Тадқиқотчиларнинг хулосасига кўра, телевидение кўрсатувларини узоқ вақт кўриш ҳузур-ҳаловатга майлни кучайтиради, билим олиш, ижод қилиш, яратиш ҳиссини сусайтиради. Чинданда, жаҳондаги турли каналлар орқали берилаётган "томошабоп" ёлғон дунё қиёфаси - мавжуд дунёни тўғри кўришга ҳалақит берувчи жиддий омил эмасмикин? Унга мутассил ошно бўлмоқ эслаш қобилятининг бузилишига олиб келади. Яъни киши ёқтириш керак бўлмаган нарсаларни ёқтирса, кутиш керак бўлмаган нарсаларни кутса, кўргани эсида қолмаса, бу вақтда фикр қилиш қуввати ва миянинг ўрта бўлаги зарарланади.

Яна бир рус файласуфи Э.Савенкова глобаллашув даврида вақт қадри тўғрисидаги фикрлари орасида шундай иборани ишлатади: "Замондошимиз телевидениедаги ток-шоуни кўраётиб ёки радиодаги мусиқий дастурни тинглаётиб уларда бирор маъни йўқлигини англаб турса-да, азбаройи бекорчиликдан қочиш учун ундан эътиборини узмайди". Шубҳасиз, ҳаётни телевидениесиз тасаввур қилиш қийин бўлган ҳозирги шароитда у ёшлар учун ҳам асосий ахборот манбаига айланаётир. Айрим ғарб мада­ниятига тааллуқли баъзи кўрсатув ва фильмлар борки, улар мутлақо ахлоққа зид ва ёшларнинг хулқи ва дунёқарашига салбий таъсир қилиши аниқ.

Уммонортининг "Family and marriage community" нашри телевидениега қарамликнинг асосий аломатлари сифатида қуйидаги ҳисобларни кўрсатади: Томошабин телевизорни камроқ кўришни истайди-ю, аммо уни ўчириб қўёлмайди; камроқ кўришга уриниши эса наф бермайди; телевизор ёқиб қўйилмаса, ўз-ўзидан безовта бўлади; телевизор кўрмаётган чоқда ҳам ТВ ҳақида ўйлайди; оила ва дўстлар билан суҳбатлашиб ўтириш ўрнига телевизорга тикилади.

Айни ўринда яна бир нарсани айтмасдан иложимиз йўқ. "Ойнаи жаҳон" турли-туман сериаллар билан тўлиб- тошгани биз учун у қадар ижобий ҳол эмас. Чунки, одамлар асосий вақтини нореаллик қаршисида ўтказиб, реал ҳаётини осонгина бой бериб қўймоқда. Мисол учун шундай оилалар ҳам борки, кечки соат 17:00 дан экран қаршисига ўтириб то 24 гача кўрсатувлардан кўз узмай ўтираверишади. Оқибатда бир кунлик умрининг чорак қисмидан кўпроғини кўкка совуриш билан тенг. Бу ҳам майли­­ку-я, томоша меъёрини унутгани оқибатида саломатликларига зарар етказадилар. Янаям аниқроғи кўзлари чарчайди, миялари толиқади. Дам олиш ўрнига бўлар-бўлмас кўрсатувлардан ҳоришади. Эртасига на ишларида унум, на фикрлашларида қўним топишади. Шундай экан, телевизордек дўстга вақти-вақти билан дам беришни эсдан чиқармайлик. Ахир эртага дўстни "Душманнинг ишини қилибди" деб нолишдан не фойда.

Биз сизга ақл ўргатишдан йироқмиз. Хулоса ясаш ўзингизга ҳавола...

 

WHATSAP ВА ТЕЛЕГРАММНИНГПЛЮСУ МИНУСЛАРИ

Агар аёл унсиз изтироб чекаётган бўлса, демак унинг телефони бузилган.

Шодмон Отабек

Одам учун ҳамма нарсадан қадрлиси нима? Кишилар билан сўзлашиш мулоқоти. Чунки бизларнинг барча қувончларимиз, бутун бахтимиз, жамийки умидларимиз, ўй-хаёлларимиз бир-биримизга муносабатлар билан боғлиқ. Инсонларнинг ҳаёти ўзларининг "тор дунёларида" эмас, балки одамлар ичра, оламлар ичра кечади. Мулоқот учун энг қулай ва арзон восита эса шубҳасиз интернетдир. Бироқ танганинг икки томони бор деганларидек унинг онгни чалғитиш хусусиятига эга эканлиги ҳеч кимга сир эмас.

Тадқиқотлар хулосасига кўра, инсон виртуал алоқани онгли ва онгсиз тарзда қабул қилади ва ушбу ахборот таъсирида онг остида вужудга келган хулоса инсонга ақлий салоҳияти ва фикрлаш қобилияти туфайли шакллангандек бўлиб туюлади. Шу сабаб жаҳоннинг машҳур ёзувчиси Чингиз Айтматов тили билан айтганда, "манқурт"лик юзага келади. Одам борган сари шахсий фикрини йўқотади. Яна бир савол туғилади: "Одамлар телефони бошқарадими ва ё телефон одамларни?" Тан оламиз телефон яхши эрмак воситаси. У билан ҳеч ким ҳеч қачон зерикмаган. Агар оч қолса, зерикиши мумкин.

Аслида кўпгина ҳаёт қийинчилигига учраган аксар одамлар ёки омадсизликка, умидсизликка тушиб қолганлар ўзларини телеграм, эмо, whatsap орқали алдашга уринадилар. Бироқ англаб етмаган салбий кайфиятлар ботиний онгда тўпланиб бораверади ва вақти келганда, руҳиятга "ҳужум қилади", уни эзиб ташлайди. Охир-оқибат эса киши тобора виртуал олам "фуқароси"га айланиб қолаверади.

Шуни ҳам таъкидлашимиз жоиз, кўпчилик ижтимоий тармоқ одамлари тинмай психологлар ҳузурига қандайдир "дискомфорт" билан келишади. Ўғлим ёки қизим ижтимоий тармоқларга жуда боғланиб қолди, уни компьютердан узоқлаштиролмаяпман қабилидаги изтиробли ҳолатлардан зорланишади. Бунинг асосий сабаби, ўқ илдизи битта бўлмайди. Аслида интернет одамни ўзига маҳлиё қилиб, ҳатто бошқарувни ўз қўлига олаётган "заҳарли оғу". У гўё гиёҳвандликка ўхшаб, хоҳишдан одатга, одатдан касалликка айланади. Кўпинча ота-она меҳри етишмаган, тенгдошлари орасида ўз ўрнини тополмаган, мулоқотга қийналадиган ўсмирлар ўзи дуч келган саволлар жавобини виртуал оламдан излайдилар. Мисол учун психологик марказлардан бирига худди шу масалада 14 ёшли болани олиб келишади. Маълум бўлишича, бирортаям ўртоғи йўқлиги учун, унга ижтимоий тармоқлар орқали мулоқот қилиш қулай бўлган ва охир -оқибат кучли асаб толиқиши касалигига чалинган. Ҳақиқатдан ҳам ташқи   дунёдан кириб келаётган қўзғатувчиларга ички биологик органлар жавоб реакциясини билдиради. Асаб бузилишининг пайдо бўлишига энг асосий сабаб асабий тарангликлар ҳисобланади. Булар дастлаб ҳис-ҳаяжонли ва руҳий бузилишларнинг шаклланишига олиб келади, сўнгра сурункали тусга ўтиб кетади. Тиббиётга оид адабиётларда таъкидланишича: "Асабий таранглик фақат асабни бузиб қолмайди, балки оғир касалликларга ҳам сабаб бўлади. Қон босимининг зўрайиши касалликлари, юракнинг ишемик хасталиклари, меъда яраси, қандли  диабет, тиреоксикоз, мигрен ва бошқалар пайдо бўлади".

Бугун интернет клубларига кирганда, уни тўлдириб ўтирган ёшларни кўрасиз. Бу яхши, албатта. Аммо айримларнинг оила даврасида кўриб бўлмайдиган жангари, ваҳшиёна ёки ёшига тўғри келмайдиган беҳаё видиофильмларни томоша қилиш, турли вилояту шаҳарлардаги қиз ва йигитлар билан севги номаларини алмашиш, ушбу тармоққа ўз суратларини киритиб, реклама қилиш билангина бандлигига гувоҳ бўласиз. Афсуски, мана шундай енгил-элпи эрмакка одатланиб қолган ёшлар тобора худбин, шафқатсиз ва ҳаёсизга айланиб, руҳиятини ижтимоий тармоқлар орқали ўлдириб қўяётгани ачинарли ҳол, албатта.

Аввало, инсон хатти-ҳаракати, атроф олам билан муносабатини тўғри ташкил қилса, ўз мувозанатини яхши ушлай олади. Телефон ҳам, компьютер ҳам каттаю-қичикка жуда керак. Бироқ улар фақат фойдали ишларимизда кўмакчи бўлиши ўзимизга боғлиқ. Шуни эсдан чиқариш асло яхшиликка олиб келмайди.

Истиқлол йилларида Ўзбекистонда маънавий юксалишга, миллий ўзликни англашга, ёшларни онгини турли хил ёт ғоялардан ҳимоя қилишга жиддий эътибор бериб келинмоқда. Яқинда юртимизда энди интернет тармоқларида ҳам қимор ўйинлари рекламасига барҳам берилиши, шунингдек, товарлар сотилишини кўпайтириш учун телевидениеда беҳаё саҳналардан фойдаланишни таъқиқлаш белгиланганлигини ўқиб қолдим. Бу жуда зарур чора-тадбир. Қанийди телефонларимизу, комьютерларимиз эзгуликларга интилишларимизга хизмат қилса. Фақат онгимизни тўғри яшашга, тўғри фикрлашга ўргатсак. Юрт равнақига дахлдор ишларимизга руҳлантиришга асқотаверса. Ана ўшанда ҳар бир техника матоҳи инсонлар қўлида уларнинг камолотига кўмаклашаверади.

Манзура АБДУЛЛАЕВА.