Тошкентдан ташриф буюрган бир гуруҳ таниқли олимлар, ижодкорлар, санъаткорлар вилоятимизда меҳмон бўлиб туришибди. Улар меҳнат жамоаларида бўлишиб, "Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!" шиори остида очиқ мулоқотлар, давра суҳбатлари ва ижодий учрашувлар ўтказишмоқда. Айниқса, даволаш-профилактика муассасалари жамоалари иштирокида ташкилланган дийдорлашувлар таассуротларга бой бўлди. Жумладан, Наманган шаҳридаги 1-оилавий поликлиника ва 1-шаҳар шифохонасида бўлиб ўтган байрамолди тадбирлари ғоят қизиқарли кечди. Маънавий-маърифий тадбирларни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари, "Шифокор ва ҳаёт" газетаси муҳаррири Абдулла Ғозиев олиб борди.
Дастлаб Республика тарғибот гуруҳи раҳбари, Тошкент давлат шарқшунослик институти доценти, сиёсатшунослик фанлари номзоди Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов буюк неъмат - истиқлол, унинг шарофати билан юртимизда рўй бераётган улкан ўзгаришлар, хусусан маънавий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, эришилаётган беқиёс ютуқлар ҳақида маъруза билан чиқди.
Ўзбек давлат драма театри актрисалари Юлдуз Ҳайдарова ва Гавҳар Ҳакимовалар мустақиллиқ туфайли юртимиз дунёга танилгани, унинг нуфузини ошириш учун барча бир тан бўлиб интилаётгани, санъат соҳаси вакиллари ҳам астойдил изланаётганликларини таъкидлаб, спектакллардан саҳнавий чиқишлар ижро этишди.Таниқли шоира Зебо Мирзаева шеъриятнинг сирли оламига етаклаган бўлса, иқтидорли рассом Дилмурод Йўлдошев юртимизнинг гўзал ва бетакрор манзаралари акс эттирилган асарларининг яратилиши ҳақида фикр юритди. Давралар куй ва қўшиқлар билан янада файзга тўлди.
1-оилавий поликлиника ва 1-шаҳар шифохонаси бош шифокорлари Файзулла Дадабоев ҳамда Тоҳиржон Бойдадаевлар пойтахтдан келган меҳмонлар билан кечган учрашув дилларни ғоят шод этганини таъкидлашиб, байрам арафасида ташкилланган маърифий тадбирлар тиббиёт ходимларида кўтаринки кайфият уйғотганлигини эътироф этишди.