Бухорода таваллуд топиб, камолга етиб, ўрта аср Шарқининг катта илмий марказларида фаолият юритган бобомиз оламга таниқли қомусий олимлар қаторидан ўрин олган эди. У илмий ижодини 16 ёшдан бошлаган бўлса, умрининг сўнггигача 41 йил давомида 450 дан ортиқ асарлар битгани турли манбаларда қайд этилган. Бизгача эса 242 ( 160) таси етиб келганлиги айтилади. Шулардан 80 таси фалсафага, 43 таси табобатга, қолганлари мантиқ, психология, табииёт, астрономия, кимё, мусиқа, ахлоқ, адабиёт ва тилшуносликка оиддир. Афсуски, ҳали уларнинг ҳаммаси ҳам етарлича ўрганилган эмас. Кўпгина асарлари ер юзининг турли мамлакатларида қайта - қайта нашрдан чиқарилганига қарамай, яна аксарият рисолалари ҳанузгача қўлёзма ҳолида ўз тадқиқотчиларини кутиб ётибди.
Ибн Синонинг илмий меросини шартли равишда тўрт қисмга бўлишимиз мумкин. Фалсафий, табиий, адабий ва тиббий соҳаларга бағишланган. Уларнинг ҳар бирида донишмандлик, чуқур илмий тафаккур мужассам.
Биргина тиббиёт ривожига қўшган беқиёс ҳиссасининг ўзиёқ Ибн Синонинг юксак даражадаги олимлигидан далолат беради. У яшаган даврда антик алломаларнинг, жумладан Гиппократ, Гален, Диоскорит ва бошқаларнинг таълимотлари устувор эди. Ибн Сино ҳам ўшаларнинг издоши сифатида илмий фаолият билан шуғуллана бошлаган. Аммо Ҳиндистон, Хитой, Ўрта Осиё, Шарқ олимларининг қарашлари ҳамда ўз тажрибасию билимлари устунлигида тиббиётни ривожлантирди.
Бобомиз беқиёс шуҳрат қозонишининг етакчи омилларидан бири - унинг тиб назарияси, хусусан, анатомия, яъни инсон гавдаси тузилишини мукаммал билганлигидир. Бош суягининг, тишларнинг тузилиши тўғрисида у Галенга эргашган ҳолда тўғри фикрлаган. Кўз ҳақида ёзганлари эса, ҳозирги замон офтольмологиясига яқиндир. Асаблар, қон томирлар ва мушакларнинг тузилиши, вазифаси тўғрисидаги фикрлари анатомиянинг амалиётга узвий боғлиқлигини исботлаб беради. Бу билан амалий анатомиянинг асосчиси дея тан олинган рус олими Н.И. Пироговни Ибн Синонинг издоши дейишга ҳақлимиз.
Аслида Ибн Сино жаҳондаги тиббиёт олимларининг пешқадамидир. У ўткир диагност даражасига кўтарилганди. Баъзи ташҳис усуллари ҳозир ҳам амалда. Чунончи, перкуссия - аъзога уриш орқали касалликни аниқлаган. Асцит ва метеоризмни фарқлашда, истисқони аниқлашда қоринга секин уришни қўллаган. Бу усул 600 йилдан кейин веналик табиб Леопольд Ауэнбруггер томонидан қайта кашф қилиниб, орадан ярим аср ўтгачгина амалиётда фойдалана бошланган. Диабетни даволашда сийдик ва нажасга қараб Ибн Сино ташҳис қўйган бўлса, 1775 йилда инглиз олими Добсон сийдик таркибида қанд моддаси бўлишини аниқлайди.
Шунингдек, бобомиз вабо билан ўлатни фарқлаган. Юқумли хасталикларга чалинганларни бошқалардан ажратган ҳолда сақлаш шартлигини уқтирган. Қутириш касаллигини тавсифлаб берган.
Ибн Сино беморларни даволашда 3 нарсага катта аҳамият қаратган. Улар парҳез, дорилар билан муолажа ҳамда тиббий тадбирлар - қон олиш, банка қўйиш, зулук солиш кабилардан иборат.
Олим жарроҳлик борасида ҳам жиддий фаолият юритган. Йирингли шишларни куйдиришни пичоқ билан ёриш, бавосил шишларини тикиш, тампон, ўткир модда ва тикиш билан қон тўхтатиш, томоқни кесиб, най қўйиш билан шуғулланган.
Елка суягининг чиқишини оддий босиш билан даволаш ҳозиргача "Авиценна усули" дея аталади. У ўзи ихтиро қилган ёғоч мосламадан фойдаланиб, беморларни даволаган. XV асрга келибгина бу усулни француз табиби Кало қайта кашф этган. Суякларни гипслаш Ибн Сино томонидан кенг қўллангану, бироқ, Ғарбга ёйилмаган кўринади. Негаки, европалик табиблар 1852 йилдан янги ихтиро тарзида шуни шикастлаганларда қўллашни ўзлаштиришган.
Бобомиз гиёҳларнинг беқиёс билимдони ҳам бўлган. У турли туман ўсимликларда дори-дармонлар тайёрлаб, даволашда оқилона ва муваффақиятли фойдаланган. Натижасини келгуси авлод учун ёзиб қолдирган.
Ибн Сино атиги 57 йил умр кўрганига қарамай, ўзининг ҳаётини инсоният ақл-заковати маҳсули илм-фаннинг юксалишига тўла-тўкис бағишлай олди. Унинг айниқса тиббий таълимоти инсоният учун абадул-абад хизмат қилаверади. Бу, бизлар учун бағоят фахру ғурур уйғотади.
Аждодларнинг ибрати авлодлар учун сабоқ мактаби эканини ҳисобга олсак, бобомизнинг буюк тарбиячилик даҳоси ҳамиша боқийдир.
Улуғ инсонлар ўзларининг бетакрор умрларини фақат эзгу ишларга бағишлаши билан ёруғ оламда ўчмас из қолдирадилар. Ибн Сино ҳам шундай ўчмас излар соҳиби. Унинг беназир юксак даҳоси олдида Шарқу Ғарб олимлари ҳозиргача таъзимда, десак ҳам асло бўрттириш эмас. Балки ҳаётий ҳақиқатдир.
Бир гуруҳ олимларнинг илмий асосланган фикрлари асосида бобомизнинг ҳайкал - бюсти, бадиий портрети яратилди. "Даҳонинг ёшлиги" номли тарихий-биографик бадиий фильм суратга олинди.
Жаҳонга машҳур швед олими Карл Линней дунёда биринчи бўлиб, ўсимликларнинг илмий таснифини берар экан, ХVIII асрдаёқ йилнинг тўрт фаслидаям ям-яшил тусда турувчи тропик дарахтлардан бирини Ибн Синонинг абадияти учун Авиценна дея номлаган. Бухородаги Афшона қишлоғига маҳобатли ҳайкали ўрнатилган. Музей ташкилланган. Шунингдек, Бельгиянинг Кортрейк шаҳрида ҳам бобомиз ҳайкали қад ростлаб турибди. Тожикистондаги тиббий олийгоҳ Ибн Сино номидадир. Ўзбекистондаги нашриёт, санаторий, кутубхона, мактаб ва кўчаларгача тиббиёт алломасининг номлари билан аталиб келинади.
Юртимизда "Ибн Сино" халқаро жамғармаси фаолият юритяпти. "Ибн Сино" ва "Сино" халқаро журналлари чоп этилмоқда.
Шу йилнинг 15-16 майида Самарқанд шаҳрида "Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти" мавзусида халқаро конференция бежиз ўтказилмади. Чунки, Ўзбекистон буюк алломалар юрти, Ибн Сино юрти. Президентимизнинг ўз нутқларида беҳад фахру ғурур билан гапирган гаплари ўзбек халқининг кўксини яна бир бор баланд кўтариб юборгани шак-шубҳасиздир.
Содиқ Сайҳун.