Шоир, публицист, академик. Шу уч сўзга муносиблик мақомига эришган Содиқ Сайҳун Наманганнинг таниқли ижодкорлари сафида ўзига хос ва ўзига мос ўринни эгаллаганлиги ҳамиша эътирофда. Унинг кўҳна Сайҳун номини тахаллус айлагани ҳам бежиз эмас. Бу атама тўлқинли, сермавж маъноларини англатар экан. Қарангки, устозда худди дарёга монанд жиҳатлар мужассам: қалблари қайноқ, туйғулари туғёнли, сўзлари жўшқин, фикрлари тошқин, ҳаракатлари шошқин. Вақтни бахтнинг қўноғига айланишини истаганлари истаган. Бунинг учун лаҳзани йилга тенг кўрадилар. Қадамлари илдамдан илдам, қаламлари ҳар дамда ҳамдам. Оқ қоғозлар узра сўзларни саралаб-сафлаб, сафлаб-сатрлаб ўқирмонларга гоҳ шеърлар, гоҳ публицистик мақолалар, гоҳ ҳикояю қиссаларни қат-қат вароқлар бағрига муҳрлашдан сира толмайдилар. Ҳаётга нигоҳлари теран, олам ва одам ҳақидаги мушоҳадалари чуқур. Нимани нимага таққослашни, кимни кимга қиёслашни яхши биладилар. Ёзганлари наинки ўқишли, уқишли ҳам. Ҳар бири сермаъною серсабоқ. Камолоткасбликка мушаррафликлари биз каби ёшларни ҳаваслантиргани ҳаваслантирган. Қани эди устоз сингари шеър ярата олсак, қани эди устоз сингари публицистик мақолаларни маромига етказиб бита олсак, қани эди устоз сингари Истиқлолнинг инсонларга инъом этган имкониятларига муносиб таърифлар топа олсак. Кечадан бугунга етиб келган, бугундан эртага етиб борадиган авлодларнинг ўй-фикрлари, орзу-умидларини қай йўсинда ифодалаш услубларини ўрганишга ижодкор ёшлар учун Содиқ Сайҳундек устознинг борликлари жуда ғаниматдир. Салкам эллик йиллик шеърий, насрий ва илмий изланишлари маҳсули қатор-қатор китоблари бизларга қимматли ва сернаф маънавий неъматдир.

Қаламли одамнинг бошқалардан ажралиб турадиган туюмлари ва хислатлари бисёр бўлади. Ҳиссиётчан, хаёлчан, тасаввурчан ва таъсирчан эканликлари боис кўнгил измида ҳаёт кечиришади. Ҳайратона нигоҳлари ноодатий, инчунун, зоҳирона нарсаларгина эмас, ботиний ҳолатларни англашгача бориб етишади. Беоромликдан оромланишади. Кечалари қалбларини қиздирувчи мунаввар туйғулар оғушида бедорланишади. Ёлғизликда ҳам ёлғизланишмайди. Илҳом аталмиш қалбдўст ташрифи завқидан илоҳий сархуш кайфият оғушига шўнғишади. Туйғулари тиниқлашади, теранлашади ва шеърий шарҳ тимсолида сатрланади, байтланади, банд­ланади. Фикрлари оҳорланиб, ёқимли оҳангланади худди Содиқ Сайҳуннинг назмидайин:

Юрагимнинг дардларига сажда айлаб

Яшармидим халқ жонига жон бўлмасам.

Илҳом ичим эринмасдан кавлармиди

Қат-қат шеърлар кўмилмаган кон бўлмасам.

 

Фарзанд дея Ватан суюб қучармиди

Қадди қалқон номус ила ор бўлмасам,

Туйғуларим фариштадек учармиди

Шеъриятга садоқатли ёр бўлмасам

Фариштадек покиза ҳиссиётларга тўла қаламкашнинг шеъриятга қарийб ярим асрдан буён (биринчи машқлари ўн тўрт ёшларида туман газетасида ёритилган) садоқатлари саодатли толега, яъни чинакам шоирлик мартабасига мушаррафлади. Илк назмий китобчаси - "Ўн саккиз ёш эдинг"и 1992 йили мухлислари қўлига теккач, ундан сўнг "Севги сеҳри", "Бобурнинг болалиги", "Ёр келар кун", "Ўқи, тингла, ўйлаб топ!", "Нурпок" тўпламлари Ғафур Ғулом номли, "Чўлпон", "Ёзувчи", "Наманган" нашриётларида минг-мингаб нусхада шеърият шайдоларига етказилди. Булар Сайҳундек тўлиб-тошган сержило туйғулар таронасидирки, уларнинг мухлислари етти ёшдан етмиш ёшгача десак, ҳеч муболаға эмас. Катталарнинг ҳам, кичикларнинг ҳам севимли шои­рига айланиб улгурган бизнинг устозимиз.

Наманган давлат университетида ўзбек тили ва адабиётидан, Ўзбекистон Миллий университетида журналистикадан сабоқланган қўш диплом соҳиби бутун умрини матбуотга бағишлаб келмоқда. Пенсия ёшида ҳам газета таҳририятини тарк этишни хаёлига келтирмаётир. Кўнглида истиқлол ислоҳотларига фаол ҳисса қўшиш ҳисси ҳамон устувор. Чинакамига қора қалам билан қоғоз устида заҳмат чекишни шу инсонда кўриш мумкин. Агар устоз қаламини ручкага алмаштирсалар борми, ҳар кунги бетиним ёзишларига шарклиси ҳам дош беролмайди, найчасидаги сиёҳидан тезда айрилиб, кераксиз матога айланиб қолаверади. Компьютерда осонку, деб ўйларсиз, дарров. Шошилманг. Тўғри, осонликка осонку-я, бизнинг устоз асли азалдан осонга бемеҳрлар. Сабаби барчага қийин туюладиган қўлёзмалаш у кишига осондан-да осондир. Қалам- Содиқ Сайҳун учун илҳом чорловчиси, қўлларига тутишлари билан кўнгилларини чароғонлаб, фикрларини мағизлатади. Мухтасар мақоладан кенгқамровли очерккача, қатра ҳикоядан вароқ-вароқ қиссагача битишда қалам қадрдон кўмакдош. Қанча-қанча насрий китобларни яратган бўлсалар, шу қадрдонларидан ҳеч вақт айро тушмаганликлари боисдир. Қаламга садоқат устоз учун оламга садоқат, одамга садоқат рамзидай. Ахир шоирлик билан ҳам, ёзувчилик билан ҳам Ватанга, халққа хизматлари бардавом. Беш эмас, ўн эмас, ўн беш эмас, йигирмадан зиёд насрий китоблари Республика ва вилоят наш­риётларида кўп нусхаларда чоп этилди. "Тўрақўрғоннома", "Бугун кечанинг эртаси", "Балли, бобурликлар!", "Туркистон" тараққиётда", "Абдулла полвон", "Авлодлар ёдномаси", "Соҳибкорлар", "Кўҳна гўша, қутлуғ қадамжо", "Депутатлар", "Эзгуликка бахшида умр", "Садоқат саодати", "Шифокор ва ҳаёт", "Созанда, хонанда, мураббий"...

Устоз ҳатто Тўрақўрғонда салкам қирқ йил қалам тебратиб, "Салом, "Машъал", хайр, "Давр" деган асар яратиб газета таҳририятидаги ҳамкасблари хизматини ҳам алоҳида китобга муҳрлаб қўйганлар. Кейин эса вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг "Шифокор ва ҳаёт" газетаси журналистлари жамоасига қўшилдилар. Газетамизни мунтазам ўқиб бораётган бўлсангиз, унинг саҳифаларида қўша-қўша ёритилган Содиқ Сайҳуннинг публицистик жанрдаги турли битиклари билан яхши танишсиз. Уларни баҳолаш ўзларингизга ҳавола. Биз эса 2015 йили устознинг "Энг улуғ, энг азиз!" кўрик-танлови ғолиблигига эришганликларидан беҳад фахр туйганмиз. Бу, албатта, истиқлолли Ўзбекистонимиз порлоқ истиқболининг бунёдкори бўлмиш чин иқболли халқимиз ҳаёти ҳақидаги туркум мақолаларининг муносиб эътирофидир.

Содиқ Сайҳуннинг серқирра салоҳият соҳиби сифатида соҳадошлари сафида сермаҳсуллигини сўзламай сукут сақлаёлмаймиз. Илмдаги илғорлиги илгаригилар илғамаганларни илғашдаги изланишлари изчилигида. У тарихга шунчаки ўтмишни ўрганиш мақсадида қарамайди, ўзигача ёзганларнинг фикрларини тўлалигича тўғри деб қабул қилишдан йироқ. Аксинча, ўқийди, мушоҳадалайди, таҳлилга тортади. Ҳатто афсонаю ривоятлардан ҳақиқат парчаларини қидиради. Аждодлар ёдномаларию солномаларини ақл тарозисига қўйиб, янги-янги топимлар ва хулосалар билан бойитади, керак бўлса, ишончсиз битикларга ишончли фаразларини қарши қўйишга журъати етади. Охир-оқибат баҳсдошсиз баҳсларга ўзича якун ясайди. Менимча, бизнингча тарзидагина шахсий мулоҳазаларини баён этади. Ҳеч бир мақоласида ўзи ҳукм чиқармайди. Буни ўқувчиларга қолдиради.

Далилбоп мисоллар талайгинаю, фақат биттасини келтириш кифоя деб ўйлаймиз. У қадимги Фарғона давлатчилигида алоҳида аҳамиятга молик икки пойтахт - "Ахсикент ва Ахси" китобида улар номдош ва ёндош, айнан дарёнинг ўнг ёқасидаги бир-бирига яқин шаҳарлар бўлгани учун ўтмиш араб ва форс тарихчиларидан тортиб ҳозирги ўзимизнинг мозийшуносларимизгача чалкашликларга, унисидаги воқеани бунисига, бунисида умргузаронлик қилганларни унисига нисбатлашиб хато фикрлашларига асло бефарқ қараёлмайди. Асосли талқинлардан сўнг икки жилдли китобнинг биринчи жилдида Ахсикент ва ахсикентлик алломалар, иккинчи жилдида Ахси ва ахсилик машҳур инсонлар ҳақида қизиқарли ва мароқли тарихий ҳикояларни жамулжамлаган. Ва ниҳоят Ахсикентни милоддан аввал барпо бўлганидан токи 13-асрнинг бошларида мўғуллар томонидан бузилиб, ёндирилиб, бутунлай хароба култепага айлантириб юборилганини, дунё саҳнидаги ҳаёти 1700 йилларга етиб, қайта тикланмай ўлик кентлар қаторига қўшилганини тушуниб оламиз. Ахсини эса ундан нарироқдаги худди Ахсикентга ўхшаш баланд тепаликлар устидаги кичик қишлоқдан, кейинроқ яъни, 15-асрда катта шаҳарга айланганини, уни темурий шаҳзодалардан Умаршайх Мирзо ҳукмронлиги даврида Фарғона давлати пойтахти мақомида оламга машҳурланганидан, сўнг Бухоро хонлиги тасарруфида турганлигию, атиги 300 йилдан зиёдроқ умр кўрганидан, аниқроғи, 1620 йилдаги даҳшатли зилзила туфайли замин қаърига чўкиб йўқолганидан воқифланамиз.

Ҳозирда устознинг қўлёзмалари тайёру, ҳали чоп этилишига улгурилмаган китоблари бир талай. "Темур бола" қиссаси, "Фарддаста", "Наманган тиббиёти тарихи", "Наманган тиббиётчилари", "Жарроҳ", "Маҳдуми Аъзам ва Мавлоно Лутфуллоҳ", "Самодил" каби наз­мий ва насрий битиклари улар ичида салмоқлиларидир.

Содиқ Сайҳун Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг оиласи тўғрисидаги рисоласини ҳам якунламоқда. Ҳозирда Исҳоқхон тўра Ибратнинг ибратли ҳаёти ва фаолиятини акс эттирувчи катта ҳажмдаги илмий-оммабоп китобига сўнгги нуқтани қўйиш арафасида.

Яқинда устоз ҳаётидаги унутилмас тақдимотнинг шоҳиди бўлдик. Содиқ Сайҳун Турон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолигига қабул қилинди. Ўбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, "Шуҳрат" медали соҳиби, Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси мукофотининг совриндори, шоир ва публицистнинг академикликка лойиқ топилгани ҳеч биримизни таажжубга солмади. Билъакс, юксак унвон ҳамиша сўзи ўтли, қалами қутли толмас ижодкор учун муносиб эътирофдир. Устознинг юқоридаги "Қадр" шеърлари якунланмасида ўзлари таъкидлаганларидек:

Дилбанд дунё гўшалари файзсиз қай кун,

Булбул бийрон сайрармиди боғ бўлмаса,

Тирикликдан тониб кетар Содиқ Сайҳун

Пайти келиб қадри баланд тоғ бўлмаса!..

Зеро, устозга ҳеч афсусланиш хос эмас. Боиси, истиқлол туфайли Ўзбекистонимиз янги тараққиёт босқичига кирган оламшумул тарихий даврда яшаб, янги-янги шеърий ва насрий асарлари билан замондошларини тобора баланд марраларга руҳлантириш билан ўзлари ҳам қадр-қиммат топиб, эл-юрт ҳурматини қозониш бахтидан мудом бенасиб эмаслар.

Манзура АБДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси

"Истеъдод мактаби-VIII" семинари иштирокчиси.