Бизга аёнки, шоирлик туғма туйғудор инсонларга хосдир. Бундайларнинг кўзи оламни бошқача кўради. Сувратига назар солиб турса-да, сийратини ҳам ҳис этади ўзича. Қалбини қитиқлаган, қалбини қиздирган воқеа-ҳодисалар илҳом аталмиш илоҳий лаҳза-неъматнинг инъоми - шеърга айланади. Бирида туйғу, яна бирида фикр устуворланади. Барибир ҳосиласидан инсон баҳрамандланади. Кўнглигинамас, ақлу шуури нурланади. Саф-саф сўзлар гарчи қоғозда беҳаракат ҳолатда ётса-да, нигоҳлар тушиб, мутолаа манбаи бўлиши билан гўё улар жонланади - аввал ақлда сайрланади, кейин кўнгилдан қўним излайди. Агар онгингизни бойитолса, агар дилингизни ёритолса, битиккаш шоирнинг нияти вожибланади, бизнингча. Ҳеч иккиланмай айта оламизки, Ибратнинг сермаъною сероҳанг назмий наволари ўша даврдаёқ элга манзурланган. Аср янгиланса-да, унинг аксарияти оҳорини йўқотмаган. Баҳоси ҳануз баланд. Ошиқонаси ҳам, тарғиботонаси ҳам. Барчаси миллат дардининг, миллат орзусининг содда ва равон ифодасидир.

Томирлари неча-неча асрларда ётган адабиётимизнинг алломалари анъанаси йўлидан юриш Ибрат учун ҳам бошланғич фаолият мезонига айланиши табиий эди. У Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва Бобораҳим Машраб битикларининг мухлиси сифатида уларга эргашган, уларга ўхшатиб ёза бошлаган.

Ишқинг дилу жона жо бўлубдур,

Жони дил анга фидо бўлубдур.

Ҳусн ичра вафо йўқ эмиш, жон,

Ки сан киби бевафо бўлубдур.

Васлингга етурга Ибрат асру

Ҳажр илкиға мубтало бўлубдур.

Ёки

Гулдек юзингни, дилбарим,

Кўргони келдим соғиниб.

Сен шоҳи олам, мен гадо

Кўргони келдим соғиниб.

Назирагўйликда ҳам назирагўйлик бор, албатта. Айнанлик бу борадаги нуқс ҳисобланса, ижодий ёндошиш, ўзидан аввалги шоирнинг қўллаган шаклидан фойдаланган ҳолда унинг ичини ўзгача маънолар билан безатишга интилиш чинакам иқтидор соҳибларига тааллуқли десак, Ибратни худди шундайлар тоифасига киритиш мумкин.

Рамуз, дилбари жонон, мани адо қиласиз,

Бу телбаларни яна ғамга мубтало қиласиз

Кўзум қароси куйгайки, бошқага қарасам,

Агар гапурсам, тилимни тилим-тилим қиласиз.

Ҳамюртимизга ҳаётнинг ўзи катта сабоқ берган. У ҳам ҳаётга бу қарзини қайтармоқни фарзандлик фарзи ҳисоблаган. Фарзини адо этиш даражаси эса, ўзига хос кўпгина жиҳатлари билан бошқаларникидан фарқли.

"Ибрат икки асрда яшади, икки аср ҳаётини кўрди, икки тузумнинг тотини татиди, баҳолади, - деб ёзади Содиқ Сайҳун. - XIX асрнинг демократ шоирлари - Муқимий, Фурқат, Шавқий, Нодим, Ҳайрат ва яна бошқа кўплаб ўзидан ёши улуғ ҳамда тенгдош ва замондош қалам аҳллари даврасига қўшилди. Улардан ўрганди, улардек ҳақ сўзга сиғинди. Айниқса, ХХ асрда улардан-да фаоллашди. Сўзни янгича ҳаёт тарғиботига сафарбар этиш билангина кифояланмади, айни вақтда сўзидек ўзини ҳам курашга чоғлади. Шахс намунаси - жамоани ҳаракатга солувчи, ўзгартирувчи таъсир кучига эгалигини чуқур англаб етди, ўзи танлаган йўлида, қалами толмас қўлида сира-сира тиним билмади.

"Шеърда сеҳр бор" деган ҳадисга қатъий амал қилиб, кўнглида уйғонган даъваткор фикрларга назм либосини кийдирди. Бу билан аввало, мухтасарликка муяссарланди, қолаверса, қаерда ва кимга ўқиб бермасин, давраларга файз бағишлади. Ўқиганларнинг уқимоқларию, ёдда тутмоқларига осонлик туғдирди".

Унинг девонига ғазал, муҳаммас, мусаддас ва маснавий жанрларидаги асарларигина жамланган. Мумтоз адабиёт назмининг қайси жанрларига қўл урган бўлмасин, барчасида Ибратнинг ибратона нафаси уфураётганини пайқамасдан иложимиз йўқ. Маълум қисмигина интим лирикадан иборат, қолганлари эса, ижтимоий-маърифий мазмун моҳиятга эга. Ғазалларида ёр соғинчи, дийдор умиди, висол завқи содда ва самимий байтлар бағрига жоланган. "Чаман ичра" радифли ғазалида гул ва булбул тимсолида инсоний муносабатлар ифодаланади аслида. Бу анъанавий айро жуфтлик рамзида ошиқ-маъшуқликнинг шарти фидо­йилик эканини беинкор ҳолатларда тасвирлайди шоир.

Чиқар булбулни афғони, чаман ичра оқиб қони,

Тасаддуқ гул учун жони саҳар вақти чаман ичра.

Муҳаббат бирла маст эрди, ани йўлида жон берди,

Қизил гулдан хабар сўрди саҳар вақти чаман ичра.

Бу тасвир бесабабмас. Сўнгги байтда шоирнинг мақсад-муддаоси ойдинлашади:

Ибратий, бехабар бўлма, яна ғафлат била ўлма,

Гуноҳи беадад қилма саҳар вақти чаман ичра.

Демак, бандаи ғофиллик субҳи саҳарни, эрта тонгни бой бериш, энг эзгу амални адо этолмаслик "гуноҳи беадад" эканлигидан ошиқ ўзини-ўзи огоҳлайди.

Ўшал булбул қилар афғон саҳар вақти чаман ичра,

Қўнар гул деб тикан узра саҳар вақти чаман ичра,

дея матла байтда булбулнинг оромижон илинжида озорижондан кечмаганига шаъма қилгани ошиққа бошланма сабоқ ишорасидир, албатта.

Ижодкорнинг барча назми ўз замонига руҳдош ва оҳангдош. Боз устига долзарб мавзуларни қамраб олган. Халқоналик ҳаётийликка уйғун. Тарғибот-ташвиқот устувор. Энг эътиборлиси, шоир ўз атрофига зийрак зеҳн солади, иллатлардан тезроқ фориғланиш фурсати етганини уқтиради, бадфеълларни қоралайди, жаҳолатга етакловчи калтабинлардан бизларни огоҳлайди. Унинг хушомаддан йироқлиги рост лафзга эътиқоди баландлиги байтларини янада бақувватловчи омилга айланган.

Масалан, "Бўлубдур" шеъри мустабид тузумга айбнома тарзида битилган. Шоирнинг журъати баландлиги, ҳақиқатни ёқлаш чоғида халққа рўшнолик бермаётган замон тутумларини дангал тилга олишдан чўчимаслиги очиқ-равшан намоён.

Эй даҳр эли, билинглар, турфа замон бўлубдур,

Беандиша халойиқ феъли ямон бўлубдур.

Мадрасалар ичинда кўп фитна бирла шўриш,

Ҳар кунда ўн хил уруш, оқ салла нон бўлубдур.

Бермас закот бойлар, сандиққа фулни жойлар,

Чиптау неча тойлар, сўз амиркон бўлубдур.

Элликбоши деганлар уй бошидан еганлар,

Ўз мансабига мағрур гўёки хон бўлубдур.

Ибрат ўзини халқнинг дардкаши санарди. Шу боис оғирчилик пайтида улардан ҳол-аҳвол сўрашни канда қилмасди. Бу "Қалайсизлар?" ғазалида ёрқин кўринади.

Тириклик заҳматидин ушбу кунлардан қалайсизлар?

Бу қимматлик йили буғдойу унлардан қалайсизлар?

Босиб халқи жаҳонни, айлади торож ўғрилар,

Саломат ётдингизму, бўйла тунлардан қалайсизлар.

Адабиётшунос олим Алихон Халилбеков таъкидлаганидек: "Бу шеърда аччиқ ҳаёт ҳақиқати халққа дард­кашлик билан, юртдаги бесаранжомлик тасвири шундай ҳолларни туғдирган ҳукмрон тузумга қарши киноя билан боғлиқ тарзда ифшо қилинган".

Ибратнинг нигоҳидан ҳаётдаги ҳеч бир янгилик четда қолмаган. Ўтган асрнинг 30-йилларида далаларда тракторларнинг нара тортишидан илҳомланиб "Тарихи трактур" шеърини битади. "Газета хусусида", "Тарихи чопхона", "Вагон келди" шеърлари бағишлов тарзида битилган. Унинг маърифатпарварлик ғоялари "Маданият ҳақида маснавий", "Манзума", "Изҳори ташаккур" шеърларида айниқса устувор.

Барча ижодкорларга хос бўлган ҳаётнинг нотўкислиги, одамларнинг тенг кўрилмаслиги, адолатнинг камёблашаётгани Ибратни ҳам беихтиёр ташвишга солмасдан иложи йўқ эди. У "Шикояти замона", "Қозийи қотил", "Қарз" каби кескин танқидий руҳдаги шеърлари билан ўзи яшаётган жамиятнинг иллатларини қаттиқ қоралади.

Шоирлик салоҳияти Исҳоқхон тўрани элга танитди, унинг асарлари мухлислари тобора кўпайди. Ибратона иборалар халқ орасида кенг тарқалди. Одамлар маърифатпарварнинг фойдали даъватларига қулоқ тутдилар. Ўзларини жаҳолатдан қутултириш учун китобга, илмга юзланиш зарурлигини тушуниб ета бошладилар.

Манзура АБДУЛЛАЕВА.