Миллатимиз мутафаккири Алишер Навоий "Тилга ихтиёрсиз - элга эътиборсиз" деган ҳикматни бундан беш асрдан мўлроқ муқаддам бежиз битмаган эдилар. Бундай дейиш билан туркий тилнинг эртаси учун қайғурмоқ ҳар бир миллатдош учун муҳимдан муҳимлигини уқтиргандилар. Буюк бобомиз фақат даъват билангина кифояланиб қолмаганлар, айни вақтда, бу борада байроқдорликни зиммаларига олганлар. У киши туркий лисоннинг латиф латофатини беш достонли бетакрор "Хамса"си билан олам аҳлига яққол намоён қилишдек эзгу ниятларига эришганлар.
Олим ва адиб Пиримқул Қодиров ўзининг "Тил ва эл" (2010) китобида "... ҳар бир тилнинг қудрати ва афзалиятлари шу тилни яратган халқнинг ўзи билан бирга яшасагина ривожланиб, ўсиб боради. Ўз халқидан ва сарзаминидан узилиб қолган тил табиий кучини, бойлиги ва гўзаллигини йўқота бошлайди. Демак, эл борки, тил бор. Элдан узилмаган одам тилдан ҳам айрилмайди", - деб ёзган эди. Минг афсусларки, буюк бобомиз Амир Темур барпо этган салтанатни темурий шаҳзодалар ғорат қилганларидан сўнг юртимиздаги ноаҳиллик, ворислар ўртасида тожу-тахтпарастликнинг авжга чиқиши, ватанпарварлар кимсаларнинг бошлари бирикмаслиги, тарқоқлиги, алалоқибат, мағрур ва масрур элимизни ўзгаларга мутеъ бўлиб яшашга мажбур қилди , ҳар қандай кас тап тортмай имом Ал-Бухорийдек зотларга ўз бағридан жой берган муқаддас тупроққа қадам урди. Хусусан, руслар босқинидан бошланган тобелик қарийб 130 йил давом этди. Миллатимиз мустақиллигини йўқотгач, тилимизнинг эркинлигигача бой берилди. Бир вақтлар араб ва форс тилларидан кириб, туркий ёзма ва оғзаки нутқимизни бойитган, ўзлашиб, ҳатто, ўзимизникидай оҳанг таратган сўзларгача озор чекди. Бошқача айтганда,тилимиздаги сўзларга эскиргандек, кераксиздек менсимасдан қаралди. Сўзлашиш-у ёзишда фаол сафларда туришига имкон бермаслик ҳолати вужудга келди. Билъакс, русча- инглизча сўзларни қўллаш урфга кирди. Ҳақ-ҳуқуқсиз халқимизни, унинг тилини истаса ҳам, истамаса ҳам "тараққиётга тўғаноқ" бўлмасликка мажбур қилинди.
Бундай харакатлар, табиийки, тез фурсатда ўз мевасини берди: тилимиздаги қатор-қатор сўзларимиз истеъмолдан чиқиб, архаиклашди. Ўтган асрнинг бошларида фаол ишлатилган бир қатор сўзлар ўз ўрнини "замонавий" сўзларга бўшатиб берди.
Масалан: бўнак, товон пули, чипта, туман, кирим, чиқим, кашшоф, зобит, заҳира, муаллиф,танқидчи каби юзлаб сўзларимиз ўрнига аванс, компенсация, билет, район, приход, расход, пионер, офицер, запас, автор, киритик сўзлари истеъмолга киритилди.
Шу тариқа ўз сўзларимиз ўгайлатилиб, ўрнига ўзгаларники тиқиштирилди. Бундай сўзларнинг сафи тобора кенгайиб бораверди.
Яхши биламизки, дунё тиллари бири биридан ранг олади, тилларнинг ўзаро ижобий таъсири табиий равишда ва умумқонуниятлар асосида рўй беради. Бу - одатий ҳол. Лекин ўзимизда ўша бегона сўзларнинг хизматини аввалдан қилиб келган кўҳна ва тушунарли сўзларимиз бўлатуриб, русчасини, мос тушса-ю тушмаса, ишлатиш салбий оқибатларни келтириб чиқарди. Шундай бўлсада, тилимизга четдан сунъий равишда сўзлар олиб кириш жараёни ўтган асрнинг иккинчи ярмидан гўё ҳаёт талабидек мажбуран тезлаштирилди. Энг ачинарлиси, рус тилида мажлислар ўтказиш, маълумотномалар тўлғазиш, аризалар ёзиш тартиби жорий қилингани бўлиб, бу оддий халққа сунъий равишда қийинчилик туғдирарди. Хатарли жиҳати шунда эдики, "улуғ оға" ниқобидаги ўртоқлар келгусида миллатларнинг бир-бирига яқинлашиши, кўшилиб кетиши, ягона оилада ягона тилда алоқа қилиб яшаши лозим деган сира қуюшқонга сиғмайдиган сиёсат олиб боришдан заррача тап- тортишмади.
Бизга бугун аниқ ва равшанки, йигирманчи аср бошларидан ҳукмронликни қўлга олган Советлар (шўролар)нинг "ғамхўр" ва "меҳрибон"лиги (асл моҳиятан зулмкор ва зуғумкорлиги) тобе Ўзбекистон ва унинг туб аҳолиси - ўзбекларнинг, айни маҳалда ўзбек тилининг ҳаётида ўчмас қора излар қолдирди. Зўравонларнинг "тараққийпарварлик" ниқоби остидаги турғунлик ва инқирозга маҳкум этувчи худбинлик сиёсати тилимизни сиқиб қўйди. Русча сўзлашув ва русча ёзишув тамойили тартибга айлантириб борилгани сайин она тилимизга эътибор анчайин сусайди. Тилимиздан меъёрсиз, сунъий ва расмий равишда русча сўз ва иборалар ўрин олавергач, ўзимизнинг кўҳна сўзларимиз, атамаларимиз, ибораларимиз улар соясида қолиб сўлди.
Яширишдан на хожат, яна бир аччиқ ҳакиқат шуки, ўз она тилимизни иккинчи даражали тилга айланиши кўпчиликни ташвишга солмасдан, ҳатто фахрлантириб турарди. Русчани яхши биладиган, бийрон-бийрон гапирадиган ва ёзадиган кишилар билимдон-у доно ҳисобланарди. Улар энг замонавий, энг маданиятли кадрлар сифатида қадрланишди. Бу билан бизни ўзлигимиздан маълум даражада мосуво қилишга эришишди.
"Ойни этак билан ёпиб бўлмайди", "Қуёш қораймас" каби нақл ва иборалар ижодкори бўлмиш ўзбек халқи энг қийин чоғларида ҳам барибир ўзлигини бой бермасликка интилди. Аждодига, миллатига, ўтмишига, эл-юртига содиқ одамларнинг фидойилиги билан ўзлигимизни, тилимизни, динимизни, иймон-эътиқодимизни сақлаб қололдик, албатта.
Ўтган асрнинг 80-йиллари охирларида жамиятдаги ўзгаришлар тилимиз ҳаётида ҳам юзалана бошлади. Ўзини Ўзбекистоннинг чинакам эгалари, ўзбекларнинг улуғ аждодларига муносиб авлодлари деб санаган шаҳд-у шижоатли, жазм-у журъатли, янгиликка, ўзгаришларга ўч, жонкуяр фарзандлари, илғор фикрли пешқадам раҳбар-у зиёлилари жамиятдаги номақбул ҳолатга зийрак кўз билан боқдилар. Шахсан Ислом Абдуғаниевич Каримов Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи котиби этиб сайлангач, орадан тўрт ой ўтибоқ, миллатдошларимиз узоқ йиллар кутган, орзу қилган тарихий ҳужжатга имзо чекди. Бу 1989 йилнинг 21 октябрида қабул қилинган "Давлат тили тўғрисида"ги қонун эди. Ўша кундан эътиборан ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. 1991 йилдан бошланган буюк ва беқиёс ўзгаришлар даври эса, мазкур масалага эътиборни янада кучайтиришни тақозо этди. 1995 йили "Давлат тили ҳақида"ги қонун янги таҳрирда қабул қилинди. Истиқлол арафасида яратилган, истиқлол йилларида қўшимчалари ва ўзгартиришлари билан тўла такомилига етказилган қонун тилимиз тараққиётини таъминловчи кафолатли ҳужжат сифатида ҳамиша катта аҳамиятга эга бўлиб келди.
Истиқлол шарофати билан эски сўзларимизга янги умр бағишланмоқда. Чунончи, туман, вилоят, божхона, муассис, мафкура, мухолиф, талаба, тижорат, тадбиркор, маъво, ширкат, ислоҳот, ҳадис, тамға, таътил, дастур, лавҳ, маҳкама, вазир ва яна кўплаб кўҳна сўзларимиз иккинчи ҳаётини мустақиллик йилларида қайтадан бошлагани ғоят қувончлидир.
Мустақилликкача медицина деб юритилган соҳа ўзимизнинг бобомиз Ибн Синонинг тиб илмини мужассамлаштиргани боис «тиббиёт» сўзи қайтадан таомилга кирди. Айни пайтда табобатга оид қўлланма-ю рисолалар орқали асрлардан-асрларга ўтиб, бебаҳо мерос сифатида бугунгача етиб келган бир талай сўзлар бу борада мутахассисларни ўз соҳаларидаги эски сўзларни ишлатишга чорлаяпти. Ҳаким, ҳамшира, шифохона, бемор, сўзлари анча фаоллашди. Халқимиз азалдан айтиб, қўллаб келаётган ҳафақон, қуланж, сариқ, ўсма, қанд, тепки, чечак, зотилжам каби касалликлар номи яна истеъмолга кирди. Шунингдек, клизма - ҳуқнага, диагноз - ташхисга, анализ - таҳлилга, горчица - ҳанталга, водянка - истисқога, геморрой - бавосилга, ромашка - мойчечакка айланиб улгурмоқда. Чунки, бугунги замонавий врачлар ҳам боболар меросидан бебаҳра эмас. Ва улар жаҳон тиббиёти янгиликлари аввалроқ ўзимизнинг Шарқ табобати билимдонлари томонидан аниқланганлигини, беморларни даволашда қўллашганини яхши билишади. Фахрланиш туйғуси ҳар бир шифокорни аждодлари қўллаган эски, аммо ҳозир ҳам хизматга шай сўзлардан фойдаланишга ундаётгани, айниқса, эътиборли.
Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг 2016 йил 13 майдаги "Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат Ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш тўғрисида" Фармони она тилимизни ўрганиш-у ўргатишни, тадқиқот-у тарғиботни юқори поғонага кўтариш йўлидаги яна бир қутлуғ қадам бўлди. Фармонда белгилаб қўйилганидай: "Биз ажодлардан авлодларга ўтиб келаётган бебаҳо бойликнинг ворислари сифатида она тилимизни асраб-авайлаш, уни бойитиш, нуфузини оширишни ўзимиз учун энг устувор, узвий давом этадиган юксак мақсад деб билишимиз ва бу масаланинг аҳамияти ҳеч қачон эътиборимиздан четда қолмаслиги зарур".
Тил - жонли ҳодиса. У муттасил тараққиётни ёқтиради. Янги-янги сўзлар билан бойитишни, эски, лекин истеъмолимизга яроқли сўзларга янги умр бағишлашга мойилигини, аввало, тилшунос-у адабиётшунослар, қолаверса, бутун халқимиз бирор лаҳза унутмаслиги лозим. Ана ўшанда миллатимиз ва тилимиз мавқеига мавқе қўшилади, олам аро нуфузи тобора ошаверади.
Бугунги кунда барча қадриятларимиз эътиборда. Тилимиз миллатимизнинг руҳини асрлар оша бизга етказиб келаётган энг юксак қадриятларимиздан. Шундай экан, уни авайлаш, парвариш қилиш ўзини ўзбекман деб ҳисобловчи ҳар одамнинг бирламчи вазифаси бўлмоғи лозим.
Абдужаббор ОМОНОВ,
Наманган давлат университети катта ўқитувчиси.