Тўрақўрғон саноати фахри тимсоли бўлган мазкур корхона тезда юксалиш ва камолот касб этди. Бу ҳақда китоблар битилди."Ўшанда (1973 йилда - М.А) цех 2000 тонна мевани қайта ишларди, - дейилибди "Ширинлик" комбинати" рисоласида. - Завод эса биринчи йилиёқ 4000 тонна маҳсулот берди. Реконструкция, янги қурилишлар, монтаж ишлари кўлами кенгайди. Италиянинг "Сандвик" линияси, Американинг "ФМС" агрегати ўрнатилди. Комбинат 1990 йилда 10.000 тонна сабзавот, 5000 тона қуруқ мевани қайта ишлади. Бу мингга яқин ишчи-хизматчиларнинг фидокорона меҳнатлари самараси эди".

Яхши биламизки, 1975 йили Иккинчи жаҳон урушида қозонилган буюк ғалабанинг 30 йиллиги тантанали нишонланган. Шароф Рашидовнинг ўзи ҳам уруш қатнашчиси эди. У жангоҳларда ҳалок бўлганларнинг хотирасини абадийлаштиришга, фронтдан ғолиб қайтганларга алоҳида эътибор билан қаради. Шу йилдан Ўзбекистоннинг барча гўшаларида "Шон-шуҳрат" уйлари тикланиб, қутлуғ зиёратгоҳларнинг эшиклари халққа очиб қўйила бошланди. Зиммасида давлатни бошқаришдек ғоят масъулиятли вазифа турса-да, ана шу масканларнинг тантанали маросимларида иштирок этишгача вақт топгани у кишининг эзгу фазилатлар соҳиби эканлиги далолатидир.

1978 йил, 19 сентябрь. Тўрақўрғонда Жанговар ва меҳнат шон-шуҳрати уйи қурилиб, ишга туширилган кун. Шароф Рашидов вилоят раҳбари Маҳкам Камолов билан туманга ташриф буюрди. Қутлуғ масканнинг рамзий лентасини йиғилганларнинг тантанали қарсаклари остида қирқигач, у киши ғоят таъсирчан нутқ сўзлади. Ўтганларнинг руҳи олдида таъзим бажо келтириш ҳамманинг муқаддас бурчи эканини таъкидлаб, мангу оловни ёқиб берди. Сўнгра уч гумбазли шарқона меъморчилик услубидаги масканни биринчи бўлиб зиёрат қилди. Фикр-мулоҳазалар китобига эса қуйидаги дасхатни ёзиб қолдирди: "Тўрақўр­ғон туманида бунёдга келтирилган бундай муҳташам бино кишини бениҳоя ҳайратлантиради, ўзига мафтун қилади. Чунки, айни шу ерда даҳшатли жангу жадаллар, фронтда хизмат кўрсатган тўрақўрғонликлар, уларнинг урушдан кейинги ажо­йиб ҳаёти ва меҳнат фаолиятлари, умуман, юртимиздаги қайта юксалишда иштирок этган барча қаҳрамонлар тўғрисида батафсил ҳикоя қилинади.

Ушбу қаҳрамонлик қиссалари абадул-абад янграб туражак. Бу - меҳнат ва жанговар шон-шуҳрат уйидан ўчмас овоз аср­дан-асрларга, авлоддан-авлодларга етажак.

Шу муҳташам иморатни қўллари билан яратган ажойиб ватанпарварларга чуқур миннатдорчилик ҳамда чин дилдан раҳматлар билдираман!"

Наманганда бундай маҳобатли бинонинг бунёд этилиши, унинг бағри мозий ойнасидек зиёратчиларни ўзига ҳамиша мафтун этаётгани кўпчиликни шу ёққа талпинтирди. Айниқса, ғазалхон шоир Набихон Чустийни беҳад илҳомлантирди. У "Муқаддас мангулик кошонаси" қасидасини завқ-шавққа тўлиб яратди:

Бу ўлка қаҳрамонлар ўлкасидир,

Ҳамиша ортади қалбимда ҳурмат.

Бу ўлка бағрида Бобур туғилмиш,

Бу фикрим тубида бордир ҳақиқат.

Кўзимга нурли гумбаз жилва берди,

Фалакнинг гумбазидан серсаловат.

Агар бўлса эди Монию Беҳзод,

Дер эди офарин соатба соат. -

Дерди Агра жамоли Тожмаҳал ҳам

Ана зебу ана қасри малоҳат.

Бу ўлка кўксини мангу нишони,

Муборак сершарофат бу иморат.

Мисоли йўқ бино номини сўрдим,

Азиз дўстим деди айлаб ҳикоят:

Табаррук шону-шуҳрат хонаси бу

Муқаддас мангулик кошонаси бу!

Орадан роса бир йил ўтди. 1979 йил, 9 сентябрда Шароф Рашидов янги очилган "Ёшлик" спорт комплексига кирди. Бу ерда спортчи йигитларни самимий суҳбатга тортди.

- Пахтакорларимиз жуда яхши ишлашяптию, "Пахтакор" футболчиларимиз уялтириб қўйишмоқда. Сизлар сира-сира бўш кел­манг­лар, Тўрақўрғоннинг шуҳратини баланд кўтаринглар! - деди Рашидов ўшанда, - мароқ билан эслайди меҳнат фахрийси, Тўрақўрғон шаҳар кенгашининг собиқ раиси Турсунали ҳожи ота Абдуқодиров.

Шароф Рашидовнинг зийрак нигоҳидан ҳеч бир яхши нарса, ҳеч бир эзгу амал четда турмасди. У мукаммалликдан мукаммаллик қидирарди, гўзалликдан гўзаллик ахтарарди, ҳамма-ҳаммасини ҳалқига илинарди. Мустабид тузумда юртдошлари гарчи қорни тўқ, усти бут яшаётгани билан кўнгли ростмана яйрамаётганини ич-ичидан ҳис этарди. Давр тақозоси билан уни сиртига чиқармаса-да, қўлидан келадиган ғамхўрлигу меҳрибонлигини сира-сира аямасди. Ҳар йили ёки икки йилда бир Наманган вилоятининг Шаҳанддаги "Ўзбекистон" жамоа хўжалиги боғида қишлоқ хўжалик ходимларининг ёзги кенгаши кўпинча Шароф Рашидов келганида чақириларди. Ҳатто водий илғорларигача бу соя-салқин ва баҳаво гўшага чорланарди. Ана ўшандай лаҳзаларда атрофга зийраклик билан назар ташлайдиган давлат арбобининг кўнглида янги-янги эзгу ниятлар ниш урарди. Улардан бири шу боғда меҳнаткашлар ҳордиқ чиқариб, соғлиғини мустаҳкамлайдиган санаторий очиш бўлганини 70-йилларнинг охирларида барча билди. Бу ҳақда даволаш масканининг биринчи бош врачи Ривожиддин хожи ота Мадаминов қуйидагиларни хотирлаган:

- 1978 йили Шаҳандга чақиртириб қолишди. Етиб борсам, вилоят ва туман раҳбарлари йиғилиб туришган экан. Менга кўзлари тушибоқ: "Мадаминов, келаверинг, биз сизни кутяпмиз, - деди Тўрақўрғон туман партия қўмитасининг биринчи котиби Маматхон Бобохонов. Яқин бориб сўрашдим. У эса сўзини менга қараб давом эттирди:

- Шароф Рашидов, бу ерга келганларида сўлим боғимизни халқ дам оладиган жой қилинглар, - деб маслаҳат бергандилар. Ҳозиргача вилоят раҳбарияти билан бир фикр­га келдик. Бу боғда хўжаликлараро санаторий-профилакторий барпо қилмоқчимиз. Нима дейсиз?

Эътирозга ўрин қолмади. Рози бўлдим. Республика раҳбари шуни лозим топган экан, бу ҳайрли ва савобли ишнинг иштирокчилари сафига қўшилганимдан фахрланиб ҳам кетдим. Бир йил ўтиб-ўтмаёқ Шаҳанд санаторий-профилакторийси дастлабки 100 нафар дам олувчини ўз бағрига олди".

Манзура АБДУЛЛАЕВА.

(Давоми бор).