Ҳазрат Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал Бухорий мажмуасини айланиб табаррук хоклари зиёратига кирдик. Ривоят қилишларича, қабрга қўйилганларидан сўнг қабрларидан хушбўй ҳид чиқиб турган ва кечаси қабрнинг тўрт бурчагида илоҳий нур пайдо бўлган экан. Орадан минг йиллар ўтса ҳамки, одамлар табаррук қадамжога талпиниб келадилар. Мус­тақиллигимиз шарофати туфайли Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов раҳбарлигида яратилган лойиҳа асосида энг қисқа муддат 8 ойда қайтадан барпо этилди.

Самарқанд шаҳрида ҳам Республикамизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида тарихий обидаларию, муқаддас зиёратгоҳларини асраб-авайлаш ва ободонлаштириш борасида беқиёс ишлар амалга оширилганлиги яққол кўзга ташланиб турибди. Самарқанд шаҳри чинакам мафтункор тусга кирибди. Бир томондаги тарихий ва бир томонда замонавий биноларга боқиб, бугунги замондошларимизнинг аждодларимизга муносиб авлодлар бўлишаётганидан, беқиёс яратувчилик куч-қудратига эга эканликларидан кўнгилларимизда ғурур уйғонди.

Шаҳарга кириб бориб, саёҳат ва зиёратимизни давом эттириш чоғида яна кўп янгиликларга гувоҳ бўлдик. Амир Темур, Бибихоним мақбаралари, Шоҳизинда мажмуаси, Регистон майдони, Улуғбек расадхонаси, Ҳазрати Хизр мажмуаси, Хўжа Дониёр мақбараси, Амир Темур, Улуғбек ҳайкаллари биз зиёратчиларни ҳайратимизни янада кучайтирди. Қисқа даврдаги ўзгаришлардан, шу юртнинг фуқаролари эканлигимиздан дилларимиз қувончларга тўлди. Бунёдкор халқимиз ҳаётига истиқлол беқиёс ўзгаришлар олиб келганининг шарофати эканлигини дил-дилдан ҳис этдим.

- Самарқанду Бухорога ҳам зиёратимиздан бир олам таассурот туйдим, - деди ходимамиз Машҳура Пўлатова. - Уйга келиб, кўрганларимни оиламиздагиларга ҳам тўлиб тошиб сўзлаб бердим.

- Бу галги саёҳатимдан кўзда тутган мақсадим, Республикамизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг қабрларини зиёрат қилиш эди. Аллоҳга шукр, ниятим ижобат топди-дейди сафардошимиз Роҳила Алиқулова. - Истиқлолимиз асосчиси, хал­қимизнинг буюк йўлбошчиси қалбимизда бир умр абадий яшайди. Шундай саёҳат ва зиёратни бизларга ташкил этган раҳбарларимизга ҳам барчамиз чексиз миннатдорчилик билдирамиз.

Наврўзолди сафаримиз ана шундай ғоят хайрли ва мароқли кечди. Гўё тарихимиз билан юзлашдик, гўё боболаримиз билан ғойибона сўзлашдик. Шундай дориломон замонда яшаётганимиздан кўнгилларимизда адоқсиз шукроналар туйдик.

Рустамали МАМАДАЛИЕВ,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси.