Аксинча, бўлиши ҳеч қачон мумкин эмас: "Конституцияда назарда тутилмаган тартибда давлат ҳокимияти ваколатларини ўзлаштириш, ҳокимият идоралари фаолиятини тўхтатиб қўйиш ёки тугатиш, ҳокимиятнинг янги ва мувозий таркибларини тузиш Конституцияга хилоф ҳисобланади ва қонунга биноан жавобгарликка тортишга асос бўлади". Буни ҳеч ким унутишга ҳаққи йўқ. Давлат ҳимояси ҳамиша қонуний кафолатли.

Халқ ва миллат тушунчаси аслида маънодош, лекин унинг фарқланадиган нозик жиҳатларини ҳам назардан қочирмаслигимиз керак. Ўзбек миллати, ўзбек халқи бир хил фикрни икки хил кўринишдаги ҳолати. Ана энди Ўзбекистон халқи иборасига келсак, маъно анча кенгайган. Яъни бунда Ўзбекистонда яшовчи барча миллат ва элатлар ифодаланади. Улар ичида руслар, қозоқлар, қирғизлар, туркманлар, тожиклар, белоруслар озарбайжонлар, украинлар ва ҳоказо 130дан зиёд миллат ва элатларнинг вакиллари бор. Дарҳақиқат, "Ўзбекистон халқини, миллатидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ташкил этади" деб қўйилган 8-моддада.

Халқ - ҳамиша фаол, халқ овози - халқ иродаси демакдир. Унинг ҳуқуқлари кўп ва кенг кўламли. Шу боис, 9-моддага мувофиқ: "Жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари халқ муҳокамасига тақдим этилади, умумий овозга (референдумга) қўйилади. Референдум ўтказиш тартиби қонун билан белгиланади".

Лекин халқ номидан иш олиб бориш масаласи бошқа гап. 10-модда худди шу ҳақда: "Ўзбекистон халқи номидан фақат у сайлаган республика Олий Мажлиси ва Президенти иш олиб бориши мумкин.

Жамиятнинг бирон-бир қисми, сиёсий партия, жамоат бирлашмаси, ижтимоий ҳаракат ёки алоҳида шахс Ўзбекистон хал­қи номидан иш олиб боришга ҳақли эмас".

Конституция томонидан давлат ҳоки­мияти тизими учга бўлиб белгиланган. Яъни, қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти. Улар тўғрисида кейинги бўлим ва боблар шарҳида батафсилроқ тўхталамиз, албатта.

Мамлакатимиз ижтимоий ҳаёти сиёсий институтлар, мафкуралар ва фикрлар хилма хиллигида ривож топади. Бироқ уларнинг ҳеч бири устунлик мақомини даъво қилолмайди. Чунки, Конституциямиз бунга мутлақо йўл қўймайди. "...Ҳеч қайси мафкура давлат мафкураси сифатида ўрнатилиши мумкин эмас" (12-модда).

Юртимиздаги демократия умуминсоний принципларга асосланади. Барча инсоннинг ҳуқуқлари тенг. Қонуний белгилаб қў­йилган. Эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати дахлсиз. Олий қадрият даражасига кўтарилган.

Буюк ҳаёт қомусимизнинг 14-моддасига мувофиқ: "Давлат ўз фаолиятини инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга оширади". Бугун сиз билан биз буни яққол кўриб турибмиз. Мамлакатимизнинг тараққиёт йўли - 2017-2021 йилларга мўлжалланган беш йўналишдаги Ҳаракатлар стратегияси доирасида олиб борилади.Барча ишларнинг пировард натижаси халқнинг тўкис ва фаровон ҳаётини барқарор қилиши аниқ.

"Конституция ва қонуннинг устунлиги"

Асосий принциплар қаторига кирувчи мазкур III бобдаги масала 15, 16-моддаларда ўзининг тўлиқ ифодасини топган. Айниқса, Конституция - бош қонун экан, унинг нормалари ва қоидаларига мамлакатимиздаги барча қонун ва бошқа меъёрий ҳужжатлар тўла мос тушиши шарт. Зид келиши асло-асло мумкин эмаслиги қатъи белгиланган: "Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикасининг Конс­титуцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади.

Давлат, унинг органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмалари, фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш кўрадилар" (15-модда).

Президентимиз Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқида ғоят муҳим масала тўғрисида гапириб: "...халқимиз азалдан юксак қадрлаб келадиган, ҳамма нарсадан устун қўядиган адолат туйғусини ҳаётимизда янада кенг қарор топтиришни биз биринчи даражали вазифамиз, деб ҳисоблаймиз" дея бунга алоҳида урғу берганлар. Қонун устувор бўлган жойда, албатта, адолат барқарор бўлади. Қонун - қонун. Унинг талаблари ҳаммага бирдай тегишли. Қонуний ҳал қилинган ҳар қандай масала ҳеч бир инсонда норозилик кайфиятини уйғотмайди. Ҳатто у айбдор бўлса, айбини тан олади. Ҳатто адолатли муносабат, адолатли ажрим, адолатли ҳукм инсонларнинг кўнглида пушаймонлик ҳиссини уйғотару, сира-сира норозилик туғдирмайди. Жамият аъзоларининг ҳаётини тартибга солади, тараққиётни тезлаштиради.

"Ташқи сиёсат"

Давлат борки, ўзининг аниқ ташқи сиёсатига эга бўлмоғи зарур. Агар бу борада тўғри йўл тутилса, инсон манфаатлари, халқининг эзгу орзу-умидлари ҳар жиҳатдан эътиборга олинса, ўша давлатнинг жаҳондаги нуфузи ортади. Айни дамда ташқи сиёсатнинг ички ҳолатга узвий таъсири улкан ижобий ўзгаришларда кундан-кунга, ойдан-ойга, йилдан-йилга ёрқинроқ кўриниши ҳаётий ҳақиқатдир. IV бобдаги ягона 17-моддада барчаси мухтасар ва мукаммал мужассамланган: "Ўзбекистон Республикаси халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъектидир. Унинг ташқи сиёсати давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, чегараларнинг дахлсизлиги, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик қоидаларига ва халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган бошқа қоидалари ва нормаларига асосланади.

Республика давлатнинг, халқнинг олий манфаатлари, фаровонлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида иттифоқлар тузиши ҳамдўстликларга ва бошқа давлатлараро тузилмаларга кириши ва улардан ажралиб чиқиши мумкин".

Бизнинг тинчликсевар ташқи сиёсатимиз мамлакатимизда халқимизнинг осуда ва хотиржам яшашини таъминлаяпти. Тараққиётимиз тезлашувининг асосий омили ҳам жаҳон халқлари билан дўстона ҳамкорлигимизнинг натижаси бўлиб қолаверади.

"Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари"

Иккинчи бўлимнинг номланишиёқ нималарга бағишланганини англатиб турибди. V боб "Умумий қоидалар"дан иборат бўлса, VI боб "Фуқаролик" тўғрисидадир. Конс­титуцияга мувофиқ "Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқедан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар" (18-модда). Конституциямиздан белгиланган ҳуқуқ ва эркинликларимиз дахлсиз. Фақатгина суд улардан маҳрум этиш ёки уларни чеклаб қўйиши хусусида қарор чиқарсагина фуқаро ҳуқуқлари ва эркинликларидан айрилиши мумкин. Бундан хулоса шуки, фуқаро жиноят содир этмасдан, янаям аниқроғи, қонунларни бузмасдан яшаши керак. Акс ҳолда, дунёда энг қимматли ҳисобланган эркинлигидан айрилади, вақтинча ҳуқуқларидан маҳрум бўлади.

Яна бир ҳолатни доимо эсда тутиш зарур, 20-модда талабига кўра: "Фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликларига путур етказмасликлари шарт".

Манзура АБДУЛЛАЕВА.

(Давоми бор).