Бизнингча, дунёнинг икки безаги мавжуд. Жонзотлараро инсонлар бўлса, ўсимликлар ичра гуллардир. Бири бирисиз нотўкис, бири бирисиз ғариб. Гўё эгиз яратиқдай ёнма-ён яшашдан яйраб-яшнашади. Улар учун фасллар бедахл. Қишнинг қаҳратонигача айролашга ожиз. Эркагу аёл, йигиту қиз ўзининг иссиққина хоналарига кўчиришади чиройбахш ва шодликбахш дўстларини. Зоти шариф инсонлар қайси миллатга мансублигидан қатъий назар, гулларга шайдолиги аён ҳақиқат. Гуллар ҳам навлари қанақа бўлишига қарамай, инсон меҳрини туйса бас, япроқлари барқ уради, шохлари ғунчалайди, қатма-қат бағридаги гўзаллик уйғонади кўз ўнгимизда.

Ўзбекистонимизда шаҳарлар кўпу, бироқ улар атамасига элдошлар томонидан, аҳли башар томонидан худди узукка кўздек монанду муносиб таърифу тавсиф муҳрлаб қўйилганлари бармоқ билан саноқли. Бухоро шариф шаҳарлар қаторида тилга олинса, "Самарқанд сайқали рўйи заминаст" дея эътироф этилади. Бизнинг Наманганимиз эса, гулмаконга қиёсланади. Бундай машҳурланув чинакамига ҳаётий асосга эга. Шаҳару қишлоқларимиз азалдан ораста-ю, файзиёб. Ўтган асрнинг 60-йиллариданоқ гулдиёрга, гулшан диёрга айлантириб юборганди халқимиз. Бу ўз-ўзидан шоирларга олам-олам илҳом бағишлаганини яхши биламиз. Наманганимиз ҳусни-тароватининг мадҳига Зоҳиджон Обидов қуйидаги сатрларни битганди:

Наманганим, мунча дилбар бўстонсан,

Ясан-тусан келинлардек дилнавоз.

Чаманлардан яралган соз достонсан,

Булбул бўлиб ҳар гулга куй айтсам оз.

Истиқлол йиллари Наманган ва наманганликлар учун беқиёс ўзгаришлару, беқиёс бунёдкорликлар даври бўлаётганлигидан фахру ғуруримиз кўнгилларимизда беҳаду бениҳоя. Аҳду азмимиз, шаҳду шижоатимиз ҳар жабҳада, ҳар соҳада баланд. Бу давлатимиз раҳбарининг ҳам меҳру рағбатини кучайтиргандан кучайтиряпти, албатта.

"Мен қачонки, гўзал ва бетакрор Наманган заминига келсам, бу ерда кўча ва хиёбонлар, майдонларда яшнаб турган гул-чечакларни, сўлим ва ораста манзиллари кўриб, очиғи, баҳри дилим очилиб кетади, - деган эдилар ўтган 2016 йилнинг 3 ноябрида Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев вилоятимизга ташрифлари чоғида. - Сизлар бир ташаббус билан чиқсангизлар, деган таклифни ўртага ташламоқчиман. Яъни давлат ва жамоат ташкилотлари, айниқса, ёшлар, нуронийлар, гўзал айёлларимиз, қизларимиз кучини бир ерга тўплаб, вилоятнинг ҳар бир шаҳар, туманида республикага намуна бўладиган, мамлакатимизнинг ҳамма еридан одамлар бу ерга келиб завқ оладиган, энг замонавий шаклда "Гуллар боғлари"ни яратсак, Наманганга ярашадиган иш бўлур эди". Ҳамюртларимиз билан учрашув чоғидаги мана шу эътибору даъватлар барчамиз учун айни муддао бўлди. Юксак ишонч - юксак масъулият эканини чуқур англаган гулга шайдо наманганликларнинг каттадан кичиги 2017 йил баҳорини ҳар қачонгидан бош­қача йўсинда кутиб олишди. Қишдаёқ гул байрамига тараддуд бошланиб кетди. Иссиқхоналарга бир йиллик турли-туман гул уруғлари сепилди. Улар тўла ундирилди, яхшилаб парваришланди. Бугун эса, ўша гўзаллик тимсоллари хиёбонларимизни безаган. Кўча бўйларида ранго-ранг лентадек тизилишган. Махсус мосламалардаги саватчалар ва тувакларда оқ, пушти, қизил, сафсар, сариқ тусдаги гуллар мафтункор манзара кашф этиб, идоралар, ташкилотлар ва муассасаларнинг олди кўркига кўрк, тароватига тароват бағишлаётгани кимларнинг ҳавасини келтирмайди, дейсиз.

Гуллар, гуллар, гуллар! Қаёққа қарамайлик, сержило ва сержилвалиги билан нигоҳларимизни ўзларига тортади. Наинки шаҳар боғида, наинки шаҳарнинг кўчаларию хиёбонларида гул байрами, гул базми. Худди гулдиёр андозасига уйғунона ҳолатда Уйчига, Норинга, Чортоққа, Янгиқўрғонга, Косонсойга, Тўрақўрғонга йўналган йўлларнинг икки қирғоқларигача гулларга бурканган. Барча туманларнинг марказларидан тортиб, қишлоғу маҳаллаларнинг гузарларигача байрамона безак, гулсевар одамларда байрамона кайфият ҳукмрон. Инсон қўлларининг буюк яратувчиликка қодирлигидан бугун Наманганимиз бутун Ўзбекистонга довруқли гулшан диёрга айлангани қутлуғ бўлсин, азиз ҳамюртлар!

Манзура АБДУЛЛАЕВА.