Бу воқеага дуч келганимга ўттиз йилдан ошди. Эрталаб кўча эшигимизни кимдир қаттиқ тақиллатди. Чиқиб қарасам,ҳамқишлоқ қадрдоним Иномиддин ака асабий ҳолатда турибди.
- Ука, тез машинани ўт олдиринг, зарур иш чиқиб қолди.
Ҳатто нима гаплигини сўрашга ҳам ботинолмадим. "Москвич"имни юргизишим билан шошилиб ёнимга ўтирган Иномиддин акага "Қаёққа?" дегандай маъноли қарадим.
- Дарё бўйига борайлик, зора кечикмаган бўлсак...
- Нимага?- таажжубландим гапини охирига етказмагани учун.
- Эҳ-ҳ, ука, бундай кунни ҳеч кимнинг бошига солмасин, қизим уйда йўқ, кечаси сездирмасдан чиқиб кетибди.
Иномиддин аканинг ҳолатини энди тушунгандай бўлдим.
- Наргиза унчаликка бормас, ақлли қиз эди-ку, - дедим таскин бергандай.
- Институтга кўпроқ ақллилар эмас, домлалардан таниш-билиши борлар кираркан, у мандатдан йиқилибди, анаву раисимизнинг арзандасига эса мактабдагидек институтдагилар ҳам сохта баҳо қўйиб беришаверибди. Бизнинг "беш"чи қизимизга усти-устига савол ёғдиришиб, дарсликда йўқ маълумотларни сўрашиб, баҳосини атайлаб пастлатишибди виждонсизлар. Охир-оқибат қизим адолатсизликка чидаёлмай, уйга келиб, роса йиғлади.
- Бу йил киролмаган бўлса, янаги йилга киради, фақат шу институтда ўқиши шартми, бошқасига борарди, болаларнинг билимини одил баҳолайдиган домлалар ҳам оз эмас. Шуларни тушунтирмабсизлар-да,-дедим афсуслангандай.
-Кўнглига оғир олишини қаёқдан билибмиз, худди ўлганнинг устига тепгандай қилиб: "Шунча ўқиб киролмабсан, энди қари қиз қилиб ушлаб ўтирмаймиз, эрга бериб юборамиз" деб қўйибмиз онаси иккимиз. Аттанг, аттанг...
- Қўйинг, ҳадеб куйинаверманг, сизларни атайлаб қўрқитган бўлса-чи?-дедим Иномиддин аканинг изтиробини пасайтириш учун.
- Қанийди-я, қанийди!
У дарё қирғоғига етишимиз биланоқ машинани секинлатишимни сўради. Тормозни босиб, дарров тўхтатдим. Иномиддин ака тушиб, юлғуну қамишлар орасига ўзини урди. Мен эса у киши ўтирган жойида қолдирган бир парча қоғозга кўз югуртирдим. "Адажон, ойижон, мендан рози бўлинглар, иродасиз қизингизни кечиринглар?!". Юрагим "шув" этиб кетди. Беихтиёр машина эшигини очиб, Имномиддин аканинг ортидан югурдим. Биз гоҳ у ёққа, гоҳ бу ёққа чопқиллаб, ҳеч қандай янги из ёки белгини тополмадик. Ростиси, тополмаганимизга шукр қилиб, ундан умидимизни узмадик. Яқин атрофдаги қариндошлариникигача сўраб бордигу, ҳеч кимдан дарагини эшитмадик. Ҳориб-чарчаб қайтганимизда, у кишининг уйи олдида хотин-болаларию, қўни-қўшнилари безовта туришарди.
- Ўзини сувга ташламаган шекилли,-деди хотини Зарифа опа.- Оғилга кирдим, у ердаги сигирнинг бўйнидаги бошов йўқ, ишқилиб ўзини-ўзи...
- Нафсингни ел учирсин!-деди Иномиддин ака дир-дир титраб. Сўнгра эру-хотин пиқ-пиқ йиғлаб юборишди. Наргизанинг икки синглиси ва укаси ҳам кутилмаган фожеани кўз олдиларига келтиришиб, хомуш тортишди. Зарифа опа бирдан хушини йўқотиб, ерга йиқилди. Ҳамма у билан овора бўлиб кетди.
Шу пайт менинг кўзим чордоққа чиқиш учун қўйилган шотига тушди.
- Иномиддин ака, шоти доим шундай турардими?
У ялт этиб қаради.
- Йўқ, кеча ҳам томга қўйилмаганди.
Бечора отанинг кўзларида қандайдир умид учқунлади. Шоти томон ҳовлиқди. Томга худди қушдай учиб чиқди-ёв.
- Қизим! Қизим!
Мен ҳам кутолмадим. Шотига тирмашдим. Не кўз билан кўрайликки, чордоқда Наргиза бўйнига арғамчи танғилганча осилиб турарди. Чордоқнинг тўсини унча баланд эмаслиги учун унинг оёқлари ерга тегиб-тегмай жуссаси шалвираб қолганди. Тезда ечиб олишга шошилдик. Бир амаллаб ерга туширганимизда ҳовлини қий-чув босди.
Эндигина ўзига келган Зарифа опа Наргизани қучоқлаб, юз-кўзларидан ўпиб, "вой болам"лаб йиғи солди-ю, бирдан жимиди.
- Да-да-си! Наргизанинг нафасини сезяпман, да-да-си!
- Тез ёрдамни чақиринглар, тез ёрдамни!-деди кимдир ҳушёр тортиб.
Шифокорларнинг вақтида кўрсатган тиббий ёрдамлари туфайли ўлим чангалидан қутқариб қолинган Наргиза эса ҳозирда олий маълумотли муаллима. Муҳандис Холматжон билан икки қизу бир ўғилни вояга етказишган. Иномиддин ота билан Зарифа опа фарзанду набираларини дуо қилиб, кексалик гаштини суриб юришибди. Ана ўшанда- Наргиза ўз жонига қасд қилганида оёғи ердан бутунлай узилиб қолганида борми, даҳшатли ҳодиса ота-онасини ҳам, сингилларию укасини ҳам бир умрлик аччиқ армонларга дучор этарди.
Яхшироқ ва чуқурроқ ўйлаб кўрилса, "Қарс икки қўлдан чиқади" деган халқ нақли тўғри айтилгани англаб етилади. Аввало, айбни қизнинг ўзидан, қолаверса, фарзанди ҳаётдаги кутилмаган муваффақиятсизлик "зарбаси"дан эсанкираб турганида, таскин ўрнига ота-оналик ҳою-ҳавасларини қизининг орзусидан дарров устун қўйиб юборишганидан излаш ўринли эмасми?! Ҳаёт инсон учун бир мартагина бериладиган илоҳий неъмат. Унинг ҳар лаҳзасини қадрлаш, соғлиқни асраш узоқ умр кўришнинг ягона омилидир.
Афсуски, ҳаётда нималар бўлмайди, дейсиз. Шундай мудҳиш лаҳзаларни бошдан кечиришга тўғри келадики, бунинг учун сабр-бардош, мустаҳкам ирода зарур. Демак, ота-оналар фарзандларида ҳар қандай шароитда ҳам умидсизланмай, эзгу ниятлардан воз кечмай, яхши дамлар келишини кутиб яшаш туйғусини барқарор қилиб тарбиялашлари мақсадга мувофиқ. Лекин бу борадаги ишларимизнинг етарли эмаслигини ҳаётимизда айримларнинг ширин жонидан воз кечиш ҳолатлари гоҳ-гоҳ тасдиқлаб қўймоқда. Фанда буни суицид деб аташади. Бу грекча терминнинг асл маъноси ўзини ўлдирмоқдир. Абдухолиқ Ташановнинг маънавиятга таҳдид солувчи иллатларга бағишланган "Вайронкор ғоялар ва бузғунча мафкуралар" (2015) китобида мазкур масалага ҳам алоҳида тўхтаб ўтилган: "Барча ўз-ўзини ўлдиришларни шартли тарзда икки тоифага- (парасуицид ёки псевдосупцид деб аталувчи) асл ва намойишкорона ўз-ўзини ўлдиришларга ажратиш мумкин. Одатда намойишкорона ўз-ўзини ўлдириш карахтлик ҳолатида (аффект) содир этилиб, ўз жонига қасд қилишгина бўлиб қолмасдан "дил фарёди", ўзига ва муаммоларига атрофдагиларнинг эътиборини жалб қилиш ҳамдир. Намойишкорона ўз-ўзини ўлдиришга зид тарзда асл ўз-ўзини ўлдириш- бу одатда яхши режалаштирилган тадбир бўлиб, бундан мақсад қандай қилиб бўлсада қариндош-уруғлар, яқинлар, дўстлар ва ҳоказолар фикри ҳамда муносабатидан қатъий назар, ўз жонига қасд қилишдир".
Психиатр-мутахассисларнинг хулосасига кўра, аслида ҳар иккисида сабаблари ҳам оз эмас: шахсий турмушдаги муаммолар, оилавий жанжаллар, ажралиш, тан олинмаган севги, яқин кишиларнинг унга нисбатан бепарволиги, меҳр-оқибат кўрмагани, сурункали оғир касалликлар, ишдаги, ўқишдаги омадсизликлар, пул муаммоси, қарзи кўпайиши, ишдан айрилиши, ижтимоий мавқеини йўқотиши, кундалик ҳаёт тарзининг ўзгариши, узоқ давом этадиган оғир депрессия, тушкунликка тушиш, мажбурий босим, мунтазам камситиш, туҳмат, қўрқиш, номусига тегиш, калтаклаш, жисмоний хўрлаш, худодан қўрқиш, бемақсадлик, ҳаддан зиёд чарчаш, ҳаётдан тўйдириб юборади. Ориятнинг зўри баъзида (уятли иш қилгач) ўлимга етаклайди. Тақлид қилиш туфайли фожеали юз берадиган ҳодисаларгача учрайдики, бундай ҳолатларга ҳеч қачон лоқайд қарамаслигимиз керак.
Содиқ САЙҲУН.
(Давоми келгуси сонда).