дея тўлқинланиб ёзганида юз бора ҳақлиги, бу фикрлар ҳар бир ўқувчи қалбида акс садо бериши шубҳасиз. Ахир, 1992 йилнинг 8 декабрида ўн иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг ўн биринчи сессиясида "Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси" қабул қилиниб, кейинроқ эса ҳаёт талабига кўра, бир неча бор зарур ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилиб, мукаммалик касб этди.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаб кетганларидек: "Аввало, барчамиз бир ҳақиқатни англаб, тушуниб бормоқдамиз - бутун жамиятимизда қандай ютуқ ва марраларга эришаётган бўлсак, буларнинг пойдеворида Конституциямиз - буюк Ҳаёт қомусимиз турибди".

Шу ўринда КОНСТИТУЦИЯ сўзи ва ўзи нималигини англаб олишимиз жоиз, албатта. Конституция лотинча сўз бўлиб, тузилиш ёки тузук маъноларини билдиради ва давлатнинг асосий қонуни сифатидаги атама тарзида қўлланилади. "Ўзбекистон миллий энциклопе­дияси"нинг 5-жилдида қайд этилганидай: "У давлат тузилишини, ҳокимият ва бошқарув органлари тизимини, уларнинг ваколати ҳамда шакллантирилиш тартиби, сайлов тизими, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шунингдек, суд тизимини белгилаб беради. Конс­титуция барча жорий қонунларнинг асоси ҳисобланади".

Шунга мувофиқ равишда мамлакатимиздаги ҳар қандай қонун ёки меъёрий ҳужжат Конституцияга асосланади ва мантиқан унга тўлалигича мос тушади. Бундан ўзгача бўлиши сира ҳам мумкин эмас. Янада тушунарлироқ қилиб айтсак, Конституция ОНА қонундир. Қолган барча қонунлар бу онанинг фарзандлари мисол яратилади.

Ана шунинг ўзиёқ бизни уни ҳурматлашга, талабларига "лаббай" деб жавоб беришга ундайди. Она қонунга ҳаммамиз бирдек теппа-тенг ва қадрлимиз. Талабларига эса бурчдорлигимиз масъулияти ҳамиша юксак.

Конституция - халқ иродасини ифодалайди. Айни дамда йигирма беш йиллиги нишонланаётган Бош қомусимиз "Муқаддима"сида:

"Ўзбекистон халқи:

инсон ҳуқуқларига ва давлат суверенитети ғояларига содиқлигини тантанали равишда эълон қилиб,

ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги юксак масъулиятини анг­лаган ҳолда,

ўзбек давлатчилиги ривожининг тарихий тажрибасига таяниб,

демократия ва ижтимоий адолатга садоқатини намоён қилиб,

халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган қоидалари устунлигини тан олган ҳолда,

республика фуқароларининг муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлашга интилиб,

инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этишни кўзлаб,

фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувлигини таъминлаш мақсадида,

ўзининг мухтор вакиллари сиймосида Ўзбекистон Республикасининг мазкур Конституциясини қабул қилади" деб қўйилган.

Юқоридаги эзгу мақсадларга муносиб равишда ўтган давр мобайнида Конституциямиз ҳаётимизнинг барча жабҳаларида ўзининг қутлуғ ва беқиёс шарофатини ёрқин тарзда халқимизга кўрсата олди. Биринчи Президентимиз: "1992 йил декабрида Ўзбе­кис­тон Республикаси Конституциясининг қабул қилиниши мамлакат ҳаётида улкан сиёсий воқеа, янги Ўзбекистонни қарор топтириш жараёнидаги муҳим қадам бўлди. Ўзининг Асосий Қонунида давлат тузуми принципларини, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамиятни ривожлантиришнинг иқтисодий негизлари ва стратегик йўналишларини мустаҳкамлаб қўймаган давлат чинакам суверен давлат бўла олмайди. Конституция суверен давлатимизнинг қонунчилик-ҳуқуқий негизини шакллантиришнинг асосий пойдевори, мустақил давлатчилигимизнинг тамал тоши бўлди", деб бежиз мамнунлик билдирмаган эдилар.

Бизнинг Конституциямиз аслида осонликча яратилган эмас. Олий Кенгашнинг 1990 йил 20 июнда ўтказилган иккинчи сессиясида давлатнинг янги Конституцияси ишлаб чиқилиши кераклиги ҳақидаги хулосага келинди. Юртбошимиз Ислом Каримов раислигидаги 64 кишидан иборат конституциявий комиссия ташкилланди. Мазкур комиссияга мустақил Ўзбекистоннинг Конституциясини ишлаб чиқишдек ўта муҳим ва беҳад масъулиятли вазифа юклатилди. Демак, салкам икки ярим йил мобайнида олиб борилган саъй-ҳаракатлар, изланишлар, ўрганишлар ҳамда якдил хулосалар ясаш асносида бош қомусимиз яратилган. Бундан-да теранроқ тушунишимиз учун профессор Акмал Саи­довнинг "Ўзбекистон Республикаси Конституцияси: мустақил ва демократик тараққиётнинг ҳуқуқий асоси" рисоласида ёзилган қуйидаги фикрларни ўқишимиз кифоя: "Ўзбекистон Конституцияси хал­қимизнинг эркинлик сари узоқ йўлдаги изланишининг натижасидир. Конституциявий бинони қуришда ўзбек қонун чиқарувчиси уч минг йиллик миллий давлатчилик тажрибасига таянган...

Манфаатларимиз ва интилишларимиздан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида Шарқ ва Ғарб, Жануб ва Шимолнинг турли мамлакатлари тўплаган илғор конституциявий тажриба ҳисобга олинган".

Хулоса шуки, халқаро конституциявий тажрибаларни ўрганиш, халқаро ҳужжатлар қоидаларини инобатга олиш, улар билан миллий давлатчилик анъаналарига мос тартиботларни уйғунлаштириш натижасида вужудга келтирилган бизнинг Конституциямиз жаҳон андозаларига ҳар жиҳатдан мос тушиши билан халқаро талабларга тўлиқ жавоб бера олади. Конс­титуциямиз "Муқаддима" ҳамда "Асосий принциплар", "Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари", "Жамият ва шахс", "Маъмурий-ҳудудий ва давлат тузилиши", "Давлат ҳокимиятининг ташкил этилиши" ва "Конституцияга ўзгартириш киритиш тартиби" тўғрисидаги олти бўлимдан иборат. Энди бўлимлар ҳақида алоҳида-алоҳида шарҳ беришни мақсадга мувофиқ ҳисоблаймиз. Зеро, биз Конституция тарғиботига доир туркум мақолаларимиз билан ҳар бир кишининг давлат тартиботи, ўзининг ҳуқуқ ва бурчларини яхшироқ билиб олишига яқиндан кўмаклашишни ниятлаганмиз.

Манзура АБДУЛЛАЕВА.