Тўрақўрғон марказида бунёд этилаётган Ибрат номли хиёбон яқин орада қиёси йўқ маънавий-маърифий масканга айланади. Зўр мамнуният билан муболағасиз "Юртдошини улуғлашни Юртбошидан ўргансак арзийди", деб баралла айта оламиз.Негаки, Наманганда ҳеч бир зотга ҳалигача бу каби мукаммал ва муҳташам мажмуа яратилган эмасди-да. Ҳадемай хиёбонга қадам қў­йишимиз билан Ибрат бобомизнинг салобатли ҳайкалларига кўзимиз тушади. Бир ёнларида хотира айвони, бир ёнларида тиллар мактаби, олдиларида ҳавода оби-инжулар мавжини авжлантирувчи фавворалар, барча йўлакларнинг икки қирғоғи кўм-кўк майдон "гилам". Рангу шакл-шамойили баҳри дилимизни очувчи ва яйратувчи дарахтлардан файзиёб. Бундан салкам юз йиллар муқаддам у кишининг ўзлари томонидан маҳаллаларида барпо қилинган "Гулбоғ" андозасидаги янада кўркли нафосатгоҳ нигоҳимизни ҳайратларга чулғаса ажаб эмас. Хотира айвонидан пастга тушилса, чинакам тарихга юзланамиз. Гумбазли, минорали нақшдор бинонинг эгизакланганида ўзига хос маъно мужассамдай. ХIX асрнинг охирларида Ғойибназар қози бунёдлаган Шарққа юзланган мадраса биносига уйғунлаштириб ғарб томонида ҳам ҳозирда худди ўша кўриниш тикланиб, ХХI аср меъморлари ўтмишдошлари яратиғини такрорлашаётир. Бу гўша табаррук инсон хотирасини абадийликка муҳрловчи тарихий музейдир. Қутлуғ даргоҳ яқин орада остонасини хатлаганларни Ибрат замонига саёҳатга етаклаши шубҳасиз.

Биз серқирра салоҳият соҳиби сиймосида  истиқлол ва истиқбол фидойисини тасаввур этамиз. Бобомиз дилбар шоир сифатида ошиқона ҳамда илму маърифатга, маънавий юксалишга даъваткорона назм дурдоналари, тераннигоҳ мозийшунос сифатида қимматли манбалардан тартибланган, айтиш мумкинки, ўзига хос тарихи Фарғонаномаси, зукко тилшунос сифатида олти тилли луғати-ю, ёзув мажмуаси бобидаги икки ноёб асари, жамиятшунос, удумшунос сифатида тўққиз мезонли - замон ўлчовлари рисоласи билан мамлакатга таниқлилик мартабасига кўтарилгани ҳаётий ҳақиқатдир.Чин маънодаги маърифатпарварлиги фақат ижодий камолотидагина эмас, бардавом амалий фаолиятида янада тўлароқ зуҳурлангани эса, унинг тарғиботчилиги жориётчиликка уйғунлашиб кетганининг ёрқин далолати десак асло янглишмаймиз. Ибрат ташкиллаган илк матбаа ўчоғи, илк мактаб, илк китобатчилигу кутубхоначилик, аввало, Наманган вилоятида, умуман, бутун Туркистонда бошланган миллий уйғониш ҳаракатининг дастлабки намунали самараси эди.

У таваллуд тупроғи ўзбек давлатчилиги тарихининг қутлуғ манзиллари эканини бирор лаҳза унутмаган. Жонкуярлик билан Марказий Осиёда энг гуллаб-яшнаган қадимги Фарғона вилоятининг пойтахти - кўҳна Ахсикент неча юз йиллардан буён тупроқтепа ҳолатида тарих юзини очувчи археолог тадқиқотчиларини кутаётгани ҳақида "Туркистон вилояти газетаси"га туркум мақолалар ёзгани, муҳокама-мунозара маёғини кўтаргани ўша ўтган аср бошида унча-мунча билимдон одамнинг қўлидан келадиган чакана иш эмасди. Ўзбекларни ёппасига саводсиз санаганларнинг қаттиқ адашганлигини тасдиқлайдиган бундай саъй-ҳаракатлар қайси жасоратдан кам. Юқоридаги баракали  ижодий мероси ва илму амалларидан воқифлигимиз бизларни Ибрат бобомизнинг миллатимиз олдидаги   хизматлари буюклигига беихтиёр иқрорлантиради. Ҳайрли ишнинг сира кечи йўқ. Бугун истиқлол шарофатидан бошланган улуғлар сийлови Исҳоқхон тўра Ибратга етиб келганига шоҳидлигимизга такрор-такрор шукроналар ярашади. Очиғи, шоҳидликнинг икки муҳим жиҳати бор. Бири фахрланмоқ бўлса, иккинчиси ўрнак олмоқдир. Бири кўнгилни мунаввар айласа, иккинчиси ҳаракатга чорлайди. Аждодларнинг эзгу ишлари авлодларда бардавомлиги шундан. Вилоятимиз ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Хайрулло Хайитбоевич Бозоровнинг вилоят аҳли ва ёшларига "Исҳоқхон тўра Ибратга муносиб бўлайлик" деган Мурожаат билан чиқиши бежиз эмас. Ушбу даъватномада: "Ибрат орзу қилган интилувчан, ҳар соҳада билимдон, фидойи ёшлар бугунги кунда ҳам юртимизнинг порлоқ келажагини барпо қилиш йўлида сабот билан меҳнат ва ижод қилмоқдалар, ишламоқдалар, изланмоқдалар. Ҳукуматимизнинг хорижий тиллар, ахборот технологияларини ўзлаштириш борасида қилаётган саъй-ҳаракатлари айнан Ибрат, Фитрат, Чўлпонлар орзу қилган кунларга келганимизни, ватаннинг буюк истиқболи учун ҳозирдан тамал тоши қўйилаётгани, айниқса, бу ислоҳотлар кенг кўламда олиб борилаётганининг яққол мисолидир" - дея таъкидланганлиги нақадар тўғрилигини ўзим ва тенг­дошларим фаолиятида, эришаётган натижаларда аён кўриб турибман. Кўнглимнинг бир четида оз бўлса-да, бугунги изланувчан ёшлар сафида эканимдан мамнунлик сезаман. Чунки,  Наманган давлат университети филология факультети ўзбек тили  йўналишида ўқир эканман,  яна икки хорижий, яъни инглиз ва араб тилларини ҳам қизиқиб ўзлаштиряпман. Шу йили май ойида интернет орқали Москвадаги ИНТУИТ халқаро университетининг сиртқи курсида қатнашиб, инглиз тилидан махсус "Сертификат"га эга бўлдим. Шунингдек, минтақавий илмий семинарга устозим, филология фанлари доктори, профессор Носиржон Улуқов раҳбарлигида тайёрлаган "Исҳоқхон Ибратнинг тилшуносликка қўшган ҳиссаси" номли тадқиқот-маърузам мақола шаклида махсус тўпламда чоп этилди. Айни дамда изланишдан тўхтаганим йўқ. Мақсадим бобомизга ўхшамоқлик, у киши бошлаган эзгу ишларнинг бардавомлигини таъминловчи фаол ёшлар сафида юришдир.

Жорий йил кўкламининг қутлуғ куни - Наврўз айёмида таваллудига 155 йил тўлган ҳамюртимиз Исҳоқхон тўра Ибрат болалигидан токи умри поёнига қадар (1862-1937) олам ва одамнинг саодатини ҳар иккиси уйғунлигию, мукаммаллигида деб тушунди. Мукаммаллик омили бўлган илм маърифат - халқнинг ўйидан ва кўнглидан, онгу шууридан ўрин олиши учун ўзи бетиним курашди, ўзгаларни ҳам ортидан эргаштирди. У дунёга беқиёс ҳавас билан боқибгина қолмай, айни вақтда ўзбеклар дунёни ҳаваслантирадиган халқ эканини амалда исботлашдек истак-иштиёқ билан яшади. Худди шу туйғу бугунги авлод учун ҳам ҳаво ва сувдек  зарур. Ҳаракатлар стратегияси муваффақиятини таъминлаш учун ҳар қадамда  асқотади. Тенгдошларимга айтадиган хулосам аниқ: вилоятимиз ҳокими Мурожаатига "лаббай"дейишимиз лафзи ҳалоллигимиздан безаклансин. Мен ҳам, сен ҳам, у ҳам - демакки, барчамиз Ибрат бобомизга издошликка доимо бирдай бурчлимиз.

Манзура АБДУЛЛАЕВА.