Мустақил мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг номи халқимиз учун истиқлол сўзидай суюк ва қадрли. Бу муҳтарам зот Ўзбекистон давлати мустақиллигининг асосчиси ва меъмори тимсолида миллионлар қалбига ҳали ҳаётлигидаёқ муҳрланиб қолганини 2016 йилнинг 2 сентябрида янада чуқурроқ англаб етдик. Ўша кунги мудҳиш хабар тарқалганида ақлини таниган боладан тортиб, наинки етмиш, саксон, тўқсон, ҳатто юз ёшгача бўлган ҳамюртларимиз кўнгиллари бир қалқиб олди, мотам пайтида портрет-сиймоси қаршисида кўзларини жудолик ёшлари намлади. Уларнинг сафларида худди бобосидан айрилган набирадек мен ҳам бор эдим. Гарчи ўзим истиқлолнинг тўртинчи йилида туғилган бўлсам-да, ундан аввалги ҳаётни Юртбошимизнинг 2015 йили чоп этилган "Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида" китобидан ўқиб, янада тўлароқ ва мукаммалроқ тасаввур қилгандим.
Қуйидаги фикрлар 1991 йил 31 августда - Ўн иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг навбатдан ташқари олтинчи сессиясида сўзланган тарихий нутқда баён этилган эди:
"Мен шу бугундан эътиборан 1 сентябрни республикамизда Мустақиллик куни, умумхалқ байрами деб эълон қилишни таклиф этаман.
Бу байрам, сизга, халқимизга муборак бўлсин, азиз юртдошларим!
Бу байрам абадулабад бўлсин!"
Худди шу нутқда мавжуд ҳолат тўғрисида ҳам аниқ маълумотлар берилган: "Мамлакат фалокат ёқасига, жар ёққасига келиб қолганини кўриб турибмиз. Халқ ўзининг эртанги кунига ишончини кундан-кунга йўқотаяпти. Одамлар ўзларининг, оиласининг, бола-чақасининг тинчлигига кафолат истайди. Тўкис, хотиржам ҳаёт талаб қиляпти. Бу истаклар, бу талаблар сафсатабозлик ва ваъдабозлик остида кўмилиб кетяпти.
Бизнинг халқимиз сабр-бардош, яхшилик, осойишталик, бошқа халқларга нисбатан хайрихоҳлик руҳида тарбияланган. Бу халқ бугун биздан ҳимоя талаб қиляпти, тинч-тотув ҳаёт, оғир меҳнатига яраша турмуш шароитларини талаб қиляпти. Бу - ҳаққоний талабдир.
Ўзбекистон раҳбарияти ҳеч қачон, қандай иттифоқ бўлмасин, ким билан иттифоқ бўлмасин, қандай шароит бўлмасин, иккинчи даражали ролга рози бўлмайди, бунга йўл ҳам қўймайди...
Мустақил Ўзбекистон давлатининг сиёсати инсонийлик ва эзгулик тамойилларига асосланади" деган дастурий ғоя бутун дунёга қарата айтилди. Айтилдигина эмас, ўша кундан бошлаб, мана шу принцип қатъий амалиётга айлантирилди. Одамларнинг янги давлатга, эртанги ҳаётга ишончи тобора мустаҳкамланди. Айни маҳалда Юртбошимиз дастлабки дамлардаёқ таъкидлаганидай: "Ҳаётда ҳар бир нарсанинг баҳоси бўлганидек, фаровон турмушга эришишнинг ҳам албатта ўз тош-тарозиси бор. Бошқача айтганда, одамзод бир нарсага эришмоқ учун маълум вақт ҳузур-ҳаловатдан воз кечишига ҳам тўғри келади. Буни ҳаётнинг ўзи тасдиқлайди".
Истиқлолли Ўзбекистонимиз ўз Конституциясига, ўз рамзларига - байроғи, герби ва мадҳиясига эга бўлди. Буларнинг барчаси Ислом Каримов раҳнамолигида, ташаббускорлиги ва ташкилотчилигида қабул қилинди, тасдиқланди.
Сиёсатшунос ва адабиётшунос Султонмурод Олим таърифича, дунёда буюк тушунчалар, муқаддас қадриятлар кўп. Лекин уч тушунчанинг булар орасида айрича ўрни ва алоҳида аҳамияти бор. Бу - ХАЛҚ, ВАТАН, ДАВЛАТ.
Уларни бир-биридан айри тасаввур қилиб ҳам бўлмайди. Халқ бўлмаса, Ватан ва давлат тушунчаларига эҳтиёж ҳам қолмайди. Ватан бўлмаса, халқ қаерда яшайди-ю, қай гўшада давлат қуради? Халқ бўлса-ю, Ватан бўлса-ю, давлат бўлмаса, бу халқ ва Ватаннинг бахти - кемтик...
Ислом Каримов мана шу уч буюк тушунчани уйғун ҳолатда тараққиёт поғонасига кўтаришдек ғоят оғир ва залворли юкни ўз зиммасига олган беқиёс журъату жасоратга қодир инсон. У Биринчи Президент сифатида ўтиш даврини мардона бошлаб берди. Халқнинг елкасига юкланган оғир юкни ва бошига тушган эзгу мақсадлар йўлидаги беадоқ ташвишларни енгиллатишни, мураккаб синовларда ҳеч кимнинг бурнини қонатмасдан, узоқ ва яқин қўшнилар билан тенг ва дўстона алоқа қуриб, босқичма-босқич сиёсат олиб борилишини тўла таъминлади.
Айниқса, Юртбошимизнинг "Ўзбекистон - келажаги буюк давлат!" деган башоратона шиори халқимизни кеча-кундуз ҳалол ва фаол меҳнат қилишга, муаммоларни сабр-бардош билан енгишга илҳомлантирди. Миллий ғоямиз - юрт тинчлиги, ватан равнақи, халқ фаровонлигига эришиш йўлида бир ёқадан бош чиқариб, астойдил кураш олиб боришга даъват этиб келди.
Оила - бу ватан ичидаги мўъжаз ватан. Шу жиҳатдан қараганда, оиланинг соғломлиги жамиятнинг соғломлигидир. Жамиятнинг соғломлиги эса юртнинг куч-қудрати, тинчлиги ва тараққиёти демакдир. Халқининг сиҳат-саломатлигини муҳофаза қилишдек эзгу ишни муттасил биринчи даражали масалалар қаторига қўйган Ислом Каримов истиқлолли Ўзбекистонни истиқболли ва чин иқболли Ўзбекистон мавқеига кўтариб, довруғини дунёга таратди, десак ҳеч ҳам янглишмаймиз. Йилларни номлаш ва Давлат дастурлари қабул қилишнинг анъана тусига киритилишида ҳам соғлом халқли, юксак куч-қудратга эга мамлакат барпо этишдек ғоят улуғвор мақсад кўзда тутилгани барчамизга ойнадай аён. Инчунун, 2000 йил "Соғлом авлод йили" деб эълон қилиндики, бу мантиқан "Инсон манфаатлари йили" (1997), "Оила йили" (1998), "Аёллар йили" (1999)нинг узвий давом эмасмиди?! "Обод маҳалла йили" (2003), "Меҳр ва мурувват йили" (2004), "Сиҳат-саломатлик йили" (2005), "Ҳомийлар ва шифокорлар йили" (2006)да амалга оширилган беқиёс тадбирлар ҳали-ҳали эсимизда. "Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили" (2009), "Баркамол авлод йили" (2010), "Мустаҳкам оила йили" (2012), "Обод турмуш йили" (2013), "Соғлом бола йили" (2014), "Кексаларни эъзозлаш йили" (2015) ва "Соғлом она ва бола йили" (2016)даги кенг кўламли дастурий вазифаларнинг изчил ижроси самарасидан бебаҳра қолган, беҳад қувонмаган кишининг ўзи борми? Йўқ! бўлиши ҳам мумкин эмас! Биз Биринчи Президентимиз раҳнамолигида йигирма беш йил давомида рўёбга чиқарилган ишларни, асрларга татигулик унутилмас ва бетакрор воқеаларни ҳеч қачон унутолмаймиз. Аксинча, фахрланиб, ғурурланиб тилга олаверамиз. Буюк бобомизнинг буюк ислоҳотлари ўзбекнинг ўзлигини танитди, оламга кўз-кўзлади. Гарчи, бу улуғ инсон орамиздан кетган бўлса-да, ҳамиша ёдимизда яшайди.
Ислом Каримов сиймосида лафзи ҳалоллик, ўзи нимани ёқтирса, халқига ҳам шуни раво кўриш, Ватанининг бугуни ва эртаси учун астойдил қайғуришдек олийжаноб фазилатлар мужассам эди. "Элим деб, юртим деб ёниб яшаш керак!" деган даъваткорона шиорни, аввало, ўзининг ҳаёт мазмунига айлантириб, миллионларга шахсий ибрат кўрсата олди. Истиқлол ислоҳотлари самарасидан барчанинг бирдай баҳраманд бўлиши учун тинмай курашди. Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги тинч, тараққиёти барқарор, эзгу мақсадлари безавол мамлакат сифатида дунёни ўзига маҳлиё қилган давлат даражасига кўтарилди. Афсуски, ҳаётда ҳавас ва ҳасад ҳамиша ёнма-ён туради. Ҳаваси ошкораю, ҳасади пинҳоналиги кўпинча бизларга панд беради. Елкасига эркинлик офтоби теккан халқимизнинг қутлуғ қадамларини, Йўлбошчимизнинг оқилу уддабуронлигини, адолат байроғини доимо баланд тутганини кўролмайдиган ғаразният кимсаларнинг пайтавасига қурт тушганини 1999 йилнинг февраль воқеаси намоёнлаб қўйди. Ёвуз душманларнинг кирдикорлари ўзбекистонликларни янада ҳушёр торттирди. "Истиқлол - бахтим, саодатим" рисоласи муаллифи, Президент девонининг собиқ масъул ходими ёзганидек:
"16 февраль ҳар бир ўзбекистонликнинг қалбида асло ёддан чиқмайдиган доғ қолдирди - пойтахтда террорчи кучлар, яъни, сиёсий ва диний экстремистлар томонидан уюштирилган қўпорувчилик ҳаракати содир этилди. Оқибатда 16 нафар бегуноҳ инсон ўлдирилди, 120 киши тан жароҳати олди.
Ушбу сатрлар муаллифи ишлаётган идоранинг деразаси Вазирлар Маҳкамаси тарафга қарар эди. У ердаги маъмурий бино остида содир этилган портлаш тўлқини таъсирида икки қаватли деразанинг бир қавати чилпарчин бўлди, иккинчи қавати дераза очилиб кетгани учун синмай қолди. Қўшни хоналарда дераза синиқлари ходимларни жароҳатлади ҳам.
16 февраль воқеаси амалда Мустақилликка отилган ўқ эди. Истиқлолнинг мустаҳкам қўрғонини бундай ҳужумлар билан қулатиб бўлмаслигини ҳаёт кўрсатди. Халқ, давлат ҳушёр тортди. Терроризмга қарши жиддий огоҳлик кураши бошланди".
Ўзбекистон халқ шоири Ҳабиб Саъдулланинг "Жароҳат" достони ўша мудҳиш воқеа ва унга муносабатнинг ҳаққоний назмий садоси эди:
Азим Тошкент бирдам гулдираб турди,
Устма-уст портлашдан, ўқлар сасидан.
Ким сезмади, кимдир сезиб улгурди,
Бу кор истиқлолга суиқасд эди.
Хорижга беркинган икки-уч нонкўр
Чираниши эди тож-тахт дардида.
Бу суиқасд эди уйғонган ғурур,
Покланган иймонга, инсон қадрига.
Манзура АБДУЛЛАЕВА.
(Давоми келгуси сонда).