Айниқса, 21 декабрь куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Халқ депутатлари вилоят, туман ҳамда шаҳар Кенгашларига сайловлар ҳалқимизга кўтаринки кайфият бағишлади. Сайланма органларга номзодлар ичидан муносибларнинг муносибларини депутатликка сайладик.Энди улар беш йил давомида бизларнинг вакилларимиз сифатида фаол иш олиб боришларига тўла ишонамиз.
Мана, Янги йил ҳам эшик қоқмоқда. "Ўзбекистон" халқаро анжуманлар саройида 5 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган куннинг йигирма икки йиллигига бағишланган тантанали маросимда Президентимиз Ислом Каримовнинг қилган ёрқин ва сермазмун маърузаси халқимиз руҳини янада баландлатиб юборди. Юртбошимиз таъкидлаганидай: "Соғлом бола - аввало, соғлом ва аҳил оиланинг мевасидир, деган ҳаётий ҳикматдан келиб чиққан ҳолда, йил давомида оилада ўзаро ҳурмат муҳитини, унинг иқтисодий ва маънавий асосларини мустаҳкамлаш, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, оналик ва болаликни ҳимоялаш, опа-сингилларимизнинг оғирини енгил қилиш, уларнинг қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариш бўйича ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилди".
Янги йилнинг "Кексаларни эъзозлаш йили" дея номланиши эса янада маъқул, янада манзур. Ахир бу ўзимизнинг ўзбекона қадриятларимизга бўлган эътиборнинг давлат ва мамлакат миқёсида кучайтирилаётганидан далолат беради. Зеро, кексаларнинг кўнгилларини кўтариш, уларни ардоқлаш ғоят савобли, ғоят мароқли. Дуоларига мушаррафлик эса дилларимизни мунавварликка тўлдиради. Президентимиз юксак минбардан туриб эл-юртимизга қарата айтганларидек: "...асрлар синовидан ўтган мана шундай ўлмас қадриятларга таяниб, ўз кучи ва қудратига ишониб-инониб яшаётган халқимизни ўз танлаган йўлидан ҳеч ким, ҳеч қачон қайтара олмайди. Биз ўз мақсадларимизга албатта эришамиз ва кўзлаган марраларимизга албатта етамиз".
Янги йилингиз муборак бўлсин, азиз саломатлик посбонлари ва кўпсонли мухлислар!