Бундан ташқари, қадимги туркий халқлар оловни аёл сифатида тасаввур қилганлар ва бу муқаддас илоҳани "она ўт" ёхуд "олов аёл" деб атаган эдилар. Қадимги даврларда қабила оловини ёқиб турадиган киши, яъни "ўтнинг эгаси, оғаси" вазифасини аёллар бажарган эдилар. Аждодларимиз наздида оловсиз ўчоқ - мисоли эгасиз, бирон-бир кимсасиз уйга ўхшатилган. Ўчоғида ўчмас олов ёниб турган хонадонлардагина ҳар доим қут-барака, бахт-саодат, фароғат ва фаровонлик бўлади, деб ҳисобланган эди. Ўчоқда аста ёнаётган оловни бул­ғамаслик учун турли хил ифлос нарсаларни, ҳатто пок бўлмаган ўтинни ёқиш ҳам тақиқланган. Ифлос ўтинни ёқишдан олдин қуёшда яхшилаб қуритилган ёки сув билан ювиб тозаланган, фақат шундан кейингина ўчоққа аста ташланган.

Аждодларимиз олов ёнган ўчоққа қалампир, нон, озиқ-овқат қолдиқлари ташлаш, турли-туман чиқиндиларни ёқиш ё ўчоқдан чиққан кулни ахлатхоналарга тўкиш ва ҳаром чиқиндиларни ўчоқ оловида куйдиришни гуноҳи азим ҳисоблаганлар. Агар оловнинг кули билан ахлат битта жойга ташланса, ушбу хонадоннинг тўй ва аза маросимлари бир-бирига қўшилиб кетади, деб ўйланганди. Мотам маросимларида эса муқаддас оловни булғамаслик учун уч кун мобайнида бу хонадон ўчоғида ўт ёқиб, таом тайёрланмаган. Бундан ташқари эса, айрим жойларда ҳозирга қадар ҳам никоҳ тў­йида келин-куёвни инс-жинс, бало-қазодан поклаш мақсадида олов атрофида айлантириш одати ҳам бизга аждодлардан мерос.

"Авесто"да одамлар ҳамиша ювиниб-тараниб юриши, инсу жинслар нафаси тегмаслиги, ҳаводаги кўланса нарсалар ўтириб қолмаслиги учун бошга қалпоқ кийиб, рўмол ўраб юриш тавсия этилган. Ҳар куни юз-қўлни бир неча марта ювиш, тиш, бурун ва қулоқларни доимо тозалаб юриш шартлиги алоҳида уқтирилган. Масалан, сочиқ, тиш ювиш воситаларини махсус жойда сақлаш, олинган соч ва тирноқларни одамлар яшайдиган жойдан нарига, ит, мушук, кучук сингари жонзотлар ковлаб чиқара олмайдиган даражадаги чуқурликка кўмиб қўйиш тавсия қилинган. Чунки, зардуштийликда танадан жудо бўлган ҳар қандай нарса мурдор ҳисобланган. Ҳовли эшиги олдига ё кўчага ахлат ташлаб қўйган фаррош ёхуд уй бекаси 25 дарра калтакланиш билан жазоланган. Ҳовуз, чашма ва ариқ бўйига мевали дарахтлар экилмаган. Чунки бир дона мева сувга тушиб чириса, "юз минг микроб" тарқатиши, турли-туман хасталиклар сабаби бўлиши аждодларимизга маълум бўлган. Ҳайз кўрган аёллар сув ҳавзаларидан 15 қадам наридан ўтишлари керак, деб ҳисобланган. Ҳайз муддати ўтгунига қадар аёллар оила аъзоларидан, бошқалардан алоҳида яшаб турганлар.

"Кимда ким мурдор ерни пок этувчиларни хушнуд қилса, у оташга хушнудлик бахш этади, сув, ерни, дарахтларни, эътиқоди бут бари аёлу эркакларни хушнуд этади", "Одам жисми тупроққа топширилган лаҳзалардан эллик йил ўтганидан ке­йингина замин ўзининг дастлабки поклик ҳолатига қайтади". "Авесто"да ана шу вақт ўтгандан сўнг кейингина бундай заминга мевали дарахтлар ўт­қазиш ёки у ерда зироатчилик билан шуғулланиш мумкинлиги уқтирилган.

Шунингдек, "Авесто"да хонаки ҳайвонлар: қўй, эчки, сигир, хачир, эшак, отлар, туялар ва бошқа жониворларни сақлаш ҳамда парвариш қилиш хусусида ҳам жуда кўп фойдали маслаҳатлар мавжуд. Бир "саги оби" - сув итини ўлдириб, унинг мурдасининг чириб, микроб тарқалишига сабаб бўлган киши бир аскарга от, дубулға, совут, қал­қон, этик, камон, найза, гурзи, палахмон олиб беришдек жарима тўлашга мажбур этилган. Ҳомиласини қасддан нобуд қилган аёл қаттиқ жазоланган. Агарда ушбу фожеага эркак киши алоқадор бўлса, уни қатл этиш ҳақида ҳукм чиқарилган.

Атроф-муҳит, кўча-кўй, бутазорлар, ўтлоқларни, ерни ифлос қилган ҳамда уни асраш қоидаларини бузган шахслар "400 қамчи уриш жазосига" гирифтор қилинган. Одам ўзи яшаётган хонадаги обрезда ювиниши ва чўмилиши қатъий ман қилинган эди. Чунки ювиниш жараёнида кир ва кўланса ҳид яна буғланиб, нафас йўли орқали инсон танасига кириб, оғир касалликларга сабаб бўлиши мумкинлигини аждодларимиз жуда яхши англар эдилар. Деярли барча хасталикларни даволаш жараёнида парҳез қилиш асосий омиллардан бири ҳисобланган. Фарзанд кутаётган ҳомиладор аёлларнинг парҳезига эса алоҳида диққат-эътибор қаратилган.

Қадим аждодларимиз озодалик, тозалик кишиларни турли-туман ифлослик ва ёмонликлардан доим асраб-авайлайди, деб тушунганлар. Бундай беҳад даражадаги ибратли одатлар ўзгача тасаввурларнинг қанотида бизгача етиб келганлигига ўзингиз ҳам тирик гувоҳсиз. Мунис оналаримиз кечқурун ишлатилган қозон ва идиш-товоқларни ювиб-тозалаб, саранжом-саришта қилиб, ҳар қандай шароитда ҳам уларни эрталабга ювуқсиз қолдирмайдилар. Буни ниҳоятда бехосият нарса, деб биладилар.

Ахура Маздага эргашган одамлар Ахриманга боғлиқ барча ифлослик ва касаллик, чанг ва занг, хиёнат ва исқиртлик, сўлиган ва қуриган нарсаларга қарши бетиним курашганлар. Оловга тоза, қуруқ ўтинни ташлаш билан бирга чиқиндини ёқиш маън этилган. Иложи борича оиладан чиқинди чиқармасликка ҳаракат қилинган ва нарсаларни бузилиб, ёмонроқ ҳид чиқаришидан аввал алоҳида ажратилган жойда ёқиб юборилган. Тағин "Авесто"дан ўқиймиз: "Покиза сувнинг ва ёниб турган оловнинг қаршисида густоҳлик қилган зотларнинг дўзахда топгуси жазоси бу дунёнинг жамики дарду озорларидан ҳам мудҳишроқдир..."

Ўзбек давлатчиги илк даври мафкураси вазифасини шараф билан уддалаган "Авесто"да атроф-муҳит тозалигини асраш ва хасталикларнинг олдини олишнинг турли воситалари хусусидаги қатор тавсиялар мавжуд. Энг аввало, ахлат, ифлосланган жойлар тупроқ, тош, шағал, қум билан кўмиб ташланган. Кийим-кечак, атроф-муҳит "Авесто"да покловчи ва офатни бартараф этувчи восита ҳисобланган - олов ёрдамида тозаланган.

Микробларга кимёвий йўл билан: сирка, шароб, турли-туман гиёҳлар (исфанд-исириқ, садаф, алоэ)­ни тутатиш орқали бетиним кураш олиб борилган. Аждодларимиз касалликларнинг олдини олиш мақсадида исириқдан кенг фойдаланганлар. Хусусан, уйда бирон-бир бемор бўлса, чақалоқни биринчи маротаба бешикка белинаётганда, келин туширганда, хонадонга бегона одам келиб кетган пайтларда эҳтиёт чора сифатида исириқ тутатиб турилган. Илмий тиббиёт маълумотларига кўра, исириқ тутуни касаллик тарқатувчи микроб ва бактерияларни йўқотади. У ревматизм, радикулит, грипп, безгак сингари хасталикларни даволашда ҳам яхши самара беришини шифокорларимиз роса яхши биладилар.

"Авесто"да уй ҳайвонлари - мушук, итларни боқиш қоида-тарибларига риоя қилиш, жониворларга беҳуда озор бермаслик, уларнинг бемаҳал ўлимига сабабчи бўлмасликка даъват этилган. "Вендидод"га асосланадиган бўлсак, ҳеч кимга ҳеч қачон озор етказмаган итни ўлдирган кимса "руҳиятни тетиклаштирадиган ўсимлик баргидан 10 мингтасини жарима сифатида тўлаши,... 1000 эчкиэмар, 1000 сув қўнғизи, касаллик тарқатувчи пашшани ўлдириб ўз гуноҳини ювиши лозим" эди.

"Авесто"да доимо бадан тарбияси билан шуғулланиш, кунда юз-қўлни бир неча марта ювиш, қўлни ювмасдан туриб тананинг бошқа жойларини ушламаслик, сочни озода тутиб, тирноқларни тозалаб туриш маслаҳат берилган. Чунончи, "Вендидод"нинг 17-бобида шайтон нажосати тўпланадиган ва кесиб ташланадиган соч, тирноқни нима қилиш кераклиги хусусида тавсия берилган. Соч ва тирноқларнинг ўзига хос афсунгарлик хоссалари ҳақидаги зардуштийлик қарашларининг баъзи излари бўлса эл-юрт ҳаётида бугунга қадар сақланиб келаётганлигини ўзингиз ҳам жуда яхши биласиз. Кекса онахонларимиз фикрича, тирноқларни олгандан кейин уни четроқ ерга ташлаш лозим. Агар олинган тирноқ чекка жойга ташланмаса, у қиёматда ўша одамнинг оёғи остидан тешиб чиқади, деб ҳисобланади. Шу боисданам баъзилар тирноқларини олгандан сўнг уни кафанга ўхшатиб қоғозга ўраб: "Қора ер сенга топширдим. Шамол сен гувоҳ бўл!" деб четроқ жойларга кўмиб қўядилар. Зардуштийлик анъанасига биноан олинган ёки ювганда тўкилган сочларни ҳам ўтга, сувга ташланмаган. Бундай қилиш гуноҳ ҳисоблангани сабабли олинган ё тўкилган сочни деворлар кавагига қўйилган ёки мевали дарахтнинг тагига кўмилган. Агар бу сочни оловга ташланса, айнан шу одам бош оғриғига учрайди, деган ирим ҳам мавжудлигидан бохабар бўлсангиз керак.

Соч ва тирноқларга бўлган покиза муносабат Ахура Маздага беҳад даражада ёқадиган хусусият ҳисобланган. Бу одат ҳаттоки ҳозирги замон кишиларида ҳам учраб туради: сартарошхоналарда соч толалари тезда оёқ остидан супуриб олинади; тирноқлар дуч келган ерга ташлаб юборилмайди, улар ҳам йиғилиб тоза жойга қўйилади; болаларнинг тиши тушгудек бўлса уни ё тозароқ жойга олиб қўйиш, ёхуд "Суяк тишингни ол, темир тишимни бер!" дея томга отиб юбориш одатимиз ҳам борлигини биласиз.

"Авесто"да жазирама иссиқ, совуқ ҳаво, очлик, мечкайлик, руҳий изтироб, бузилган таомни истеъмол қилиш, тозаликка риоя қилмаслик қандай мушкул оқибатларга олиб келиши мумкинлиги масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Ахриман юборган қурт, пашшалар ва бошқа ҳашаротлар, бузилган ҳаво касалликларнинг энг асосий манбаи, деб ҳисобланган.

"Вендидод"да дунёдаги биринчи шифокор Тирити фаолияти анчагина батафсил баён этилган. Уни осмонда ёмғир томчиларига самовий гиёҳлардан тайёрланган илоҳий қудратга молик Ҳумни ёғдирган Тирити Ишия - барча сувларнинг ўғлига ҳам нисбатан берадилар. У табобат тангриси даражасида улуғланганди. Тирити хасталикларни доривор ўсимликлардан тайёрланган малҳам, тиғ воситасида ҳамда дуо билан даволаш усулларини жорий этган, кўпгина касалликларнинг сабабчиси бўлмиш Тўфон аждаҳосини ўлдирган. Шу боисдан Ахура Мазда 10 минг доривор гиёҳларни айнан унинг ихтиёрига берган. Доривор ўсимликлар султони Ҳум деб аталган. "Хўрдак Авесто" - "Кичик Авесто" китобининг бир боби эса Ҳумнинг хосияти, тавсифи ва таърифига бағишланган. Барча инсонларнинг дармонбахши ҳисобланган бу мўъжизавий шарбат кишиларга ғайрат-шижоат, кўркамлик, сокинлик, пок руҳ, соғлом ақл, мангу умр ҳадя этади; баҳодирларга зафар келтиради, ўғри, қароқчи, нопоклар, газандаларнинг ҳидини узоқдан сезиш қобилиятини беради. Ҳумдан ичган одам эзгу ишларни амалга оширади, ер юзини обод, халқини шод, юртни эса фаровон этади. Кишиларга ҳушёрлик, зийраклик бахш этувчи бу ичимлик эфедра - игнабаргли бутасимон ўсимликнинг хушбўй сиқма сувига сут қўшиб узоқ муддат шопириш ҳисобига тайёрланган. Уни асраш, жамоатга етарли миқдорда йиғиб, кўпайтириш учун катта сопол идишлар ишлатилган. "Авесто"да Ҳумнинг асл уруғи жаннатдан келтирилган, деб ҳисобланган.

"Авесто"да инсон наслининг асл бўлиши ва зот омилларига ҳам алоҳида эътибор қаратилганди. Биринчидан, оила қурадиган йигитлар ва қизларнинг ҳар жиҳатдан, яъни жисмонан ва маънан бенуқсон, соғлом бўлиши ҳисобга олинган. Иккинчи тарафдан, ҳомиладор аёл изтироб чекмаслиги, асабийлашмаслиги, кўпроқ мева, гўшт истеъмол қилиши ва фақатгина ҳалол меҳнат эвазига топилган ризқни ейиши даркорлиги уқтирилган.

Болани тарбиялашда узвийликка, ворисийликка қатъий амал қилинган, яъни чақалоқ - гўдак икки ёшига қадар она сути билан тўла-тўкис таъминланиши, учинчи ёшга ўтганидагина сигир сути ва сутдан тайёрланган турли таомлар билан парвариш этилиши лозимлиги уқтирилганди. Она сутидан ажратилган бола 5 ёшга етгунича сигир сутини ичишни канда қилмаслиги талаб этилган.

Буюк аждодлардан мерос, бутун дунё илм аҳли томонидан ҳанузга қадар синчиклаб ўрганилаётган ёдгорликда фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш, яйловлар, бутазорларни сира пайхон қилмаслик, экинзор, боғ-роғлар ва мевали дарахтларга асло зарар етказмаслик, атроф-муҳит покизалигини асраш, булоқ, қудуқлар, ҳовуз ва ариқлар тозалигига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги хусусида ҳам ибратли фикр-мулоҳазалар мавжуд. Масалан, ҳовуз ёки ариқ бўйида молини боққан ёки ўша ерга отини боғлаган ҳар қандай шахс, ўша жамиятда тутган мавқеи ҳамда эгаллаб турган лавозимидан қатъи назар, 25 қамчи саваланиш билан жазоланган.

Ахура Мазда шундай дейди: "Ўзга инсонларни яхшиликка олиб борган кишиларгагина яхшилик насиб этади". "Авесто"да бундан ташқари бевосита бугунги таҳликали XXI аср ибтидосига ҳам дахлдор амалий тавсиялар мавжуд: "Ғазабдан ўзингни асра! Чунки, ғазаб туфайли ҳам инсон ўз ишларини, эзгу мақсадларини унутиб қўяди, Илоҳнинг олдидаги вазифалари, ибодати ва ҳалол меҳнатидан қолади. Ғазаб туфайли қабиҳ ниятларга берилади ва ёмон ишларга қўл уради.

Ўзингни ғам-андуҳга топширма! Ақл билан иш тутиб ғамдан ўзингни фориғ тут. Ҳирсга асло берилма, ҳиссиётингни тизгинла. Агар меъёр кетиб қолса руҳингга зарар етади, афсус туғилади.

Инсон ўзини ҳасаддан эҳтиёт қилиши керак. Ҳасад туфайли ҳаётда ҳаловат йўқолади, сафо ўлади... Сиҳат-саломатлик учун энг муҳим шарт таомларни меъёрида тановул қилиш, танани эса доим меҳнатда тутишдан иборат. Ғамгин бўлмаслик учун эса, энг аввало, сабр-қаноатли бўлиш лозим..."

Хуллас, "Авесто"да бундан 3 минг йил муқаддам Ота юртда умгузаронлик қилган улуғ аждодларимизнинг ҳанузгача охори тўкилмаган тиббиётга дахлдор бунёдкор ғоялари ҳам ўз аксини топган. Александр Македонский Эрон ва Туронни истило этгач, "Авесто"нинг беҳад мукаммал, нодир нусхасини Грецияга элтиб, унинг тарих, математика, астрономия, география, тиббиётга оид қисм­ларинигина юнончага таржима қилдириб ва аслини ёқтириб юборган. Авестошунослар ушбу буюк асарнинг кўҳна нусхасида табибнинг қасамёди матни, жомга заҳарини тўкаётган илоннинг нақши бўлганлиги хусусида маълумот берадилар. Демак, Ғарбда Гиппократ ҳозирга қадар қасамёди, деб келинган врач қасамёди, табобат рамзи ҳам асли ўзимизнинг улуғ элимиздан чиққан экан. Бу қадимий маънавият сарчашмасидаги беқиёс эзгу ғояларни ҳар томонлама ўрганиш бугун экологик фалокат гирдобига тортилган Курраи заминнинг аҳли учун кони фойдадир. Айниқса, инсон, уй-рўзғор озодалиги, атроф-муҳит покизалиги, Она Сайё­ра, табиатни асраш, сиҳат-саломатлик хусусидаги бунёдкор ғоялар ҳанузгача ўзининг долзарблигини сақлаб қолмоқда.

Бахтиёр ИСОҚОВ.

(Тамом).