Бугун-кечанинг эртаси, бугун-эртанинг кечаси. Муқим ибтидоси ўтмишга, интиҳоси келажакка сарҳаддош. Йигирма тўрт соатлик ҳисобли вақт ичра умримиз кечади. Унинг сарҳадини ўтмиш ҳам, келажак ҳам бузиб кира олмайди. Аммо ҳаётимиз азалий маконда кеча-бугун-эрта аталмиш уч бирликка дахлдор. Фақатгина бугунида ўзлигимиз намоён. Кечасию, эртаси хаёлимизда жонланади: бири хотира, иккинчиси орзу тимсолида. Дахлдорлик туйғусини теран англаш умрига зийнат излаш иштиёқини пайвандлаб юборади. Ана шу нуқтада эзгулик аталмиш олам гавҳари одам кўнглида жилваланади.

Ўтиб кетдинг шамолдай эсиб,

Бугунги кун, эй олтинваш дам.

Умрим кетиб боришин кўриб,

Одимладим олдинга илдам.

Шоир Мусо Акмал учун лаҳзаларнинг юки залворли. Беғалва калла-калла эмас, гарчи томирларида босим пайдо қилса ҳам. Муҳими, бугунги кунни масрур ва мамнун кузатиш. Шундан қарори қатъий:

Оёғингни ерга маҳкам бос,

Тишларингни ғижирлат майли.

Гул очилсин кўнглингда қийғос,

Садоқатинг, меҳринг туфайли.

Гўё бу сўзлар ўқувчига айтилаётгандай эрса-да, ўзининг ҳаёт фалсафаси эканлигини уқишимиз қийин эмас. Бўлмаса, қарийб 600 саҳифали назм битикларини шеърият шайдоларига туҳфалай олармиди?!

Ўзининг таъкидича, ўзига хос сайланмаси 1990 йилдан бу ёғида ёзган асарларидан тартибланган. Тўғри, Акрам Усмон билан ҳаммуаллифликда "Юрак мактублари" тўплами билан 2004 йилда адабиётда ростмана бўй кўрсатган шоир кейин кетма-кет "Орзу азоби" (2006), "Муҳаббат мўъжизаси" (2011), "Пайғом" (2015) китоблари билан мухлисларига қалбини кенгроқ очган эди. Айни дамда - салкам олтмиш ёш остонаси бўсағасида ўзининг назм гулшани сайрига бизларни чорлаб қўйибди. Академик адиб Боқий Мирзо эътироф этганидек китобда "...соф ўзбекона туйғулар, кечинмалар, самимий инсоннинг бир-бирига шивирлаб айтиши мумкин бўлган мутойибалари, дардлари бор. Шунинг ўзи ҳам шеърхон қалбини бойита олади, шеър мулкига сайр қилишлари учун фариштадек имлаб туради".

Мен шоирнинг катта-кичик шеърлари маъноларини сўзлаб, одатий таҳлилдан ўзимни тияман. Ундан кўра, Мусо Акмал кўнгил кечинмаларини қай тарзда, қай услубда ифодалашию, қай даражада уддалаши маҳоратига мухтасар тўхталишни мақсадга мувофиқ биламан. Шу аснода ижодкорнинг ўзига хос, ўзига мос қалам тебратишидан маълум даражада бохабарлай олсам ажаб эмас. Барча саодатларимиз саховаткори бўлмиш ИСТИҚЛОЛ ҳақида ўйлаганида шоир уни инсон учун яратилган барча суюкли ва зарур неъматларнинг аълоси сифатида тасаввурлайди, қиёсларга қиёслаб кўради. ЭНГ даражасига муносиб билади шу тақдирига туташ сўзни:

Бир сўз бор дунёда асалдан тотли,

Тупроқдайин азиз, сувдан-да тоза.

Оловдай ҳаётбахш, тоғдай ҳайбатли,

Озодлик ҳам олар ундан андоза.

Шеърларида "мен"и мавжуд оламга боқиб қаноатланмайди ва бу ҳақида лом-мим демайди. Бироқ ўзгача йўсиндаги ички истагини пинҳон ҳам тутолмайди. Саволларни сафлайди:

Қачон бу юлдузлар айланар ойга,

Дарахтлар қай чоғда сўзлаша бошлар?!

Қачон турғун тоғлар қилади пойга

Ва нурга айланар ҳарсанглар, тошлар?!

Мусо Акмал ҳаётий ҳақиқатларни бемушоҳада тан олиб кетаверадиган шоирлардан эмас. Унинг "қайсар" кўнгли инсон ҳаётини такрор-такрор кўра олади, умрини кунларга "бўлиб" юборади. Уйғоқлик ва ухлоқликни тонг ва шомга боғлайди. Зидлов зикрига беихтиёр қўшилганимизни сезмай қоламиз.

Дунёга бир марта келмайди инсон,

Ҳар тонг тирилади, ҳар оқшом сўниб.

У, ахир, бу кўҳна оламга меҳмон,

Бир куни талҳ йиғлар, бир куни кулиб.

У антоним сўзларни фикрига тош босадиган қилиб, шундай ўрни-ўрнига қўядики, баъзи одамларнинг номақбул хатти-ҳаракати кўз ўнгимизда ёрқин намоёнланади:

Ёт, десанг туради; тур десанг ётар;

Ол, десанг қочади; қоч, десанг ушлар.

Кет, десанг келади; кел десанг кетар,

Меровин билмайсан, нохос ирғишлар.

Бундайларга шоирнинг раҳми келади, дили оғрийди. На бировнинг гапига киради, на ўзининг йўли бор. Ҳаракатсиз, зулмату нурга бефарқ.

Ўзининг фойдасин билмайди асло,

Фойда деганлари бир фараз, холос.

Муаммодан ясар яна муаммо,

Топгани ўтирган бўйраси, холос!..

Мусо Акмал учликларининг аксарияти шарҳсиз шеър даражасига кўтарилган. Ўқишли ва уқишли. Ҳажми кичик, маъноси катта: Исботига учта учлик кифоя, албатта:

Ҳаммасини кўриб жим турар Худо,

Жим турар ва лекин урса ҳам

Нишонга уради бехато.

 

Севинсам, дунёга сиғмай кетаман,

Қўлларим янаям узун бўлсайди,

Шу Ернинг белидан бир сиқиб қўйсам...

 

Наҳотки, одамлар ўзгарди бетин,

Наҳотки, ўзгарди сўзлар туси ҳам,

Аввалги ҳавони симирмас ҳеч ким.

"Ўтаётган кунлар" бағри шоир ғазалларидан алоҳида зийнатланган. 60 ғазалнинг ҳар бирини матлаъсидан мақтасигача мутолаа қилган мухлис унинг арузий билим-маҳорати такомилига етиб қолганини англайди. Байтма-байт фикрчанлик ортиб, боради, охорли бадиий ифодалар кўнгилдаги ёқимли туйғуларни қитиқлайди. Навоий, Низомий, Фузулий, Бобур, Машраб ғазалларига боғланган мухаммаслари эса, улуғ ижодкорларга хаёлан қўл бериб, улардан илҳом олиб тебратган қаламидан янграган наз­мий наволардир.

Мусо Акмал ижоди хусусида асли дилимизда гапларимиз кўпу, мақола учун газета саҳифасидан ажратилган ўрин имкониятимизни чеклаб тургани сабаб ҳозирча шу жойда нуқта қўямиз. Ҳали айтадиган ва битадиган сўзларимиз учун олтмиш ёшлик айёмида яна бир бор мавриди келишига умид қилиб ишонамиз.

Содиқ САЙҲУН.