Ассалом, бобожон, қадри осмоним! Суюкли юртига руҳи посбоним. Ҳурлик-хуррамликдан файзли ҳар оним. Гуллаб-яшнамоқда Ўзбекистоним. Мадҳига камдайин минг бир достоним.
Сизни йўқламоқлик менга анъана. Меҳр соғинчларим қилар тантана. Ҳатто келмай туриб хотира сана, қошингизда ёлғиз турибман яна.
Илдизи бут дарахт топмас ҳеч барбод. Улуғ аждодларга ўхшайди авлод. Боболар ибрати эмасдир беёд. Муносиб яшашга чорлар бу ҳаёт.
Пойдевори пухта уй - Ўзбекистон. Бўйу басти баланд, кўркка бой макон. Бунда лаҳзага жо беқиёс имкон. Бунда тақдирдошдир сермиллат инсон. Дунёда бормикин ўзга Меҳристон?!
Ташна эди эҳ-ҳа эл ҳурриятга. Раҳнамонинг зўри - омад миллатга. Ўргатар барчани мардлик, журъатга. Ватани тўлади кучу қудратга.
Сиз ўша зулматлар бағридаги нур. Элга бера олган ҳаловат-ҳузур. Сиз ўша ўзбекка бахш этган ғурур. Масрур халқ эртасин нурафшон кўрур.
Элни руҳлантирган ҳар бир сўзингиз. Буюк давлат бунёдкори ўзингиз. Ибрат, сабоқ босган ҳар бир изингиз. Издошингиз бугун ўғил-қизингиз.
Сарбони оқил бўлса, бехатар карвон. Орзулар ҳеч қачон бўлмагай армон. Эккан уруғлари унар бегумон. Барака аримас ризқ хирмон-хирмон.
Уч мақсад барчага ягона ғоя. Юрт тинчлиги доим равнаққа доя. Халқ фаровон, йўқдир тўқликка соя. Ҳур ватан-чун шу йўл топмас ниҳоя.
Сизга тан бердику серғалва дунё. Шарқдан юксалгандек иккинчи Зиё. Ўзбекистон балқди қуёшдек гўё. Жаноблар кўргандек бугун туш-рўё.
Халқингизга мерос ҳур-озод диёр. Ҳар соҳада янги юксалишлар ёр. Ҳаммага Ҳаракат ягона шиор. Ислоҳот - ўзгариш бисёрдан бисёр.
Руҳларга қанотбахш дуогўй бу эл. Илоҳий инъомли художўй бу эл. Каъбага талпинган ибодатли эл, нияти Аллоҳдан ижобатли эл.
Сиздек раҳнамодан миннатдор, мамнун. Сизга насибадир дуолар ҳар кун. Шукрона айтишар истиқлол учун, тақдири аълою, чин иқбол учун.
Йиллар соғинчимиз аритолмайди. Хотира ҳисларин қаритолмайди. Асрдан-асрга ўтказади вақт. Икки дунё бахти бобо сизга нақд.
Демак, Сиз ҳам бугун биз билан борсиз. Ёду ёнимизда чин мададкорсиз. Барҳаёту боқий бахтга ёрсиз. Ислоҳот бардавом, руҳий сардорсиз!
Жаннатга айланса, не ажаб бу юрт!
Ислом Каримовга
(Ёднома-фахрия)
Истиқлол сўзидай суюкдан суюк
Номингиз тиллардан тушмайди ҳеч вақт.
Истиқлол ўзидай буюкдан буюк
Ғоянгиз диллардан эгаллаган тахт.
Халқингиз садоқат бобида собит,
Аҳдига яраша шахди беқиёс.
Хомхаёл эртасин этмас ҳеч нобут,
Ҳайрат Ватанига мўъжизалар хос.
Қаёққа узатсак - етгай қўлимиз,
Қаёққа қарасак - авжли ҳаракат.
Мақсад сари элтар бешта йўлимиз,
Беш йилда ишлар ҳам беш бўлар, албат.
Муаммолар борми, бизлар ечолмас,
Барчамиз бирдайин шимарганмиз енг.
Ҳамжиҳат, ҳаммаслак, ҳоримас-толмас,
Ҳаммулоқот халққа имконият кенг.
Инсон манфаати ҳар недан устун,
Адолатпешалик энг олий мезон.
Ҳотамлик бор жойда эл ризқи бутун,
Гоҳида бир оғиз яхши сўз эҳсон.
"Ҳеч кимдан каммасмиз", дердингиз такрор,
Ҳеч кимдан кам бўлмай ташлаймиз қадам.
Бунёдкорлик наслу қонимизда бор,
Қўллаб турса басдир руҳингиз ҳар дам.
"Шогирднинг камоли - устоз жамоли"
Таърифин айтганлар минг бор экан ҳақ.
Шогирд Юртбошининг сўзу аъмоли
Тенгсиз толеингиз тимсолидир нақд.
Устоз мартабасин олди-ортида
Тўкис қила олган қайси бир шогирд.
Муносиб вориснинг шижоатидан
Жаннатга айланса, не ажаб бу ЮРТ!
Манзура АБДУЛЛАЕВА.
Соғинч
Халқ билан бирга юриб Сиз,
Адолатли давлат қуриб Сиз,
Қалбимизга солиб ўчмас из,
Отажоним, ташлаб кетдингиз,
Кўзларимиз ёшлаб кетдингиз.
Юртни озод, обод этдингиз,
Бахтимизни бунёд этдингиз,
Эзгу мақсадларга етдингиз,
Отажоним, ташлаб кетдингиз,
Кўзларимиз ёшлаб кетдингиз,
Ҳар бир ўғлон соғлом, паҳлавон,
Қизларингиз қолишмас ҳеч он,
Катта-кичик эди беармон,
Отажоним, ташлаб кетдингиз,
Кўзларимиз ёшлаб кетдингиз.
Кеча-кундуз ёд айласак оз,
Руҳингизни шод айласак оз,
Эслаб умрбод сўзласак оз,
Отажоним, ташлаб кетдингиз,
Кўзларимиз ёшлаб кетдингиз.
Раъно ЭРГАШЕВА,
Учқўрғон туман тиббиёт
бирлашмаси ҳамшираси.