ташладилар:
- Бунинг учун нима қилишингиз керак?
Жавобни ҳам яна ўзлари қайтардилар:
- Билим олишингиз керак, эртанги кунимизнинг муносиб эгалари бўлишингиз зарур!
Юзларидан меҳр ва мамнуният ёғилиб турган ўғил-қизлар Юртбошининг уқтирган гапларини қулоқларига қуйиб турардилар.
Бундай унутилмас лаҳзалар энди болалар учун тарихга айланди, такрор-такрор эслайдиган хотирага айланди. Тўрақўрғон туманидаги 4-мактаб кутубхонасида ташкилланган ушбу тадбир буюк сиёсат ва давлат арбоби Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллигига бағишланди. Анжуман ташкилотчилари муаллималар Наимахон Расулова билан Муҳайёхон Тожибоевалар бўлишди. Уларга ҳамкасблари Малика Икромова ва Хуршида Тожибоевалар яқиндан кўмаклашишди.
Диққатга лойиқ жиҳати шу бўлдики, ташкилотчилар ноанъанавий усулни қўллаб, хотира кечасини ўқувчиларнинг ўзларига қўйиб беришди. Бу болаларнинг фаоллигини ошириб юборди.
Даврани Мухлиса Раҳимжонова олиб борди. Руҳсора Турсунова, Абдураҳмон Баҳриддинов, Севара Қутбиддинова, Муаттар Мўбиллаева сингари бошланғич ва юқори синф ўқувчилари Ислом Каримовнинг китобларида битилган ҳикматли фикрларни ёддан бурро-бурро айтиб беришди.
Кейин эса даврага таклиф этилган меҳмонлар таништирилди. Шу мактабнинг собиқ ўқувчи ва ўқитувчиси "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган халқ таълими ходими" унвони, "Маориф аълочиси" кўкрак нишони соҳиби Зоҳиджон Норматов истиқлолимиз асосчисининг ёш авлод тарбиясига қаратган юксак эътибори ҳақида мароқли ҳикоя қилиб берди.
Шоир ва публицист, Турон фанлар академияси академиги Содиқ Сайҳун мустақиликкача ким эдигу, энди ким бўлганлигимиз хусусида ҳаётий мисоллар билан гапириб, ўқитувчи ва ўқувчилар диққатини Биринчи Президентимизнинг оламшумул хизматларига қаратди. Таниқли адиб Исҳоқжон Нишоновнинг қутлуғ сана арафасида Ислом Каримов фаолиятини акс эттирган "Жасорат" (Наманган-1991) романи "Наманган" нашриётида кўп нусхада чоп қилинганини айтиб, асарнинг ғоявий мазмуни билан йиғилганларни таништирди.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси, "Шифокор ва ҳаёт" газетаси мухбири, шоир Рустамали Мамадалиев ўзининг мактаб ўқувчилари дарслигига киритилган "Истиқлолли Ватаним" шеърини ўқиб берганида болалар қалбида ҳур Ватандан фахрланиш туйғулари янада жўш урди.
- Мактабимизда Дилмурод Ражабов раҳбарлигида маънавий-маърифий тадбирлар тез-тез ташкилланади, - деди билим даргоҳи директори Исмоилжон Дадажонов. - Менимча, бу галгиси ғоят кучли тарбиявий аҳамият касб этди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қарорлари билан Биринчи Президентимиз Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллиги нишонланаётган айёмдаги анжуманимиз улуғ инсонга ўқитувчи ва ўқувчиларимизнинг беқиёс эҳтиромини яққол намоён қилди. Уларда Ўзбекистон давлати асосчиси ва истиқлолимиз меъмори Ислом Каримовнинг ғояларини амалга ошираётган халқимизнинг ҳамиша олдинги сафларида бўлиш иштиёқини кучайтириб юборди, десам асло муболаға эмас. Бу буюк инсоннинг порлоқ хотираси қалбларимизда абадий яшайди.
Зеро, "Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлади" дея баркамол авлод тарбияси учун ҳамиша жон куйдирган юрт раҳномоси хотираси мангу барҳаётдир.
Ўз мухбиримиз.