ДАЪВАТ
Асл фарзанд бўлай десангиз,
Гулдай униб ўсай десангиз,
Дуо олиб тўлай десангиз,
Эзгу ишлар қилай десангиз,
Ҳар бир тонгни савобдан бошланг,
Кексаларни эъзозлаб яшанг.
Ассаломдан бошланг сўзингиз,
Юзларига босиб юзингиз,
Пойига нур бўлсин кўзингиз,
Қувонч, меҳр бериб ўзингиз,
Ҳар бир тонгни савобдан бошланг,
Кексаларни эъзозлаб яшанг.
Қачонлардир биздай эдилар,
Элнинг, юртнинг ғамин едилар,
Неки бало, кўкрак кердилар,
Ёшликларин бизга бердилар,
Ҳар бир тонгни савобдан бошланг,
Кексаларни эъзозлаб яшанг.
Суянчиқдир - тоғимиз ҳар он,
Кундан кунга турмуш фаровон,
Улар билан тотли ҳур замон,
Бахтимизга бўлишсин омон,
Ҳар бир тонгни савобдан бошланг,
Кексаларни эъзозлаб яшанг.
Равшанбек Мирзаолимов.