2001 йилда "Ўзбекистон мустақиллигининг 10 йиллиги" эсдалик нишони ва 2003 йилда "Меҳнат шуҳрати" ордени билан мукофотланган.

Газетамизнинг бугунги сонидан бошлаб НамДУ доценти, таниқли тарихчи олим-тар­ғиботчи Бахтиёр Исоқовнинг «Авесто»да саломатлик сабоқлари» ҳақидаги туркум мақолаларини ўқиб борасиз.

 

"АВЕСТО"ДА САЛОМАТЛИК САБОҚЛАРИ

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти ҳақли равишда таъкидлаганидек: "Энг мўътабар, қадимги қўлёзмамиз "Авесто"нинг яратилганига 3000 йил бўляпти. Бу нодир китоб бундан ХХХ аср муқаддам икки дарёнинг оралиғида, мана шу улуғ заминда умргузаронлик қилган буюк аждодларимизнинг биз авлодларга қолдирган маънавий, тарихий меросидир. "Авесто" айни замонда бу қадим ўлкада буюк давлат, буюк маънавият ва ўзига хос буюк маданият бўлганлигидан ҳам гувоҳлик берувчи тарихий ҳужжатдирки, уни ҳеч ким асло инкор эта олмайди".

Инсоният тарихи - бу инсон тафаккури ва тасаввурининг кенгайиши ҳамда чуқурлашиши тарихидир. "Кенгга - кенг дунё, торга - тор дунё" ибораси ҳам айнан шу заминда туғилган. Ҳар қандай шахсни биринчи навбатда унинг эҳтиёж ва манфаатлари ҳаракатга чорлайди. Курраи заминда Одамзод пайдо бўлгандан буён икки хил эҳтиёж: моддий талаблар ва маънавий чанқоқлик билан бирга яшаб келмоқда. Уларнинг ҳар иккаласи ҳам одамлар турмуш тарзини белгилаб беради. Башарият ибтидосида, яъни даставвал моддий талаблар устуворроқ аҳамият касб этиб, энг биринчи даражали зарурият ҳисобланар эди. Кейинчалик бўлса жамият тараққиётининг маълум даврларида одамзод ер, сув, ҳаво ва қуёшни бевосита ҳис қилишдан аста-секинлик билан "Табиат нима?", "Ҳаётнинг ўзи нима?", "Ўлим асли нимани билдиради?", "Одамнинг асл моҳияти нимада?", "Коинот нима ўзи?" сингари мураккаб саволларнинг занжирига бот-бот дуч кела бошлаган. Бунинг натижасида бўлса ўзига хос маънавий эҳтиёжлар моддий оламни белгиловчи асосий ва етакчи кучга айлана бошлаган. Шу тариқа емоқ, ичмоқ, киймоқдан кўра лаззатланмоқ, қувонмоқ, завқ олмоқ, севмоқ тушунчалари, туйғулари нисбатан устунроқ мавқега кўтарила бошлаган. Агар моддий талаблар ўз сарҳади ва маълум бир доирасига эга бўлса, маънавий эҳтиёжлар эса бепоён ва узлуксиз руҳий оламга айланди. Чан­қаш, чарчаш, очликни қондиришнинг маълум чегараси мавжуд, аммо севги, ирода, илм, гўзалликка талпиниш каби маънавий эҳтиёжларнинг сарҳади йўқ.

Яратганнинг суюкли бандаси бўлган одам фақат қўлларида моҳир бармоқлари борлиги учунгина, инсонга айланиб қолмаган. У барча ҳайвонлардан кўра жисмонан кучлироқ, ҳаддан ташқари чидамлироқ бўлгани туфайли ҳам ке­йинчалик ўзининг маънавий қудратини жисмоний қувватига беминнат, қулоқ қоқмай, ўзини орқага ташламай хизмат қилдиришга мажбур эта олган.

Инсониятнинг маънавий юксалишидаги буюк нуқталардан бири табиат ва одамзод ҳаётидаги ўзаро уйғунлик борлиги ҳамда мутаносиблик мавжудлигини идрок этиш, ёруғ дунёнинг ўзига хос тартиботи хусусидаги тушунча бўлди. Тун ортидан куннинг келиши, дарёларнинг юқоридан қуйи томон шовқин-сурон солиб ёхуд оҳиста оқиши, иссиқ билан совуқ, аччиқ билан чучук, яхши билан ёмоннинг, муҳим билан номуҳимнинг фарқига бора олиш одамнинг инсон бўлиб шаклланишида беҳад муҳим аҳамият касб этган. Буни қадим замонларда яшаб ўтган аждодларимиз дини, санъати, табобати тўла-тўкис исботлаб турибди. Бобокалон китоб - "Авесто" матнининг парчалари билан бафуржа танишиб чиқиш чоғида бундан минглаб йиллар бурун оғир ҳаёт кечирган одамлар дунёқарашининг шаклланиши, табиатга ва жамиятга муносабати нечоғлик даражада мураккаб тарзда шаклланганига яққол гувоҳ бўламиз.

Буюк "Авесто" китоби узоқ аждодларимизнинг ижтимоий турмуши, маънавий ҳаёти тўғрисида ноёб маълумотларни ўзида мужассам этган тарихий ёзма манбадир. "Авесто" сўзининг ўзаги "сто" - бўлиб, "ўрнатилган, муқаррар қилинган қонун-қоидалар, ҳаётнинг асосий йўриқномаси" демакдир. Ушбу китоб милоддан аввалги II минг йиллик ва I минг йиллик биринчи чорагида, бир неча юз йиллар мобайнида шаклланган. Ва ниҳоят, 3000 йиллар бурун китоб сифатида илк бора тизимга киритиб тўпланган.

"Авесто" Ота маконимизга ислом дини кириб келгунига қадар амал қилган зардуштийлик динининг муқаддас китобидир. Зардуштийлик эътиқоди худодан ваҳий келиши орқали одамларга пайғамбар Зардушт билдирган дин сифатида талқин қилинади. Абу Райҳон Берунийнинг маълумотларига биноан, "Авесто" "ўн икки минг қорамол терисига тилло билан битилган"ди. Муаррих Маъсудийнинг "Олтин водий" китобида у "ўн икки минг олтин тахтага ёзилган" деган тарихий маълумот мавжуд. Балхий бўлса "Форснома" асарида "Авесто"ни 12 минг ошланган мол терисига битилган ҳикматлар китоби сифатида қайд этганди.

Бу китоб 21 қисм (наск)дан иборат бўлган. Шундан замонлар оша тўрт қисмигина ҳозиргача етиб келган: "Видевдот", "Ясна", "Виспарат" ҳамда "Яшт" насклари. Кўп қисми йўқолиб кетганига қарамасдан, сақланган наскларнинг ўзиёқ "Авесто"нинг қомусий улуғворлигини, унинг тарихий манба сифатида ўта юксак қадр-қимматини ҳамда маънавий умумбашарий хусусиятларини тўла намойиш эта олади. "Яшт" китобининг эзгулик тангриси Ахура Маздага алқов қисмида шундай бир ғоя илгари сурилганди: "Эзгу ўй, эзгу сўз ва савоб ишлар билан эзгу ўй, эзгу сўз ва савоб ишни алқайман. Ўзимни бори эзгу ўйларга, эзгу сўзлар(айтиш)га ҳамда яхшилик ишлар амалига бахшида этаман, барча ёмон ўйлардан, ёмон сўзлару ёвуз ишлардан юз ўгираман".

Ҳанузга қадар халқимизнинг онгида ва хатти-ҳаракатларида яшаб ва росаям яшнаб келаётган "Амалинг - ниятингга яраша", "Ниятинг - йўлдошинг" сингари ғоялар ўша давр маҳсулидир.

Зардуштийлик таълимотига биноан, бу дунёнинг ибтидоси бўлгани сингари интиҳоси ҳам муқаррар, яъни борлиқ макон ва замон ўлчамида чексиз эмас. Ҳаёт эса эзгулик ва ёвузлик, рост ва ёлғон, зиё ва зулмат ўртасидаги азалий ва абадий тўқнашувлар, муҳорабалардан иборат.

Ёруғлик, ростлик ва эзгулик кучларини Ахура Мазда, ёвузлик, ёлғончилик, зулмат ва жаҳолат кучларини эса бузғунчи руҳ - Ахриман бошқаради. Ахриман қўшинларига девлар, ҳасад, ялқовлик, ёлғончилик каби жонлантирилган ёмон тушунчалар кирган бўлиб, улар одамга, олов, замин, сувга, ҳавога ҳамда чорвага бетиним зиён етказишга уринаверадилар. Ахриман турли хасталиклар, ўлим, совуқ, жазирама иссиқ, зарарли ҳайвон ва ҳашаротларни яратган. Ахура Мазда бўлса яхшилик, соғ­лик-саломатлик ва бахт-саодат, фароғат ато этувчи илоҳ ҳисобланган.

Ахура Мазда бузғунчи Ахриманга қарши кураш мақсадида қуйидаги муқаддас ва эзгу руҳлар - Амеша Спенталарни яратган:

1.     Воҳу Мана (Баҳман) - яхши ният (Эзгу Онг);

2.     Аша Ваҳишта (Ардибиҳишт) - адолатлилик (Олий Ҳақиқат);

3.     Хшатра Варя (Шаҳривор) - Орзу этилган қудрат (Матлуб Қудрат);

4.     Спента Армаити (Исфандармуз)) - Диёнатли авлиёлик (Матлуб тавозе);

5.     Хаурватат (Хурдод) - Яхлитлик (Соғ­лик-саломатлик);

6.     Амарэтат (Мурдод) - Мангулик (Абадий барҳаётлик).

Бу олтита муқаддас руҳларнинг ҳар бири моддий дунёнинг олти хилдаги ўзига хос ҳомийлари ҳисобланган.

Аждодларимиз Баҳманни - ҳайвонлар, Ардабиҳиштни - олов, Шаҳриворни - металлар, Исфандармузни - ер, Хурдодни - сув, Мурдодни - ўсимликлар раҳнамоси сифатида англаганлар.

Ибтидоий диний тасаввурлардан бўлмиш анимизмга биноан ўлганлар у дунёда яшашда давом этади, уларнинг руҳлари эса ўз авлодлари ва қавмларига ёрдам бериб туради, борлиқ муҳит ўтган имонлиларнинг руҳи билан тўла, деб тушунилган. Ўша руҳлар "Авесто"да "фраваши" сифатида тилга олинган. Масаланинг яна бир қизиқ жиҳатиям шундаки, фравашилар инсонни ўраб турган барча табиат ҳодисаларига, жумладан, тоғлар, дарёлар, кўллар, ва бошқаларга ҳам тегишли бўладилар, деб ишонилган. Фравашилар инсон, жамият, табиат, уй, қишлоқ, эл-юртни, мамлакатни бало-қазодан асровчи нажоткор куч сифатида англанган. Халқимизда ҳанузга қадар сақланиб келаётган ўтган аждодлар руҳи (арвоҳи)га нисбатан алоҳида ҳурмат ва эҳтиётли ҳамда умидвор равишда қараш анъанаси ҳам айнан мана шу ҳолат билан боғлиқ. Шу боис ҳозиргача мадҳ этиш, алқов маъносидаги "Арвоҳлар ёр, пирлар мададкор бўлсин!", деган дуо кишиларга руҳий кўтаринкиликни бағишлайди. Фравашилар оламдан ўтганларга, яшаётганларга ва туғилажакларга бир хилда тегишли. Чунки, "Авесто"га биноан улар Ахура Мазда томонидан дунё яралмасдан олдин яратилган:

Сўраганга астойдил

Ғолиблик келтирувчи,

Яхши ният қилганга

Истагини берувчи,

Дардлига шифо ато

Қилгувчилар ҳам улар -

Имонли фравашилар...

 

Зардуштийлик таълимотига кўра эзгу руҳларнинг ҳар бири ўзининг ҳимоячиси, муҳофаза қилувчисига эгадир.

"Авесто"да илоҳ Ахура Мазда яратган вакил маъбудлардан бири Варахран бўлиб, анъанавий антропонимлар - шахс исмлари қаторида ўзбеклар ва тожик этнослари орасида Баҳром, Баҳрон шаклларида ишлатилиб келмоқда. "Авесто"даги "Баҳром Яшт" алқови айнан Варахранга нисбатан эътиқод анъаналарини сақлаб қолган. Аввало, Варахран - момақалдироқ илоҳи, адолат ва имон қўриқчиси. Қолаверса, у ҳарбий куч - жамият посбони. Унинг зиммасига қуёш нурини тўсувчи булут - Вратрага қарши кураш вазифаси юкланган. Ўша Варахран ўзининг чақмоқ ўқлари билан иблис Вратрани ўлдириб, оламга ёруғлик, зиёни қайтариб беради. Варахран булардан ташқари олий илоҳ Ахура Мазда томонидан яратилган эзгу борлиқнинг азалий тартиб-қоидаларини ҳимоя қилади. Унга топинган инсонларга сеҳрли жасорат ва қудратни бахш этади. Шу билан бирга, эзгу фикр, эзгу сўз ва эзгу амалнинг ғалабасини таъминлайди. Айтилган сўзларни эса, худди отилган ўқлар сингари янада ҳам таъсирлироқ этади. "Авесто"нинг бошқа қисмларида эзгулик кучлари ёмонлик кучларининг устидан қачон ғолиб келган бўлсалар, уларнинг ҳаммасига чинакам ғолиблик бағишлаган қудратли куч ўша Варахраннинг ўзидир, де­йилади. Бирвақтнинг ўзида Варахраннинг ўзи гоҳ кучли шамол бўлиб, гоҳ оҳу, кучли енгилмас қобон бўлиб, гоҳида Варағн номли қуш бўлиб, гоҳида эса беҳад гўзал йигит қиёфасида пайдо бўлиб, эзгу ниятли одамларга ҳар доим ёрдам беради, кўмаклашади.

"Авесто" бўйича Хварно - илоҳий бахт, омаднинг рамзидир. Фонетик ўзгарган кўриниши фарн, фарр. Кимнинг боши, елкаси ёхуд танасининг бирор қисмига фарн (хварно) қўнса - "тахт эгаси бўлади", деб чиндан ҳам ишонилган. Хварно доим ёмон ниятли кишилардан қочиб юради. Аждодларимиз тасаввурига биноан усира ҳам тутқич бермайдиган нур кўринишида бўлади. Баъзан эса қуш (Ҳумо), оқ рангли қўй ва бошқа қиёфаларга ҳам кира олади. Ҳозирги давргача фарн - фар ўзаги ўзбек, тожик тилларида баъзи бир, ўзингиз ҳам ниҳоятда яхши биладиган яхши сўзлар (фармон, фармойиш, фаровонлик, фарахбахш,фарзанд) ва исмлар (Фарруҳ, Фарҳод, Фарида, Фароғат, Фарангиз...)ни ясашда иштирок этиб келмоқда.

Дунёда Варахран ва Хварнодан бошқа ҳайвонлар ва қушлар қиёфасидаги беҳад сирли эзгу ва фойдали махлуқлар ҳам мавжуд. Масалан, афсонавий Ворукаша кўлида уч оёқли, олтин шохли ва тилла кўзли Хара деб номланувчи бир эшак яшайди. Агарда Хара калласини сувга ботирса, даҳшатли бўрон бошланади. У ўзининг олтин шохлари билан дунёдаги барча ёвуз, зарарли нарсаларни зудлик билан маҳв этади. Ранка деб номланувчи оролда оламдаги барча доривор гиёҳларнинг подшоси Ҳум ўсади, гуллаб-яшнайди. Ўн минглаб қурбақалар қиёфасидаги иблислар Ҳумни ўғирлаб кетиш ниятида айнан шу оролга интилаверадилар. Лекин дарёда яшовчи Кара (бу сўзнинг бугунги рус тилидаги маъноси ўч, қасд-қасос) исмли илоҳий балиқ эса иблисларнинг оролга ўтишига йўл қўймасдан, иблисларни бетиним равишда ўлдириб туради. Ўша Ворукаша кўлида эса Харадан ташқари Хабаййош деб аталувчи ҳўкиз ҳам яшайди, уни Гопатшоҳ (Ҳўкиз одам - Б.И.) қўриқлаб туради. Гопатшоҳ - аслида Хванирата деб номланган қитъадаги афсонавий шаҳарнинг мангу ва абадий подшоҳи. Унинг асосий вазифаси - табиатни бетиним тарз­да янгилаб (тирилтириб) туриш ҳамда Хабай­йошни инсоният дунёсининг охиригача, интиҳосига қадар бор кучи билан муҳофаза қилишдан иборат. Чунки, айнан муқаддас ҳўкиз - Хабаййошнинг ёғидан қиёмат кунида одамлар учун самовий таом тайёрланади, деб тасаввур қилинган.

Каришптар номли қуш муқаддас мадҳия, алқовларни куйлаб одамларга руҳий кўтаринкилик, куч-қувват бағишлайди. Бадбин (пессимист) одамларни яшашга ва иблисларга (ёмон одамларга) қарши муҳорабага бетиним илҳомлантириб, руҳлантириб туради.

Пародарш (келажакни кўрувчи) номли қуш бир эса ўзининг ҳаддан зиёд баланд овоздаги қичқириқлари билан иблис руҳлар (уйқу, бефарқлик, ишёқмаслик, дангасалик, лоқайдлик)ни қувиб, қўрқитиб, муқаддас олов уйини улардан ҳимоя қилиб туради. Бу қуш аслида, хўроз бўлиб, жуда кўп этнослар фольклорида жинлар ва шайтонларнинг унинг қичқириғидан роса ҳа­йиқиши ва ҳаддан ташқари қўрқиши ҳақидаги афсона, ривоятлар, эртаклар ҳалигача сақланиб келмоқда.

Ахриман бўлса ўзи яратган ёвуз кучлар билан ҳамкорликда, энг аввало, фазовий кенглик - маконни торайтириб юборади. У кўзга асло кўринмас ёвуз руҳ, куч сифатида тасаввур қилинган. Ахриман тинимсиз тарзда одамларга таҳдид солиб, ҳужум қилиб инсониятни Ахура Мазданинг измидан чиқариб, бутун дунёни вайронага, харобазорга айлантиришга интилаверади. У инсонга ҳужум қилганида, кишиларнинг юраги сиқилиб, кўзига кенг дунё торайиб кўринади, дили беҳад хуфтон бўлади, "ичига чироқ ёқса, ёришмайди", деб тасаввур қилинган. Ахриман ҳасад, нафс йўли билан одамлар ўртасига нифоқ, раҳна солишга уриниб, уларнинг орасига ёлғон-яшиқ, бўҳтон, туҳмат, миш-мишлар уруғини сепиб, тўғри, эзгу йўлдан доимо оздиришга, чалғитишга ҳаракат қилади. У ўзининг шайтанат, разолат ва қабоҳатли, вайронкор, бузғунчи, палид, жаҳолат ишларини ёрдамчилари - иблислар, шайтонлар ва ёвуз руҳлар орқали бажаради. Ахриман ҳам Ахура Мазда сингари ўзининг энг яқин кўмакчилари - Дайва (ёвуз қиз)ларни яратган.

Ака Мана (ёвуз ўй, ният), Таурви (сўлиш, қовжираш), Зарик (ўлим), Айшма (қутуриш ҳамда адоват), Бужи (қўрқитув, ваҳима) сингари дайвалар Ахриманнинг ҳамроҳлигида яхши инсонларга доимо хуруж қиладилар, таҳдид солиб турадилар.

"Авесто"нинг "Яшт" китобида шундай ёзилган:

Мастлик кетидан келар

Қонхўр Дайва - Айшма.

Ичилса агар хаома

Изидан келар Аши.

Аши зардуштийлик динида одамларнинг диний амалларини муносиб равишда мукофотлаш, тақдирлаш мақсадида уларнинг ортидан изма-из юриб кузатиб борувчи фаришта сифатида ҳам тушунилган. У кимга ёндашиб яқинлашса, худди ўша одамга бахт ва омад ёр бўлади, деган ишонч мавжуд эди. Ҳозирги даврда биз қўллайдиган "Омад" сўзи "келди" маъносида айнан шу Ашининг инсонларга яқинлашуви туфайли ҳам содир бўладиган яхшилик ҳамда эзгулик маъносига эга. Лекин, минг афсуслар бўлсинким, "Омад" сўзининг зардуштийлик билан бевосита боғлиқ талқини ҳозирги замонда деярли унутиб юборилган. Шу боисдан айрим кишилар ва ҳаттоки билағон журналистлар ҳам ўзлари мутлақо англаб етмаган ҳолда "Омад кулиб боқди", деган иборани тез-тез қўллайдилар. Сиз ўзингиз омаднинг хўмрайиб турган ҳолатида тасаввур қила оласизми? Омад куладими ё йиғлайдими? Бу ҳам худди рус тилидан сўзма-сўз таржима қилиб олинган "Ёқимли иштаҳа"га ўхшаган бир гапга ўхшайди. Сиз "Ёқимсиз иштаҳа"ни кўз олдингизга келтира оласизми? ОМАД деганимиз ҳам келади ёки кетади, хоҳласа келади, хоҳламаса, ярамас ва палид одамлар ҳузурига келмасдан, уларга кўмаклашмасдан қўяқолади.

Шунингдек, Ахриман томонидан дайвалардан бир озгина камроқ кучга эга бўлган Дэва (иблис қиз)лар ҳам яратилган.

Араска (ҳасад), Уда (вайсақи), Акаташа (роса синчковлик), Бушяста (эринчоқлик, дангасалик, танбаллик), Пуш (хасислик), Змака (совуқ билан боғлиқ бўлган турли азоб-уқубатлар) айнан шулар жумласига киради. Дэваларга Друж (ёлғончилик, алдов, каззоблик, фирибгарлик)лар, аёл тимсолидаги баджаҳл махлуқлар ҳамда Наса (турли юқумли касалликларни тар­қатувчи микроб)лар бетиним тарзда ёрдам берадилар.

Ахриманнинг жуда яқин кўмакчилари "Дайва" (ёвуз қизлар) эзгу ниятли кишиларга доимий равишда хуруж, таҳдид ва ҳужум қилиб туради. Масалан, Айшма адоват, хусумат, зўрлик ва қаҳр-ғазаб ҳомийси сифатида уруш-жанжал, нифоқни, маст­лик ва тўс-тўполонларни доим илҳомлантириб, гиж-гижлаб туради. Бугунги кунларда ҳам айш-ишрат, кайф-сафодан сира боши эмас, айнан калласи чиқмаётганлар, Она табиатга зуғум қилиб, уни ниҳоятда булғаётган кишилар айни ўша Айшманинг берган йўл-йўриқлари бўйича "иш кўрсатаётган"ярамас кимсалардир.

"Авесто"нинг "Яшт" китобида, юқорида қайд этганимиздек, шундай фикр - хулоса ҳам мавжуд: "Мастлик кетидан келар, Қонхўр Дайва - Айшма" (Аши алқови, 2- бўлим).

Ахриман томонидан яратилган иблислар орасида унутилиш ёдсизлик, хотирасизлик, бугунги замонда жудаям кенг тар­қалган атамани қўллагудек бўлсак, ман­қуртлик, зомбилик тушунчалари билан бевосита боғлиғи "Маршаван" деб аталган эди. Унутилиш буюк аждодларимиз томонидан турли авлодларнинг ўртасидаги маънавий узилиш деб билинган ҳамда улар ўзларини доимо ушбу ярамас хотирасизлик иллатидан асраб-авайлашга интилганлар. Шўролар даврида ҳам "Маршаван" иблиси каби бутун жамиятга ва дунёқарашимизга хуруж қилиб ва таҳдид солиб тарихимизни, буюк аждодларимизни деярли унуттириб, ҳар бир киши қаттиқ мафкура асосида ягона тутум манфаатларига итоат эттирилганди.

(Давоми бор).