Баъзан шоир девонларини вароқлаб ўтирган чоғимда, унинг байтларидан уфуриб турган оташин қалб ҳароратини, ўтдай жазиллаб турган туйғулар тафтини туяман. Сезимларим кучаяди, вужудимни ҳайрат ва ҳаяжон қамрайди. Теран мулоҳазаларга тўламан. Теран мулоҳазаларга чўмаман. Шоирнинг юрагидаги олов қандоқ ёнгандики, вафотидан беш аср ўтиб ҳам ўқиган инсонларнинг кўнглига туйғулар гулханини чўғлантириб юбораверса...

Бироқ янги аср одамининг юрагига гулхан ёқиш Фарҳод бўлиб тоғдан сув ўтказишдек ўта машаққат. Бугунги "устоз"нинг назарига тушмоқ қийин, бугунги мухлиснинг юрагига кирмоқ қийин, бугунги ошиқнинг "Сенсан севарим"и қулоқларга енгил-елпи эстрада қўшиқларини эслатади. На ёндиради, на куйдиради. Ёки бўлмаса, "қулоқлар" тинг битади, сўзи қадр топмайди, чўпчакдек қабулланади. Бугунги маъшуқ энди Навоийнинг севган нозанинидан андак фарқли, андак журъатли, андак ҳиссиз, кўнгил розлари андак бўлакча, қизлик нозлари андак сохтароқ. Чунки, замон шиддатли, руҳий инқилобларнинг ўзгариш жараёни тезлашмоқда. Шошқалоқлик билан чопиб кетаётган ҳаёт тарзимизда гўё инсоннинг қалби ҳам шошқалоқлик билан чопиб кетаётгандек. Ўйлашга, мулоҳаза қилишга вақт етмаётгандек. Бироқ қаёққа кетмоқдайкин ўша танқис вақт "жаноб"лари. Китоблар дунёсигами, тафаккур уммонигами, ё бўлмаса дала-даштда кетмон кўтариб, боғ яшнатишгами, балки ҳаммадан кўпроғига ва мўлроғига эга бўлиш, тараққиётнинг барча имкониятларидан фойдаланиб қолиш учун электрон "бозор"га чопаётгандир.

Яна бир гап. Шундай одамлар борки, улар "дунё бозори"да руҳсиз тана сингари ҳиссиз ва қалбсиз "юриб", оламдан ўтиб кетадилар.Улар яшаётгандеклару, яшамайдилар аслида. Вақтнинг бешафқат шамолида умрлари хас-хазонлар янглиғ супурилиб кетади. Кўплар буни билиб-билишмайди, билганлар ҳам "ҳаёт шуда" деган саёз тушунчадан таскин қидирадилар. Бундай қараганда:

XXI аср - тезкор ахборот алмашинувлари ва техника, роботлар асрига айланмоқда.

XXI аср - ривожланиш, тараққиёт сари кескин қадам ташламоқда.

XXI аср - "қалбга ҳужум", "онгга ҳужум" "руҳиятга ҳужум" қилишга ўтмоқда. Инсоният олдига мураккаб дид, мураккаб танлов, мураккаб дифференция (фарқлаш) масалаларини қўймоқда.

Демак, дунёга ҳушёр кўз билан боқиш керак. Демак, оқни қорадангина ажратиш энди етарли эмас. Демак, ҳар қандай ривожланишнинг ҳам ижобий, ҳам салбий томонлари бор. Буларни фарқлаш учун эса, яна ақлни қаттиқроқ пешлаш керак. Табиат бизга инъом этган онгни янада кўпроқ ишлатиш лозим. Тайёр ахборотлар қалашмасини радиодан, телевидениедан, интернетдан мияга жойлаб олиш олтин сандиқни керагу нокерак нарсалар билан тўлдиришга тенг. Ахборот хуружи тобора авжланаётган тезкор замонда жаҳолат гирдобига тушиб қолмай, маърифат майдонидан нажот излашимиз, тараққиётга хизмат қиладиган ақлий таянчни ярата олишимиз шарт. Акс ҳолда, бой берилган вақт олдида, имконият олдида, давр олдида тафаккуримиз торлигидан ожизланиб қолаверамиз.

 

ШОУ-БИЗНЕС ҚУТҚУСИ...

Таниқли рус ёзувчиси Валентин Распутин ўтган асрнинг 80-йиллари бошида: "Пушкиндек даҳолар энди чиқмаслигига сабаб, бугунги кун болалари Ариадна Родиовнанинг эртакларини эмас, Алла Пугачеванинг қўшиқларини тинглаб улғайяпти" деган фикр билдирган экан. Чинданда, санъат сохталашган, санъат камёблашган, санъат саёзлашган жойда тубанликка йўл очиқ, жаҳолат тантана қилади. Ҳиссизлик одам борлиғини эгаллайди. Ҳозирги даврда шоу-бизнесга қайсидир даражада алоқадор бўлмаган одамни, айниқса ўсмирни топиш мушкул ва энг ёмони шундаки, мусиқий янгиланиш ва дастурларнинг ўзгариб бориши, тобора бизнесга айланаётгани унга мухлис бўлаётган ёшларда танқидий фикрлаш қобилиятини чеклаяпти ва енгил-елпи феъл-атворни маъқуллашга ўргатаяпти.

Чунончи, жаз, гот, панк, хип-хоп каби мусиқа жанрларининг ривож топаётганидан омма диди бугун нимани талаб қилаётганини сезиб олиш мумкин. Ёки бўлмаса, мисол учун олайлик, бугунги "юлдузвой" ва "юлдузхон"лар томонидан энг кўп чайналган, чайналгани сайин сийқалашган мавзулар "Кабутарим", "Алданган қиз", "Хиёнат"га ўхшашлари бўлиб, улар тезкор ахборот алмашинуви, визуал алоқалар орқали оммалашмоқда ва буларнинг тобора шиддатли тус олаётгани жамият ҳаётини издан чиқариб, ёшларни йўлдан уриш воситасига айланаётгани ҳар қандай кишини ҳам ташвишга солиб қўйиши табиий. Бугун "Чўнтакбоп ижод намуналари" кишилар юрагида енгил-елпиликка нисбатан майл уйғотмоқда.

Шуни ҳам таъкидлаб ўтмоқ жоизки, шоу-бизнес оламининг ўзлигимизга салбий таъсири кейинги йилларда сезиларли даражада ошди. Катталарнинг "дардини" кўрсатаётган сериалларни, клипларни томоша қилиб улғаяётган болаларни эса эртак ва маталларга ишонтириш даргумон. "Ур тўқмоқ", "Қайнар ҳумча", "Очил дастурхон" ҳақидаги гаплар улар учун ҳайратланарли ва сирли бўлиб туюлмай қўйди, "Бойчечак", "Лайлак келди"ларни куйлагиси йўқ, "Чучвара қайнайди", "Читтигул"ларга ўйнагиси йўқ. Уларни кўпроқ Вандамнинг киноларию, ўргимчак одамнинг агрессивликка тўлиб тошган лавҳалари қизиқтиради. Баъзан айрим "ижод" маҳсулларига эътибор бериб қарасак, улар носоғлом қарашларни тарғиб этаётгандек туюлиб кетади гўё.

Энг ачинарлиси шундаки, кичик мактаб ёшидаги ўқувчилар хотирасининг муҳим хусусиятларидан бири - сўзни мантиқ ва маъносига тушуниб эслаб қолиш салмоғининг ортишидир. Яъни улар ўзининг олдида ҳар куни қандайдир биронта янгиликни очиб берадиган теварак-атрофдаги оламни жонли қизиқиш билан идрок қиладилар. Бола мактабда ўқий бошлар экан, конкрет тафаккурга эга бўла боради, ҳодисаларни ташқи томондан билишдан аста-секин уларнинг моҳиятини билишга, муҳим хусусият ва белгиларни тафаккурда акс эттиришга ўтади. Бу эса дастлабки умумлаштириш, биринчи хулоса чиқариш, дастлабки солиштиришларни ўтказиш ва содда хулосалар чиқазиш имконини беради. Шундай кезларда ҳаётдан ўрин олган шоу-бизнеснинг "заҳарли газ"лари эндигина тупроқдан бош кўтариб унаётган жажжи куртакларни ҳам "заҳалаб" қўяётганга ўхшайди. Агар шундай бўлса, бунга томошабинлик асло ярамайди. Ё шоу-бизнесдан болаларни асрашимиз керак, ё шоу-бизнеснинг "заҳарли газ"лари таралишига тўсиқ қўймоғимиз зарур. Бу борада кечикиш қимматга тушиши турган гап.

Манзура АБДУЛЛАЕВА.

(Давоми келгуси сонда).