Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 7-8 июлидаги Наманган сафарлари чоғида даставвал Тўрақўрғонда бунёд этилаётган Ибрат боғига ташриф буюрганларида: "Унинг "Фарғона тарихи" асари мамлакатимиз тарихига оид нодир манбалардан биридир" дея бежиз таърифламадилар. Бу фикрни мозийшунос мутахассис, академик Ҳайдар Бобобековнинг қуйидаги сўзлари ҳам яна бир бор тасдиқлайди: "Исҳоқхоннинг "Тарих-и Фарғона" қўлёзма асари катта тарихий-маданий аҳамият касб этади ва ўзбек халқининг қимматли ёзма ёдгорликларидан ҳисобланади".

Китоб 1991 йилгача қўлёзма ҳолида ётди. Ўзбекистон Фанлар академиясининг Шарқшунослик қўлёзмалар институти хазинасида сақлаб келинди. Қачонки, мамлакатимизда мустақиллик эълон қилингач, орадан икки-уч ой ўтиб-ўтмаёқ Абу Тоҳирхожанинг "Самария", Наршахийнинг "Бухоро тарихи", Баёнийнинг "Шажараи Хо­размшоҳий" асарлари билан биргаликда тўплам ҳолида 100.000 нусхада чоп этилди.

Нега бу асар шу чоққача қўлёзма ҳолида қолиб кетган? - деган саволнинг туғилиши табиий. Сабабини, нашрга тайёрловчи олим Ҳайдарбек Бобобеков "Фикримизча, Исҳоқхон Ибрат ушбу асарини қайта ишлаш ниятида бўлиб, уни нашр этмаган. Шунинг учун ҳам асарда айрим камчилик ва нуқсонлар учрайди" деб изоҳлаган. Даст­лабки изоҳ ҳам бир томонлама тўғридек туюлади. "Лекин бизнингча, бу ягона сабаб бўлолмайди, - дейди "Ибратнинг ибрати" китоби муаллифи, устозимиз Содиқ Сайҳун. - Мабодо, гап шундагина бўлганида, уни таҳрир қилиш имконини Ибрат албатта топа оларди. Ўша давр муаррихлари назаридан ўтказиб олиш обрў-мартабаси баланд ижодкор учун ортиқча мушкуллик туғдирмасди. Иккинчи, нозикроқ сабабни ҳам эътибордан қочирмаслигимиз керак. Шўролар даврида руслар тузуми янгилангани билан уларга туб аҳолининг кўзини очадиган миллий уйғонишга дахлдор гаплар аслида ёқавермасди. Айниқса, туркистонликларнинг буюк ўтмиши, буюк аждодлари ҳақидаги гаплар, ҳатто рус бос­қини "Руссия давлатига ўтиш" ёки "Туркистонни Руссияга қўшиб олиш" дея бошқача тасвирланса-да, ўша давр сиёсий цензураси чиғириғидан ҳақиқий ҳолатни тасвирловчи асарнинг ўтишига деярли ишонч йўқ эди. Ахир улар туркистонликларнинг осонликча тобеликка, яъни бошқа дин вакиллари ҳукмронлигига бўйсунмаганликлари хаспўшлангани билан газета-китобларга муҳрланиши ўзларининг мустабид манфаатларига путур етказишидан чўчишарди. Ибрат оқилона мушоҳада юритиб, оқлар ўрнини эгаллаган қизиллар билан зиддиятга боришликни эп кўрмагани ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас".

Ана энди фикримизни қўллаб-қувватловчи китобдан иқтибослар келтирсак. "Оламни томом кўрмак ва кезмак бир бандага муяссар ва мумкинотдан эмас учун ояти қуръония "ла ратбин ва ла йабисин илла фий китабин мубин" ("ер тубларидаги ҳар бир дон, бор ҳўлу қуруқ нарса, албатта, Очиқ Китоб­да, яъни Оллоҳнинг илми азалийсида мавжуддир) буюрмишдур.

Ҳосил ул-калом ал-муддао ва-л-маром инсон анча-мунча бақадри илм башарият тарихидан билмак лобут (лозим - М.А) ўлмоқи маълумдур. Лоақал киши ўз мутаваттин ерини билмак заруриятдандур. Билмаса, тафосир ва аҳодисларда ва таворихларда мубаййиндур: кўрмак ва билмак илмдандур".

Шуни назарда тутган Ибрат ушбу китобини ёзишга киришган ва халқининг узоғини яқин қилмоқ, яъни ўзи ўқиган, ўзи уққан, ўзи билганларини ўз миллатига илинган. Фарғонанинг қадимий ўтмишидан бохабарловчи манбаларга мурожаат этган ҳолда Туркистоннинг бир гўшаси водийнинг, таваллуд тупроғининг тарихини имкон доирасида тартиблаган. Миллатимиз одатлари, тили, расм-русум ва шевасини синчиклаб ўрганган, мушоҳада юритиб жўяли хулосалар берган. Туркий халқлару туркий тиллар, унга форсий ва арабий таъсирларгача назардан қочирмаган. "... Амир Алишер Навоий, Лутфийдек кишиларни назмларида муоянадур ёки авлиёуллоҳдан ҳазрати султон-ул-орифин Хожа Аҳмад Яссавий ҳикматларини сўзлари эски туркиймиздурки, ўғон изм қамуғ бузурк - талимга равон танг­рим ўзи", деган туркийлар тили ул жаноб сўзларида бордир. Бу бизни халқимиз тилларида аслий тилдан қолмай, форсий ва арабий мухталит бўлуб, ҳозирги вақт­ларда яна ҳукумат тилидан қўшулуб, сортчада ҳозирда арабчадан, форсийдан, русчадан аралаш бўлуб, ўз тилимизни аслий намуналари қолди".

Асар мутолааси жараёнида сезамизки, муаллиф қўлига қалам олганида Шарқ оламида машҳур китоблардан ўринли ва самарали фойдаланган. Чунончи, "Шоҳнома", "Равзат ус-сафо", "Тарихи Табарий", "Ажойиб ул-Булдон", "Тарихи табақот ут-тоҳирий", "Қомус ул-аълом", "Мулҳақот ус-Суроҳ" сингари кўҳна битиклардан ривояту ҳикоятлар, далилу шаходатлар келтирган. Араб тилини яхши ўзлаштиргани, фақат оғзаки эмас, ёзма билим-кўникмага ҳам эгалиги унга беҳад қўл келганини кўрамиз". "Алҳол Фарғонага таърихларда кўп сўзлар ёзилган экан. Бу жумладан таърихи "Мулҳақот ус-Суроҳ"да иборати арабий илан бу тариқа ёзилубдур:

"Ҳўқанд хонлиги Кошғар ва Помир, яъни Шағном ҳудудиғача Ўрол кўлина мутассил ўлиб, бутун Сайҳун дарёсини комилан шомил ўлуб, 1876 милодийда Руссия қўлиға ўтуб, ҳоло давлати Руссияда яшамоқдадурлар".

"Фарғона суви сероб, ҳавоси тоза, меваси покиза. Ерлар маҳсулдор ўлуб, Руссия давлатида бўлгандан буён нечанд даража тижорат ва зироат ишлари муравваж бўлиб, темир йўллар иншоси ва воситаси илан ҳамма ишлар осон ўлуб, даҳоқинлари аксариятда пахта зироати илан ривожланиб, пахта тижорати бўлак ишлардан ривожда бўлиб, муни фойдасига алдануб, зироати миллийлари: буғдой ва жувари, арпа экмоқ йўқ бўлуб, эсларидан чиқаруб, 1913 милодийда пахта зироат ва тижоратига ўрганган кишилар қарз дарёсига ғарқ бўлганлар...".

Ибрат учун биринчидан, қадимги Фарғона тарихи ҳақидаги қўлёзма рисолалар асос бўлган бўлса, иккинчидан, ўзи яшаган аср воқеалари, шоҳид кишиларнинг хотираларини бевосита тинглаш ёки эшитганларнинг ҳикоятлари баёни қўл келган. Тўғри, қаердадир қайсидир воқеанинг санасида баъзи арзимас янглишишларга йўл қўйилгани кўзга ташланадию, аслида буни ҳозирда қўшимча манбаларга таққослаб янаям аниқлаштириш унча мушкул эмас. Энг муҳими, бизлар учун энг қимматли жиҳати ҳаётий ҳодисаларнинг ростлигида, тарих юзини қандай бўлса, шундайлигича авлодларга кўрсатиш ниятининг устуворлигида деб ўйлаймиз.

Чунки, китобнинг XIX асрнинг иккинчи ярмидаги воқеаларга бағишланган саҳифаларида русларга қўшилиш эмас, русларга қарши курашдаги мағлубиятларга Тур­кис­тондаги хонликларнинг зулмкорлиги, тарқоқлиги, ноаҳиллиги туфайли халқнинг куч-қудрати суст­лашгани бош сабаб қилиб кўрсатилган. Биз юртимизда истиқлолгача ўқиган китобларимизда мажбуран урфга киритилган "Туркистоннинг Россияга қўшиб олиниши" деган иборани парча-парча қилиб юборувчи фикрлар керагича топилади.

"Русия бирдан тўп қўйганда уйқудаги бечоралар туруб қочгани, овора бўлуб, баъзи нодон одамлар Русия қочганни отар эмиш деган сўзларга ишонуб, қочмасдан отулуб ва қолганлари қочуб, бечора хабарчи стунда боғлануб қолганича ул иморатга ўт қўюлуб, иҳроқ биннор бўлуб ўлди".

"Тошканд ташинда муҳосарасиндаги Русия аскари икки минг миқдоринда бўлуб,.. Бу муҳорабада исломдан кўп одам нобуд бўлуб, Русиядан талофот бир юзга етмас эди"... Ҳўжанд, Ўратепа ва Жиззаҳ қўлдан кетди. Русия забт этди".

" Охируламр Гловочоб Андижондан ярадор бўлуб, Намангонга келган эди. Кўрдики, халқнинг атвори бузуқ, бекор ғалва, муни босмоқ учун, хабар чиқардики, эрта отув бўладур, кўчага бола чиқмасун, деб. Эртаси бирдан чиқуб, кўчада кўринганни отмоқ бўлдилар. Ҳамма қоч-қоч, кўп мусофирлар ҳонақоҳ масжидда эдилар, кўча одамлари анда кирганда арқодан кируб, кўп кишиларни отдилар".

Ана энди гарчи миллату ватанлари бир бўлган XIX асрнинг сўнгги чорагию, йигирманчи аср бошларида ҳукмронлик қилган, халқона ибора билан айтганда, Оқ подшоли руслар билан меҳнаткаш  хал­қ­­нинг, ўзларини меҳрибони қилиб кўрсатишга уринган икки қиёфали қизил "лелинчи" ва "сталинчи"лар асл муддаоларини "социализм" ғоялари билан ниқоблаб, миллатимизни ўзлигини англашига имкон қолдирмаган. Шундай мураккаб шароитда "Тарихи Фарғона"ни чоп эттиришни ниятлаб, унуттирилаётган ўзбекларга ўтмиш ҳаётининг қора саҳифаларини яна эсга солишга уринаётган Ибратдек инсонларнинг хатти-ҳаракати ҳукуматга, давлатга заррача ёқмаслигини муаллиф сезмаслиги асло мумкин эмасди. Оқибатда, бу қўлёзма қоғозларда қолиб кетиш қисматига дучорланганига таажжубланишимиз ножоиз десак ҳам янглишмаймиз.

Мазкур асарда "Тарихи Андижон", "Тарихи Намангон" қисмлари анча қисқа қайдлардан иборатлигига қарамай, катта маънолар мужассам, қимматли маълумотларга бой.

Академик Ҳайдарбек Бобобеков ёзганидек: "Исҳоқхоннинг "Тарих-и Фарғона" қўлёзма асари катта тарихий-маданий аҳамият касб этади ва ўзбек халқининг қимматли ёзма ёдгорликларидан ҳисобланади.

Умуман, асарда мазмун жиҳатдан воқеалар тўғри баён этилган. Биз ўйлаймизки, "Тарихи Фарғона" номли ушбу асар Ўрта Осиё халқлари тарихини ўрганишда муҳим манба бўлиб хизмат қилади".

Исҳоқхон Ибратни шунинг учун ҳам мозийшуносликдаги салоҳияти ҳеч бир замондошларидан кам эмаслигини уқиб етамиз. Беихтиёр ҳамюртимиздан фахрланамиз.

Манзура АБДУЛЛАЕВА.