- Айни вақтда йўқлаб келдингиз, дўхтир қизим, келинимни тиббий кўрикка жўнатмоқчи бўлиб тургандим. Аслида ўзим ҳам доимо фойдали маслаҳатларимни бериб боряпману, лекин шифокорникиям жуда зарур-да.

Ҳикматойнинг чеҳраси беҳад ёришди. "Ҳамма қайноналар ҳам шундай бўлсалару..." деган фикр хаёлидан ўтди.

- Соғлом набира кўришни хоҳлаган оналар сизга ўхшаб иш тутишади, келинларидан меҳр-мурувватларини сира аяшмайди, аяжон. Қани, Озодахонни чақиринг-чи, ўзлари нима қиляптилар?

- Тушликка сергўшт, серловия мастава ичайлик девдум, ошхонада уринаётганди. Асло ўзимни ўйлабмас, келинимнинг, бўлажак набирамнинг саломатлигини ўйлаб шундай овқатни буюрдим-да, - деди қайнона "Тўғри қиляпманми?" дегандай ҳамширага маъноли боқиб.

- Буниси янаям яхши бўлибди, - маъқуллади Ҳикматой. - Ҳомиладор аёлнинг қони меъёрида бўлиши учун овқатларига кўпроқ мол, парранда ва балиқ гўшт­лари, нўхат, ловия, мош сингари дуккакли ўсимлик маҳсулотлари тушиши керак. Турли меваларни, айниқса, олма, анор, нокларни еб, уларнинг табиий шарбатларини ичиб борса, она соғлиги тобора мустаҳкамланиб, танаси бола соғлом ривожланиши учун етарли озуқаларга тўйинади. Қарабсизки, ой-куни етганида, қийналмасдан кўзи ёрийди, тўрт мучаси соғ чақалоқни бағрига босади.

Қайнона билан ҳамширанинг шарпасини эшитгандай ичкаридан Озодахон чиқиб келди.

- Ассалому алайкум, опажон! - дея меҳмонга пешвоз чиқди у.

- Озодахон қизим, Ҳикматойни хонангизга бошланг, опангиздан маслаҳатлар олволинг, атайлаб келишибди, - дея қайнона уларни ҳоли қолдирди.

Ҳамшира сумкасидан ҳомиладор аёлга бепул тар­қатиладиган "Витрум перенатал" умумқувватлантирувчи витаминни олиб берди, унинг фойдасини тушунтирди. ҚВПга вақти-вақти билан бориб, врач кўригидан ўтиб, шундай дармондорилардан олиб ичиб туришини огоҳлантирди.

У меҳмонни кўча дарвозаси олдида кузатиб қо­ларкан:

- Тушундингиз-а, эсингиздан кўтарилмасин! - дея яна алоҳида тайинлади Ҳикматой.

- Хўп, опа.

- Ойингизлар ажойиб ғамхўр эканлар, чизган чизиқларидан чиқманг-а.

- Вой, нега ундай дейсиз, улар бизларнинг дунёдаги энг меҳрибонимиз ҳисобланадилар. Худо хоҳласа, бир меҳрибонликларига юз меҳрибонлик билан хизматларини қиламиз. Бахтимизга умрлари узун бўлишини Аллоҳдан кеча-ю-кундуз тилаганимиз тилаган.

- Яшанг, синглим, катталарни эъзозлаган ҳаётда ҳеч кам бўлмайди...

Ҳамшира хуш кайфиятда хайр­лашди.

* * *

У энди қўшни ҳовли дарвозаси қўнғироғини босди. Ҳадеганда ичкаридан ҳеч ким овоз беравермади. Яна усти-устига чақирди. Охири эшик очилиб, остонада Кароматхон ая кўринди.

- Ҳа, намунча бесабрсиз, - деди у ҳамширани ҳушламай.

- Хабар олгани келгандим.

- Уйимизда ҳеч ким касал эмас, - таажжубланиб елка қисди кампир.

- Бизни чақиришингиз шарт эмас. Мен сизларнинг маҳаллангизга боғланган патронаж ҳамшираман. Келинингиз ҳомиладор экан...

- Нима? Ўзи сизга бориб шикоят қилдими?

- Йўқ, йўқ, бизда ҳисобда турадилар. ҚВПга ҳалигача ўзлари бормаётганликлари учун ташвишланаётгандик.

- Ҳеч ташвиш тортманг, зарур топсак, ўзимиз қўн­ғироқ қиламиз.

- Учрашсам, бир ҳол-аҳвол сўрашсам дегандим.

- Келинимни айнитиб қўясиз, керакмас. Ҳозирги хотинларга ҳайронсан, боши оғрисаям, оз-моз истимаси кўтарилсаям дўхтирга югуришади. Уларнинг бунақа қилиғи бизнинг оилага тўғри келмайди. Қайнонанинг хизматидан бўйин товлайдиган дангаса келингина "у ер-бу ерим оғрияпти" деп, ҳомиладорлигида уйидагиларнинг бошига чиқмоқчи бўлишини яхши биламан. Менга келинимнинг бунақа ўйинлари ўтмайди. Нима гапингиз бўлса, ўзимга айтинг, унга уйда мен хўжайинман!

- Хўп, ойижон, фақат мана шу дармондорини бериб қўйсангиз, ҳар куни биттадан таблетка ичиб турсинлар. Яна келаман, келаси гал ўзим текшираман.

- Бўпти, бўпти, хайр, қизим! - Каромат ҳола дарвозани шартта ёпиб ичкарига кириб кетди.

Негадир ҳамширанинг хизмат бурчини ўтаётганини тушунгиси келмагани учун у яна асабийлашди. Қўлидагиларга разм солганича жағи-жағига тегмай жаврашга тушди.

- Сендақа меҳрибонлардан ўргилдим. Вой-бўй берган нарсасини қаранг, бизга ҳомиладорлик пайтларимиз ҳеч ким шунақа дармондори ҳам келтирмаган, бунақада оғироёқ келинлар талтайиб кетади-ю, бериб бўпман. Тугатса, яна ўша ёққа қадам солишга одатланиб қолмасин.

* * *

Эртаси куни икки қўшни аёл дарвозалари олдида учрашиб қолишди.

- Шарофатхон, эрта саҳарда қаёққа шошиляпсиз?

- Кароматхон, кечаги келтирган олмам келинимнинг оғзига жуда ёқиб қолибди. Кўча бошидаги дўконда сотилаётган экан. Тугамасидан яна олишга улгурай. Ўғлим давлат иши билан овора. Менга ишонади-да.

- Ҳай-ҳай-ҳай, келинни ўйлагунча ўзингизга қарасангиз бўлмайдими, ўзингизга?!

- Мунча ҳай-ҳайлайсиз, менга нима қипти, соғлигим ҳам, куч-қувватим ҳам жойида. Келиним эсон-омон кўпа­йиши учун ҳар нарсага тайёрман. "Болагинамнинг боласи-қантак ўрик донаси" дейишган ота-боболаримиз. Ўша қантак ўрикнинг донаси бенуқсон бўлиши учун ҳозирданоқ мен жон куйдирмасам, ким жон куйдиради,ўргилай.

- Сиз келинни талтайтиряпсиз.

- Талтайса талтаяр, энг муҳими соғлиги, касал бола туғса, дам дорихонага, дам шифохонага чопганидан кўра, бугун ўзим дўконга, бозорга югурганим яхшимасми?

- Билганингизни қилинг, менга нима, қийналаётган ўзингиз.

Шарофат ая қўшниси билан гап талашиш бефойда эканлигини англаб, тезда хайрлашиб, дўконга илдамлади.

Каромат ая эса унинг орқасидан лабини буриб, кинояли илжайиб қолди.

* * *

Орадан ойлар ўтди. Қўшниларнинг бириникида ширин орзу-ўйлар билан ҳаловатли кунлар кечди. Иккинчисиникидан эса кунаро жанжал аримади.

Шарофат аянинг уйи қаршисига оппоқ "Ласетти" машинаси келиб тўхтади. Ичидан хушкайфиятдаги қайнона билан йўргакдаги чақалоқни кўтарган келини Озодахон, олдинги ўриндиқдан эри Одилжон тушиб келишди. Бир пастда маҳалладошлар пешвоз чиқишиб, уларни янги меҳмон билан қутлашди.

Шу пайт одамлар юзидаги табассум йўқолди, ҳамма ҳайрон. Йироқдан елдек елиб "Тез ёрдам" машинаси яқинлашиб, қўшни Каромат опанинг дарвозаси рўпарасида тўхтади. Оқ халатли икки шифокор ичкарига шошилиб кириб кетишди. Бироздан сўнг тиббий замбилни олиб, ҳайдовчи йигит ҳам ҳовли томон югурди. Кўп ўтмай, икки киши тиббий замбилни кўтариб чиқишди. Унда Каромат аянинг келини Сабринисо ётарди. Эри хотинини машинага жойлаштирар экан, афсус билан бош чайқарди.

Каромат хола эса ҳамма айбни келинига юклашга уриниб, ўғлининг олдида ўзини оқлашга интиларди.

- Ҳа, ўзбошимча келин-а, катталарни айтганини қулоғига олмади-да, олмади. Дўхтирларга кўриндинг­ми? - деб неча бор айтгандим-а, бепарво юраверди, хотининг ношуд экан, ношуд!

- Ойи, бас қилинг, уни айблайверишни! Сабринисонинг шу аҳволга тушишига сиз ҳам, мен ҳам айбдормиз, - деди Боқибой беғамлигини тан олиб. - Ана қўшнимизникида тўй, ҳаммаларининг шодликлари ичига сиғмаяпти. Бизникида эса аза. Чақалоқнинг бевақт нобуд бўлиб, тушиб қолишига ўзимиз сабабчимиз. Вақтида врач кўригига жўнатмадик. Энди Сабринисо соғ бўлса бўлгани. Худодан умрини тиланг, умрини, яхшиям шифокорлар бор, вақтида етиб келишди...

АЗИЗЛАР!

Сизларга ҳаётий ҳодисани ҳикоя қилдик. Икки хонадондаги икки ҳолатни ўзингиз ўқиб билдингиз. Ортиқча изоҳга ўрин бўлмаса керак. Хўш, бу ерда ким ҳақу, ким ноҳақ. Дийдаси қаттиқ ўғилми, ўз аҳволига ўзи ачинмаган келинми? Охир-оқибат ёруғ оламни кўрмай бағрида нобуд бўлган мурғакнинг уволи кимни тутади. "Қарс икки қўлдан чиқади", деган нақл мағзини қайноналар ҳам, келинлар ҳам, ўғиллар ҳам чақиб яшашга асло кечикмасликлари керак эмасми. Шифокорлар эса бурчларини сид­қидилдан бажаришяптими ёки шунчаки хизматчилик қабилида тушунишадими? Саволлар устига саволлар ёғилаверади. Лекин шуни яхши биламизки, соғ­лом онадан соғлом фарзандлар туғилишади. Бу масалага ҳеч вақт лоқайдлик билан қараш ярамайди.

Оиланинг бахти бутунлиги оналар соғлигидан, соғлом болалар дунёга келишидан эканлигини асло-асло унутмайлик!

Содиқ САЙҲУН.