Университет ректори, профессор Абдусалом Умаров тадбирни очар экан, шоирнинг юксак бадиий салоҳиятини алоҳида эътироф этиб, унинг асарлари истиқлолли юрт фарзандларининг маънавий камолоти йўлида фаол хизмат қилаётганини таъкидлади. "Туркистон - умумий уйимиз" халқаро танлови совриндорининг навбатдаги адабий армуғони ўқувчилари қалбларини ғоят тўлқинлантириб, уларни истиқлол ислоҳотлари иштирокчиларининг олдинги сафларида бўлишга чорлайди, деб ишонч билдирди.

Дарҳақиқат, шундай. Тўпламдаги ҳар бир шеър бесабаб битилмаган. Шоир ҳаётда ўзи таъсирланган лаҳзаларнинг бадиий тасвирини кўз ўнгимизда ёрқин гавдалантиради. Ҳайрату ҳаяжон ҳиссиётларини биз билан сизга ҳам юқтиришга интилади ва бунга тўла эриша олганини инкор эта олмаймиз ҳам.

Вақтни ҳам ўзидан юргиздик тезроқ,

Кунларда йилларни кўрдик тиниқроқ.

Истиқлол кўринди яна нурлироқ,

Сен асло чарчашни билмадинг бироқ.

Эй, сен, олов ёшлик, тинмас ёшлигим,

Эй, сен, жасорати сўнмас ёшлигим.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари, шоир Жамолиддин Муслим муаллифни навбатдаги "Сайланма"си билан қутлаб, ўзининг устоз ижодкорга бағишлов шеърини ўқиб берди.

Тақдимот маросимида таниқли шоир, ёзувчи ва таржимонлар - Боқий Мирзо, Рус­тамжон Умматов, Содиқ Сайҳун, НамДУ доцентлари Зоҳиджон Содиқов, Мўминжон Сулаймонов, университет ёшлар иттифоқи етакчиси Саидакбар Муталовлар янги китобга жамланган катта-кичик асарлар ҳақида фикр- мулоҳазаларини билдиришди.

Шуниси диққатга сазоворки, тўпламдан 100 та сонет ҳам ўрин олган. Уларнинг мавзуси ранг-баранг. 14 сатрли бу шеърларни шоир ўта талабчанлик билан тартиблаган.

Анъанавий усулда ҳар бирининг сўнгги икки қаторига хулоса фикрлар жамланган. Гўё шоир илгари сурган фалсафанинг қаймоғи янглиғ. Агар юқоридаги ўн икки қаторидан воз кечилса ҳам якунловчи жуфт сатр­ни ҳикмат тарзида ўқиш мумкин. Масалан, Абдулла Жалил Ўзбекистонга:

Умрим тугаб бир кун агарда ўлсам,

Майли шамолингга айланиб қолсам?! - дея қалб истагини айтади.

Қабристондаги чўккан қабрларга боқиб:

Эслаб кўр-чи сен ҳам эҳтиёт, агар,

Ғариб қабрларинг йўқми, биродар?! - дея бизни ҳам сергаклантиради.

Тақдимот маросими сўнггида академик-шоир Абдулла Жалил билдирилган қимматли фикр-мулоҳазалари, асарларининг теран таҳлиллари учун йиғилганларга миннатдорчилик изҳорлади. Яқин орада "Сайланма"нинг 4-жилдини ҳам мухлисларга тортиқ этиш ниятида эканлигини айтди. Бу, Наманган адабий муҳитида, албатта, янада катта воқеа бўлади. Чунки, ҳозиргача вилоятимиздаги фақат бир ижодкор 2 жилдли "Сайланма" соҳибидир. Абдулла Жалил назму насрда баракали қалам тебратаётгани учун бу борада пешқадам ижодкор сифатида элга танилиши шак-шубҳасиз.